Наманганда сенаторлар сайланди


Наманганда Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман кенгашларининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларини сайлаш бўйича қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Тўрақўрғон маданият саройида ўтказилган мажлисда халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман кенгашларининг депутатлари, сиёсий партиялар вилоят кенгашлари, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Қўшма мажлисни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоси А. Исоқбоев очиқ деб эълон қилди. Марказий сайлов комиссияси аъзоси Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14-бобида белгиланган “Сенатни шакллантириш тартиби” билан таништирди.
 
Мажлис раислигига Наманган вилояти кенгашига “40-Уйчи” сайлов округидан депутат О.Маматкаримов тасдиқланди. Кун тартибига қўйилган масала, регламент, ишчи ҳайъати, мажлис котибияти, маслаҳат кенгаши ҳамда саноқ комиссияси аъзоларини сайлаш бўйича таклифлар овозга қўйиш асосида тасдиқланди.

Маслаҳат кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолигига номзоди кўрсатилган депутатларнинг таржимаи ҳоли билан қисқача таништирилгач, уларни яширин овоз бериш йўли билан сайлаш тўғрисидаги таклиф депутатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.
 
Шундан сўнг депутатлар фойеда ташкил этилган овоз бериш кабиналарида ўзлари муносиб топган номзодга овоз берди.

Саноқ комиссияси яширин овоз бериш натижалари тўғрисида тузилган баённомани ўқиб эшиттирди. Унга кўра, кўрсатилган номзодлар – вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, “АНАМЕД” хусусий диагностика марказининг директори Носирбек Абдуллахонов, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлимининг раҳбари Икромхон Нажмиддинов, “Ифтихор кийим саноат” корхонаси раҳбари Анна Добрих, “Наманган ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири Маҳмуджон Парпиев, “Истиқлол дизайн маркази” корхонаси раҳбари Бахтиёр Умаров етарли миқдорда овоз тўплаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолигига сайланди.
 
Депутатлар Сенат аъзолигига энг муносибларни сайлади

Биз Twitterда