Наманганда "Исҳоқхон Тўра Ибрат" мажмуаси қурилиши бошланди

Article

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев  Наманган вилоятида бўлиб ўтган сайловолди учрашувида бир қатор устувор вазифаларни белгилаб берган эди. Ҳозирда Наманганда мазкур вазифалар ижросини таъминлаш ишлари  қизғин давом этмоқда деб хабар қилади Наманган ҳокимлиги ахборот хизмати.

Мамлакатимиз раҳбарининг  халқимизнинг маънавий-маърифий юксалиши йўлида яшаб ижод этган шахсларнинг хотирасини абадийлаштириш,  омма, айниқса, ёшлар ўртасида уларнинг ҳаёти ва фаолиятини кенг тарғиб қилиш борасидаги қимматли фикр-мулоҳазалари ҳамда вазифа, таклифларидан  келиб чиққан ҳолда  Наманган вилояти ҳокимининг  2016 йил 17 декабрда “Тўрақўрғон туманида “Исҳоқхон Тўра Ибрат”га атаб замонавий боғ, ёдгорлик мажмуаси ҳамда тил ўрганиш бўйича “Исҳоқхон Тўра Ибрат” номидаги мактаб ташкил этиш тўғрисида”ги 457-сонли қарори ишлаб чиқилди. Мазкур ҳужжатга биноан  1862-1937-йилларда яшаб ижод этган буюк илм соҳиби Исҳоқхон Тўра Ибрат хотирасини абадийлаштириш бўйича Тўрақўрғон туманида умумий майдони 2,2 гектарни ташкил этувчи “Ибрат” мажмуасини лойиҳалаштириш ишлари якунига етказилди.

Мазкур мажмуада “Ибрат” музейи (ичида кутубхона ва мутолаа хоналари, экспозицион зал), “Ибрат” тиллар мактаби (21х12 метр зал, 160 ўқувчига мўлжалланган ўқув хоналари, спорт майдончалари), “Ибрат” боғи (Фаввора, хиёбон, Ибрат ҳайкали) қурилиши кўзда тутилган. Қурилиш ишлари эса шу йилнинг  март ойларида бошлаб юборилади.

Айтиш керакки, Исҳоқхон Тўра Ибрат водийда илк бор “Матбаи Исҳоқия” босмахонасига асос солган маърифатпарвар инсон бўлган. У ўша даврдаёқ 7 та хорижий тилни ўзлаштириб, бир нечта ўқув дарсликлари ва бошқа ноёб адабиётларни яратган.


Биз Twitterда