Шер, Женнифер Лопес, Княз Чарторийский ва миллионлар

Article

Юқоридаги учликни нима боғлаб турибди: маданият, санъат ва миллионлар. Америкалик таниқли қўшиқчи Шер 5 миллион доллар жарима тўлаш арафасида бўлса, унинг ҳамкасби Женнифер Лопес вилласининг 12 “лимон”га сотувга қўйди. Польшалик санъат шинавандаси Князь Адам Кароль Чарторийский эса 2 миллиард евролик (!!!) коллекциясини ҳукуматга 100 миллион еврога сотди.

Келиб чиқиши арман миллатига мансуб жаҳон эстрадаси юлдузи Шер (Шерилин Саркисян) бундан тўрт йил бурун ишқибозларини ҳурсанд этиб, "Closer To The Truth" номли альбомини сотувга қўйганди. Унинг устидаги имзода қўшиқчи ўзига ёққан "Paris Logo" шрифтидан фойдаланганди. Энди бу унга қимматга тушадиганга ўхшайди. Чунки шрифт муаллифи, график дизайнер – Мошик Надав унинг розилигисиз ўз ихтиросидан фойдалангани учун қўшиқчини судга берди. У Шерни муаллифлик ҳуқуқини бузганликда айбламоқда. “Мен Шер билан боғланиб, масалани тинч йўл билан ҳал этишга кўп уриндим. Лекин ёрдамчилари менинг ёнига ҳам яқинлаштирмадилар. Арзлар ҳавога учди кўп бор”, - дейди исроиллик дизайнер.

Айни пайтда ушбу масала судда кўриб чиқилмоқда. Шернинг эътиборсизлиги унга 5 миллион долларга тушадиган бўлиб турибди.

Женнифер Лопес эса Лос Анжелес яқинидаги маҳобатли вилласини 12,5 млн. долллар эвазига сотувга қўйди. Классик услубда бунёд этилган вилла 12 минг квадрат метрли ҳудуднинг 1500 "квадрат"идан ортиғига жойлашган. У ерда нафақат яшаш шароитлари балки, бошқа эксклюзив қулайликлар ҳам мавжуд.

Хидден-Хиллсдаги ушбу турар-жойни Multiple Listing Service риелторлик агентлиги сотувга қўйган. Музокараларда Лопес манфаатларини Калифорниянинг Berkshire Hathaway Home Services компанияси вакиллари Марк ва Рори Шевинлар ҳимоя қилишади.

Польша ҳукумати умумий қиймати 2 миллиард атрофидаги баҳоланган картиналарни 100 млн евро эвазига сотиб олди.

Коллекция 86 минг экспонатдан иборат бўлиб, улар орасида буюк рассомлар Леонардо да Винчи ва Рембрандтнинг асарлари ҳам мавжуд. Шунингдек, 250 мингдан ортиқ китоб ва ҳужжатлар ҳам давлат тасарруфига ўтган.

Польша маданият вазирлиги ушбу коллекцияни князь Адам Кароль Чарторийскийдан сотиб олган. Князь Адам асарларни яқин вақт ичида Краковдаги музейга қўйиб, халқни поляк меросидан баҳраманд бўлишини истамоқда.

Коллекцияни 1801 йилда Изабелла Чарторийская йиға бошлаган. Унда жумладан, Леонардо да Винчининг машҳур "Хоним ва сувсар" картинаси ҳам мавжуд.