Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири лавозимда юксалди, ўрнига Абдусалом Азизов вазир этиб тайинланди

Article

Генерал-майор Адҳам Аҳмадбоев 2013 йил 13 декабрда Ўзбекистон Ички ишлар вазири сифатида иш бошлаганди. Вазирлик даврида Адҳам Акромович ўзининг талабчанлиги,  қонунни қўпол равишда бузган ходимларга нисбатан  ўта қаттиққўллиги билан кўзга ташланиб турди. Айниқса, 2014 йили май ойида Тошкент шаҳрининг Йўл Ҳаракати Хавфсизлиги ходимларини “Туркистон” саройига йиғиб, иш фаолияти мониторингининг видео хулосасини намойиш эттирган, очиқдан очиқ пора олаётгани тасвирга туширилган ходимларни ўша ернинг ўзидаёқ ишдан бўшатгани хотирланади...

Адҳам Аҳмадбоев  Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва назорат идоралари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича давлат маслаҳатчиси этиб тайинланди деб хабар қилди интернет ахборот манбалари.

Ҳозиргача Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи сифатида фаолият кўрсатиб келган Абдусалом Азизов Ўзбекистон Республикаси ИИВ раҳбари лавозимида иш бошлагани айтилмоқда.

Абдусалом Азизов Жиззах вилояти ички ишлар идорасини бошқаришдан олдин турли йилларда Тошкент шаҳар ИИБ бошлиғи, республика Ички ишлар вазири биринчи ўринбосари, "Ўзбекнефтгаз" миллий Холдинг компанияси раиси ва "Ўзбекнефтмаҳсулот" компанияси раҳбари лавозимларида фаолият юритган.