Парламентнинг тугал таркиби аниқ: Энг ёш депутат 26, энг ёши улуғ ноиб 71 ёшда

 
Сайлов якунларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида сиёсий партиялар қуйидагича депутатлик ўринларига эга бўлдилар:
1. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси  53 та депутатлик ўрни;
2. “Миллий тикланиш” демократик партияси – 36 та депутатлик ўрни;
3. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси  24 та ўрин;
4. Ўзбекистон Халқ демократик партияси – 22 та ўрин;
5. Ўзбекистон Экологик партияси  15 та ўринни эгаллади.
Маълумки, 2019 йил 10 декабрь куни янги таҳрирда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасида Бош вазир номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партия томонидан таклиф этилиши таъкидланган. Ушбу қонунга мувофиқ Бош вазир номзодини кўрсатиш ҳуқуқига Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси эга бўлди.
Депутатларнинг сифат таркибига келадиган бўлсак, Қонунчилик палатасига сайланган 150 нафар депутатларнинг 48 нафари ёки қарийб учдан бир қисмини хотин-қизлар, 39 нафарини ёки 26 фоизини олдин ҳам Қонунчилик палатаси депутати бўлганлар ташкил этади.
Эътиборли жиҳати номзод этиб кўрсатилган амалдаги 42 нафар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларидан 39 нафари қайта сайланган бўлса, 3 нафари етарли овоз тўплай олмаган. Бу ҳам миллий сайлов тарихимиздаги илк бор кузатилаётган ҳолат.
Депутатларнинг 9 нафари ёки 6 фоизи 30 ёшгача, 97 нафари ёки 65 фоизи 30 ёшдан 50 ёшгача бўлганлар ҳамда 44 нафари ёки 29 фоизи 50 ёшдан катта ёшдагилар. Энг ёш депутат 26 ёшда. Энг ёши улуғ депутат 71 ёшда. Депутатларнинг ўртача ёши 46 ёшни ташкил этмоқда.
Ўзбек миллатига мансуб депутатлар 130 нафар ёки 87,0 %ни, бошқа миллат вакиллари – 20 нафар ёки 13 %ни ташкил қилади. Улардан қорақалпоқ ва рус миллатига мансублар 5 нафардан, қозоқ ва тожик миллатига мансублар
3 нафардан, корейс миллатига мансублар 2 нафарни ҳамда 1 нафардан туркман ва қирғиз миллатига мансуб депутатлар ташкил қилади.
Бу ҳам янги парламентимизнинг байналминаллигини ва парламент майдонида барча миллат вакиллари манфаатлари ифодаланишини тасдиқлайди.
Мутахассислиги ва ихтисослиги бўйича энг кўп фан-таълим соҳаси вакилларидир. Улар депутатларнинг 32 нафари ёки 21,3 фоизини ташкил этмоқда.
Шунингдек, депутатларнинг 23 нафари банк, молия ва иқтисод соҳаси вакиллари, 21 нафардан ҳуқуқшунослар ва нодавлат-нотижорат ташкилотлари вакиллари, 12 нафари қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари, 9 нафардан тиббиёт соҳаси ҳамда қурилиш, коммуникация, транспорт ва алоқа соҳаси вакиллари, 7 нафари тадбиркорлар, 6 нафари ОАВ вакилларидир.
Энди 2014 йилги сайлов натижалари билан солиштирадиган бўлсак,
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси етакчиликни сақлаб қолган.
Демакки сайлов натижалари мамлакатимизда Ҳукуматимиз томонидан амалга оширилаётган иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий соҳалардаги кенг қамровли ислоҳотларни халқимиз якдиллик билан қўллаб-қувватлаётганини ёрқин намоён этди.
Шунингдек, эътиборли жиҳати Халқ демократик партияси 2014 йилги сайлов натижаларига нисбатан 5 та депутатлик ўрнини бой берган ва парламентдаги партиялар ичида 4-ўринга тушиб кетган.
3-ўрин эса “Адолат” социал демократик партиясига насиб этди. Улар депуталик ўрнини 20 тадан 24 тагача оширишга муваффақ бўлишди.

Биз Twitterда