Оилавий "Ҳавас" гуруҳи Наманганда: "Меҳрибонлик уйи"да Мустақилликка бағишланган концерт ва китоблар совғаси

 
Жаҳон санъат оламида ўзига хос ўринга эга бўлиб улгурган, Ҳинд диёри узра концертларида стадионларни тўлдираётган оилавий “Ҳавас” гуруҳи аъзолари Мустақиллик айёми муносабати билан Намангандаги 26-сонли “Меҳрибонлик уйи”да бўлиб, болажонларга ажойиб байрам туҳфаси – жонли ижрода ҳиндча қўшиқлар концерти ҳамда китоблар тўплами совға қилишди.
 
 
Уйчи тумани Ўнҳаёт қишлоғидан бўлган юртдошимиз, рассом, санъатшунослик фанлари номзоди Рустам Эрматов ва унинг фарзандлари – “Ҳавас” гуруҳи аъзолари – “Ниҳол” мукофоти совриндори, кўпгина халқаро ва республика кўрик-танловлари ғолиби, “Дил Ҳаи Ҳиндустани” халқаро кўрик-танлови олтин диски соҳиби Қаҳрамон Ғуломжонов, халқаро мусиқий танловлар ғолиблари Достонбек Ғуломжонов ва Робия Ғуломжоновалар иштирокида “Меҳрибонлик уйи”да ўтказилган ижодий учрашув тарбияланувчилар ёдида бир умр қоладиган бўлди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
 
 
“Меҳрибонлик уйи” санъат гуруҳи аъзолари ижросидаги қўшиқ ва рақслар билан бошланган тадбир, Қаҳрамон Ғуломжоновнинг сеҳрли овоздаги ҳиндча қўшиқларига, Достонбек ва Робиянинг скрипкасидан чиқаётган ажиб садоларга уланди. Байрам шукуҳидан завқланган болалар қўшиқларга ҳамоҳанг рақсга тушишди.
 
 
Рустам Эрматовнинг “Сиз, болажонларнинг қобилиятингиз бизнинг гуруҳдагиларникидан қолишмайди. Ҳали кун келади, бугун бу саҳнада ўрин олганлардан баъзиларингиз дунё мусиқа саройларида концертлар берасиз” деб, болаларнинг чиқишларига берган баҳоси, кўпларнинг кўзини чақнатди.
 
Рустам Эрматов: “Сиз, болажонларнинг қобилиятингиз бизнинг гуруҳдагиларникидан қолишмайди. Ҳали кун келади, бугун бу саҳнада ўрин олганлардан баъзиларингиз дунё мусиқа саройларида концертлар берасиз”
 
 
“Ҳавас” гуруҳи аъзолари “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчиларига 200 дан зиёд бадиий китоблар совға қилдилар. Қаҳрамон Ғуломжонов ўзининг “Парвоз завқи” деб номланган китобини ҳам тақдим этди.
Тадбирда вилоят таниқли ёзувчи ва санъаткорлари, журналистлари ҳам иштирок этдилар.
 

Биз Twitterда