Сурияда уруш тугади! Путин, браво!

Сўнгги йилларда Ўрта Шарқ ҳаётини зулматга айлантириб келаётган Суриядаги фуқаролар уруши ўз ниҳоясига етган кўринади. Россия президенти Владимир Путин Башар Асад бошчилигидаги ҳукумат қўшинлари ҳамда мухолафатчи жангарилар ўртасида сулҳ тузишга эришилганини эълон қилди дейилади Медуза ахборот сайти хабарида. Бугун тунги соат 12:00 дан бошлаб томонлар ўқ отишни тўхтатиш борасида келишув имзоладилар. Бу шартни бажармайдиган мухолафатчи гуруҳлар террорист гуруҳлар сифатида қабул қилинади.  Келишувга Асад тарафи учун Россия, мухолиф кучлар учун Туркия кафил сифатида қўшилдилар. Сулҳ Россия, Туркия ва Эрон воситачилигида амалга ошгани эълон қилинди. Келишувнинг асосий шартларидан бири Башар Асаднинг давлат бошида қолиши бўлди.

Россия йигирма биринчи асрдаги энг йирик ташқи сиёсий ғалабаларидан бирига эришди. Агар бу ғалаба фақат Россиянинг манфаатини кўзлаган бўлганда, балкида одамнинг ғашига тегарди. Лекин, бу ерда руслар инсон манфаати, дунёда тинчлик, мустақил давлатларнинг мустақил сиёсат юритиш ҳуқуқи каби масалаларни ҳар ким томонидан тан олиниши кераклигини қабул қилдирдилар. Путин бир гуруҳ давлатлар дунёнинг тақдирини ўзлари билганча ҳал этишларига қарши чиқди ва бунда муваффақиятли бўлди. Бунинг амалга ошмаслиги учун сўнгги йилларда жуда мустаҳкамланиб бораётган Россия-Туркия муносабатларига путур етказишга ҳам уринилди, ва деярли бунга эришилди. Лекин, Путин сиёсат бобида кўпчиликка дарс бера олишини кўрсатиб берди. Браво, Путин!