Янги йил совғасига арзирли 5 китоб

Янги йилда яқин кишиларга, дўстларга нима совға қилиш мумкин, кишини нима билан ҳайратда қолдириш мумкин!? Бизнингча, янги йилда китоб инсонга яхши совға бўла олади. Миллий адабиётимиз намуналаримиздан буюк бобокалонимиз Алишер Навоийнинг “Хамса”сини ёки Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома”сини исталган кишига бемалол совға қила оласиз. Бу жуда ажойиб туҳфа бўлиши тайин. Хўш, 2016 йилда шов-шув кўтарган китоблар қайсилар ва яқин ўтмиш ёзувчилари қайси асарлари китоб мухлислари эътиборида турибди? Қуйида туҳфага муносиб китоблар бешлигини эълон қиламиз:

1. “Ҳаёт сабоқлари”. Энн Тайлер

нозик руҳият ва оилавий романлар ишқибозлари учун

Энн Тайлер – оилавий романлар ва нозик руҳият ила ёзилган содда, равон тилли китоб ишқибозлари учун 2016 йил кашфиёти бўлди. Тайлер “Ҳаёт сабоқлари” («Уроки дыхания») китоби учун нуфузли Пулитцер мукофотига лойиқ топилди. Асар сюжети жуда содда, ҳар доимгидек саргузаштларга бой: узоқ йиллик ҳаёт тажрибасига эга оила бошлиқлари Мэгги ва Айранинг бир куни ҳақида ҳикоя қилади. Улар дўстларини сўнгги манзилга кузатишар, набираларининг бузилган оиласини тиклашар, ўғилларининг ҳаётига таъсир ўтказишга муваффақиятсиз тарзда уринишар экан сиз бевосита ўзингизнинг ҳаётингиз, қўлдан бой берган имкониятларингиз ва яқинларингиз ҳақида хаёлга чўмасиз.

2. “HYGGE. Бахт сири”. Майк Викинг

Сиз ҳақиқатдан ҳам бахтиёр қилишни истаган киши учун

 Данияда дунёнинг энг бахтиёр инсонлари яшашади. Буни британиялик тадқиқотчилар тасдиқлашган. Бу мамлакатда кишилар биринчи уйларига камин ва бир йиллик заҳираси билан шам сотиб олишади. Қимматбаҳо ресторандаги ноёб икра ва шампань виносини рад этган ҳолда уйларида какао ичишни афзал билишади. Дунёдаги ягона Бахтни ўрганиш Институти ҳам айнан шу ерда. Данияликларнинг қонларида серотин миқдорининг кўп бўлиш сабаби нима? Данияликларнинг ўзлари бунинг барини хюгге (hygge) билан боғлашади. Бу сўз данияликлар луғатида 1814 йилда пайдо бўлган бўлиб, бошқа тилларга таржима қилинмайди. Бу нима, хюгге қандай яратиш мумкин ва хюгге ва бахт бир-бири билан қандай боғлиқ, бунга Майк Викингнинг “HYGGE. Бахт сири” («HYGGE. Cекрет датского счастья») китобида жавоб оласиз.

3. “Гарри Поттер ва Сирли хона”. Иллюстратив нашр. Жоан Роулинг

Катталар ва кичикларга бирдек совға бўла олади

Ушбу йилда Гарри Поттер сайёрасидаги асосий кашфиёт кутилганидек саккизинчи китоб - «Гарри Поттер ва лаънатланган ўғил» бўлмади. Жим Кейнинг рангли иллюстрациялари билан қайта чоп этилган иккинчи китоб - “Гарри Поттер ва Сирли хона” («Гарри Поттер и Тайная комната») катта машҳурликка эришди. Яқинда китоб дўконлари пештахтасида пайдо бўлган ушбу нашр, ҳали кўпчиликнинг қўлига етиб бормади.

4. “Money. Пулнинг норасмий таржимаи ҳоли”. Феликс Мартин

Келгуси йили чўнтагида пули бўлишини истаганлар учун

Ҳар йили китоб бозорларига қандай қилиб пул ишлаш, бизнесни бошлаш, пулдор бўлиш сирлари баён этилган кўплаб китоблар келиб тушади. Бундай китоблар кўпчиликда катта қизиқиш уйғотади. Лекин ҳозирга қадар пулнинг тўлиқ таржимаи ҳоли бу қадар қизиқарли ёзилмаган. Энди иқтисодчи ва публицист Феликс Мартиннинг бу ҳақдаги тадқиқоти бор - “Money. Пулнинг норасмий таржимаи ҳоли” («Money. Неофициальная биография денег»). 2013 йилда чоп этилган китоб “Financial Times” версияси бўйича йил китоби дея эътироф этилганди ва нуфузли “Guardian First Book Award” мукофоти финалигача чиққанди. Энди уни рус тилида ўқиш мумкин. 2017 йилда “Vodiy Media” нашриёти ушбу китобни ўзбек ўқувчиларига ўзбекча тақдим этишни режалаштирмоқда.

5. “Оёқ кийим сотувчи”. Фил Найт

 Касбий жиҳатдан мукаммалликка эришишни истаган кишилар ва бошқарувчилар учун

Бир неча ҳафта олдин Билл Гейтс Фил Найт муаллифлигидаги “Оёқ кийим сотувчи” («Продавец обуви») асарини 2016 йил китоби дея эътироф этганди. Унинг рус тилига таржимаси тақдимоти ҳам айнан шу паллага тўғри келди. “Vodiy Media” нашриёти мутахассислари айни пайтда ушбу китобни аслият тилидан ўзбек тилига таржимаси билан шуғулланишмоқда. 2017 йилда ўзбек китобхоналари ушбу асарни она тилимизда ўқиш имкониятига эга бўладилар.

Ҳозирги кунда деярли ҳар бир хонадонда Nike кроссовкалари мавжуд. Бу оддий оёқ кийими эмас, аксинча қулайлик фалсафасининг амалга ошиши ҳамдир. Бундан 50 йил муқаддам ўрта масофага югурувчи ўсмир болакай отасидан ўз орзусини амалга ошириш учун 50 доллар олади. Ва якунда гигант компания асосчисига айланади. Nike компанияси асосчиси томонидан бой маълумотларга тўла қизиқарли тарзда ёзилган китоб шуниси билан эътиборлики, Фил Найт жуда ёпиқ ҳаёт тарзига эга. У ҳақда ОАВда маълумотлар жуда кам.