Наманганлик муайтайчилар зафари

 
Наманган шаҳридаги Яккураш спорт турларига ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби залида 1999-2000 йилларда туғилган ёшлар ўртасида муайтай бўйича Ўзбекистон кубоги баҳслари ўтказилди.
Мазкур мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан келган икки юзга яқин ўғил-қиз 42 килограммдан +91 килограммгача бўлган 19 та вазн тоифасида ғолиблик учун рингга кўтарилди.
Шарқона яккакураш турларидан саналган “тай-бокс”га кейинги вақтларда юртимизда қизиқувчи ёшлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Қолаверса, муайтай Осиё ўйинлари дастурига киритилганлиги, жорий йилда Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтадиган Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги V Осиё ўйинларида биринчи бор муайтай беллашувлари ўтказилишини айтиб ўтиш жоиз. Айни шу боисдан ҳам Намангада бир ҳафта давомида ташкил этилган мусобақада ҳар бир вазн бўйича рақобат кескин ва муросасиз курашлар остида кечди.
Кубок баҳслари натижаларига кўра, қизлар ўртасида Наманган вилоятидан Гулжаҳон Юнусалиева, Дурдона Давлатова, Андижон вилоятидан Гулнора Юнусова, Севара Ғуломжонова ғолиблик шоҳсупасининг энг юқори поғонасида эътироф этилдилар.
Ўсмирлар иштирокида эса Наманган вилоятидан Босит Абдуалимов, Раҳим Болтабоев, Ўктам Бойматов, Фарғонадан Илҳом Абдураҳмонов, Тошкент шаҳридан Баҳодир Жадигеров, Фахриддин Ҳасанов, Шерзод Эшматов, Андижон вилоятидан Фарруҳ Ўринбоев, Азиз Нурматов, Иқбол Икромов, Самарқанд вилоятидан Давлат Шамсиев, Шаҳзод Воҳидов, Меҳрож Эргашев, Муҳаммад Мирзаев, Хоразм вилоятидан Азиз Мадаминов фахрли биринчи ўринни эгаллашди.
Мусобақада 5 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза медалига эга чиққан наманганлик муайтайчилар умумжамоа ҳисобида кубок ғолиблигини қўлга киритдилар. Самарқанд вилояти ва пойтахтлик спортчилар мос равишда иккинчи, учинчи ўринларга сазовор бўлишди.
Ғолиб-совриндор спортчилар, жамоалар Ўзбекистон ҳаваскор ва профессионал муайтай ассоциацияси ҳамда вилоят ҳокимлиги томонидан кубок, диплом, медаллар, эсдалик совғалари билан мукофотландилар.
Оқилхон ДАДАБОЕВ

Биз Twitterда