Таниқли шоир ва журналист, истеъдодли таржимон Карим Баҳриев – 55 ёшда!

Article

Ўзбек матбуоти ва адабиёти ривожига катта ҳисса қўшган,  ўз ижтимоий ва ижодий ҳаётини эл-юрт манфаати учун сарфлаган, “мен”дан кўра “биз”ни кўпроқ ўйлагани учун исмини эмас, фикрларини кўпроқ танилишини истаган инсонлардан бири сифатида билинган қалами ўткир журналист, ҳар бир сатри инсонни тафаккурга чорлайдиган шоир, таржималари аслиятдан кўра кўпроқ ўзига тортадиган таржимон  Карим Баҳриев  эртага 55 ёшни қаршиламоқда.

Турк шоирларидан бирининг шундай сатрлари бор:

Ёш ўттиз беш, йўлнинг ярмини ўтдик,  Данте каби ўртасига келдик умрнинг...

Карим Баҳриевнинг бугунги, 55 ёшдаги ижодий фаоллигини кўриб, у кишининг йўли ҳали ярмига келмаганини, халқ ва миллат учун қиладиган ишлари ҳали жуда кўп бўлишини ҳис этади инсон…

Маълумот ўрнида: Абдулкарим Баҳриддин тахаллуси билан ҳам ижод дунёсида танилган Карим Баҳриев 1962 йил 2 январда Самарқанд вилоятининг Ургут туманидаги Ғўс қишлоғида туғилган. Самарқанд давлат университетида ва Москва давлат университетида таҳсил олган.
1990-1995 йилларда Ўзбекистон мустақиллигини эьлон қилган, Ўзбекистон Конституциясини қабул қилган биринчи парламентимизнинг депутати сифатида фаолият юритган. «Маьрифат» газетасида – Бош муҳаррир ўринбосари, «Хўжалик ва ҳуқуқ» журнали ва «Ҳуррият» газеталарида Бош муҳаррирлик қилган.

 

Ноаён,
Бепоён,
Улкан дунёда
Инсон – бир тўзиган гард каби, эвоҳ.
Миллиард одамларга тўлган дунёда
Ҳеч битта одамни унутма, Аллоҳ.
Кишини ғам билан қолдирма якка,
Ҳеч кимни йўқликнинг қаърига отма.
Номардга – дил бергин, қўл бергин – мардга,
Мени ҳам унутма.

Токим қуёш чиқар ҳар тонг саҳарда,
Коинотда ҳорғин ер кезар токим –
Бу кенг самоларда,
Қаро ерларда
Ўзингсан ҳоким,
Аллоҳим.
Беморга – шифо бер, соғларга – умр.
Ёлғизга – йўлдошу, юпунга – тугма.
Очларга – нон бергин, тўқларга – шукур,
Мени ҳам унутма.

Уйсизга – уй қургин, йўлсизга – йўл бер,
Саҳрога – ёмғиру, тоғларга шамол.
Маддоҳ фаҳм топсин, гунгларга тил бер –
Муаттар сўзларни айтсин бемалол.
Борларга – инсоф бер, ғарибга – сабр,
Ботирга – тулпору, олимга – рутба.
Ким ўлса, бер майин тупроқли қабр,
Мени ҳам унутма.

Ёзда нурлар сочгин, қишда қор ёғсин,
Кўкда – бургут, сувда балиқлар оқсин.
Кар қулоқлар ногоҳ очилсин, Аллоҳ,
Кўр кўзлар ярқ этиб оламга боқсин.
Сендан бошқа ҳеч ким бермас беминнат,
Кимдан ҳам тилайлик, воҳ, сендан бошқа –
Шафқатни ҳеч кимдан сен дариғ тутма,
Адашган барчани ҳақ йўлга бошла,
Мени ҳам унутма.

Нафсимни жиловла ва ҳирсни совут,
Руҳимни чархлагин, кўнглимни кенг қил.
Бешикдан тушганнинг тулпори – тобут,
Бизни ҳам азизлар қошида тенг қил.
Биҳишт ариғидан асал сут ичир,
Тириклик гулини асло сўлитма.
Ғофилни кечиргин, ҳаммани – кечир,
Мени ҳам унутма…
Кечир.

Карим Баҳриев

 


Биз Twitterда