Абрамов, Эрматов, Аҳмедов... Улар Наманганнинг "Ёш куч" стадионида

Наманган шаҳридаги вилоят болалар-ўсмирлар футбол академиясига қарашли “Ёш куч” стадиони ҳудудида 250 минг АҚШ доллари сарфланиб барпо этилган янги сунъий қопламали майдон фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлигининг ахборот хизмати хабар бермоқда. 
 
 
Академия тарбияланувчиларига қулай шароит яратиш мақсадида вилоят ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциацияси  ҳамкорлигида ОФК тавсияси билан барпо этилган 110х68 ўлчамдаги сунъий қопламали майдоннинг очилиш тадбирида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов, Ўзбекистон терма жамоаси ва Хитойнинг "Шанхай СИПГ" клуби ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедов иштирок этдилар.
Хайрулло Бозоров ва Равшан Эрматов янги майдон очилиш лентасини қирқиб, рамзий маънода тўпни биринчи бўлиб тепиб беришди.
2018 йилда ташкил этилган Академиянинг турли ёш тоифасидаги жамоалари 2018 ва 2019 йиллар давомида ўтказилган Ўзбекистон чемпионати ва бошқа бир қатор мусобақаларда юқори натижаларни қайд этишди. 
 
 
Хусусан, академиялар ўртасидаги 2018 йилги Ўзбекистон футбол ассоциацияси кубогида 2004 йилда туғилган футболчилар 2-ўрин совриндори бўлишди. Академиялар ўртасидаги 2019 йилги Ўзбекистон чемпионатида 2005 йилда туғилганлар 3-ўрин, 2002 йилда туғилганлар 2-ўрин соҳиби бўлишган бўлса, 16 ёшлик наманганлик футболчилар Ўзбекистон чемпионати ғолиблигини қўлга киритишди. 
Бугун фойдаланишга топширилган янги майдон, Наманган вилоят болалар-ўсмирлар футбол академияси фаолиятини янги босқичга кўтариши шубҳасиз.

Биз Twitterда