Ўзбекистон ва Туркия матбуоти ўртасида ҳамкорлик протоколи имзоланди

 
Анқарада Туркия Журналистлар Федерацияси ва Матбуот фонди билан Ўзбекистон Мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ўртасида ҳамкорлик протоколи имзоланди.
“Дўстлик, қардошлик ва касбий ҳамкорликни кенгайтиришга доир ҳамкорлик протоколи” деб номланган ҳужжат, Туркия Журналистлар Федерацияси бош директори Йилмаз Каража ва Ўзбекистон Мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раҳбари Саид-Абдулазиз Юсупов томонидан имзоланди.
Туркия Журналистлар Федерациясининг марказий идорасида бўлиб ўтган имзо маросими чоғида, келгуси, тўртинчи Туркий дунё Журналистлари Форуми Ўзбекистонда бўлиб ўтиши эълон қилинди.
Имзо маросимидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида протоколга оид қуйидаги маълумот берилди:
 
“Икки давлат матбуоти учун самарали бўлиши кутилаётган бу протокол қуйидагиларни ўз ичига олади:
  1. Туркий маданиятнинг умумий қадриятларини асраб-авайлаб, янада ривожлантиришга хизмат қилиш, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги дўстлик ва қардошлик ипларини яна ҳам мустаҳкамлашга доир фаолият ва тадбирлар ташкил этиш,
  2. Туркия Журналистлар Федерацияси ва Журналистлар уюшмаларининг Матбуот фондига боғлиқ ОАВ ва журналистлар билан Ўзбекистон ОАВ ва журналистлари ўртасида ижтимоий ва маданий алоқаларни йўлга қўйиб, касбий ривожланиш йўлида ҳамкорлик қилиш, икки томонлама семинарлар, конференциялар, форумлар каби тадбирларни ташкил этиш,
  3. Туркия Республикаси ҳудудида ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият юритаётган журналистлар ўртасида алмашинув дастурлари ташкил этиш. Бундай алмашинув дастурларида иштирок этадиган журналистларнинг барча йўл, меҳмонхона ва овқатланиш харажатларини қоплаш,
  4. Ўзбекистоннинг тарихий, туристик ва маданий хусусиятларига оид хабарлар, лавҳалар, мақолалар, ТВ ва радиоматериаллари тайёрлаб, Туркиядаги йирик ва маҳаллий ОАВда ёритилишини таъминлаш, айни шаклда Туркияни танитиш билан боғлиқ материалларнинг Ўзбекистон матбуотида чоп этилишини таъминлаш,
  5. Журналистик касбини ривожлантириш ва тажриба алмашинуви масалаларида ташкил этиладиган семинар, форум ва конференцияларда Туркиядан Кастамону университети Коммуникация факультети билан ҳамкорлик қилиш, худди шу шаклда, Ўзбекистондаги университетлардан ҳам ёрдам олиш.
(Ушбу келишув) Мамлакатларимиз учун хайрли бўлсин!

Биз Twitterда