"Афғон шамоли"дан "Дилпора" бўлган адиб  "Дарбадар"ни ёзиб тугаллади

Атоқли ёзувчи “Афғон шамоли” романи билан адабиёт оламида портлаш қилган адиб Исоқжон Нишонов беш ойда тўрт роман ёзиб тугаллади. Айни пайтда ёзувчи яна уч китоб устида ишламоқда.
 
 
“2020 йил мен учун баракали ижод йили бўлди айта оламан. Йил бошидан ҳозирга қадар тўртта романни ёзиб тугалладим. Булар – “Дилпора”, “Миллат виждони” ва  “Афғон шамоли” роман-серилининг 13- ва 14-китобларидир. Бу романлар Тошкентдаги “Ёш куч” нашриётига топширилди.
“Дилпора” ва “Миллат виждони” романлари нашрдан чиқди ва ўқувчилар қўлига етиб борди.   “Афғон шамоли” роман-серилининг 13- ва 14-китоблари эса босмахонадан чиқиш арафасида. Шу кунларда “Афғон шамоли”нинг 15- китоби устида ишламоқдаман. Бу асарни август ойи бошида нашриётган топширишни режалаштирганман.
Шу билан бир қаторда “Дилпора” романининг узвий давоми бўлган “Дарбадар” романини якунлаш арафасидаман. Йил охирига қадар “Муқаддас сафар” романини ўқувчилар ҳукмига ҳавола этаман деган умиддаман”, - дейди Исоқжон Нишонов.
“Дилпора” романи бир аёлнинг изтироблари ҳақида. Фарзанди дардида куйиб адо бўлган, ҳаётнинг одамзот сабри кўтарадиган қанча жабру ситамлари бўлса барини бошдан кечирган, шўро тузумининг чиркин сиёсати ичида умрини ўтказган ва унинг қурбонига айланган, қадр-қиммати топталган Аёл ҳақида.
Онаизорининг мана шундай азобларига гувоҳ бўлган, қорни тўйиб нон емаган, меҳр қўйган жигаридан айрилган қаҳрамон – Анвар тилидан ҳикоя қилинган мазкур китоб каттаю кичик барча ўқувчининг қалбини ларзага солади.
Китобхон умрида рўшнолик кўрмаган, фақат азиз фарзан-ди, нуридийдасининг келажаги ҳақидаги ширин орзугина унинг ҳаётга ишончи ва муҳаббатини сақлаб қолган Аёл мато-натига таҳсин ўқийди.
 “Дарбадар”да эса 80-йиллар бошидан мустақилликнинг дастлабки кунларига бўлган даврнинг энг аянчли воқеалари очиб берилади. Бу романда “Дилпора”нинг бош қаҳрамони Омина онанинг ўғли Анвар давр вакили сифатида майдонга чиқади. Пахта яккаҳокимлиги, айрим раҳбарларнинг ўз мансабларини суистеъмол қилиши асарга асос қилиб олинган.
“Миллат виждони” эса қозоқ халқининг буюк мутафаккири, адолат ва ҳақиқат куйчиси, оташин маърифатпарвар Абай Қўнонбоев ҳаёти ва ижодига бағишланган.
Айни пайтда “Афғон шамоли”нинг 14 китобини етти жилдга тўплаган ҳолда яхлит мажмуа сифатида  чоп этишга тайёргарлик кўрмоқдамиз.
Роман сериалнинг нашрдан чиқаётган охирги икки китобида қаҳрамонимиз -  Бўроннинг махсус топшириқ билан Сурияга ташланиши, ва у ерга адашиб бориб қолган ёшларни ватанга қайтаришдаги жасорати ҳамда Ғофирни Америка ҳарбийлари томонидан қўлга олиниши, Гуантанамога жўнатилиши ҳақида ҳикоя қилинади.  Шунингдек,  асарда Боймирза, Илёс , Бойназар каби янги қаҳрамонлар образи гавдалантирилган.   
Анвар Икромов,
Vodiymedia.uz ахборот портали бош муҳаррири

Биз Twitterда