Ўзбекистон фуқаролиги масалаларига оид янги ахборот тизими жорий этилади

Ўзбекистон фуқаролиги масалаларини кўриб чиқишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларни татбиқ этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинади.
Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги масалаларини кўриб чиқишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларни татбиқ этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.
 
 
2020 йил 10 сентябрдан Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Ўзбекистон фуқаролиги масалаларига оид маълумотлар базасини ўз ичига олган “E-Fuqaro” идоралараро ахборот тизими жорий этади.
Белгиланишича, “E-Fuqaro” ИАТ орқали:
фуқаролик масалалари бўйича аризаларни қабул қилиш ва уларни кўриб чиқишни амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни автоматлаштириш;
фуқаролик масалалари бўйича келиб тушган аризаларни идоралараро электрон ҳамкорлик йўли билан манфаатдор вазирлик ва идоралар ўртасида кўриб чиқиш ва тегишли хулосани шакллантириш;
фуқароликка қабул қилиш, уни тиклаш, ундан чиқиш ва уни йўқотиш бўйича ягона маълумотлар базасини шакллантириш амалга оширилади.
Қуйидагилар:
“E-Fuqaro” ИАТ орқали реал вақт режимида маълумотлар базасига киритиладиган давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда идоралараро ўзаро электрон ҳамкорлик орқали айирбошланадиган маълумотлар рўйхати;
“E-Fuqaro” ИАТни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланади.
Белгилаб қўйилишича:
Ички ишлар вазирлиги “E-Fuqaro” ИАТнинг балансда сақловчиси ҳисобланади;
“E-Fuqaro” ИАТни ишлаб чиқиш, кузатиб бориш, таъминлаш ва такомиллаштириш, шунингдек кейинчалик қўллаб-қувватлаш Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан амалга оширилади;
“E-Fuqaro” ИАТни жорий қилиш доирасида масъул вазирлик ва идораларнинг сервер қурилмаларини модернизациялаш ҳамда замонавий технологик қурилмалар билан таъминлаш ҳар бир вазирлик ва идоралар учун бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
2020 йил 1 сентябрга қадар давлат органлари ва ташкилотларининг реал вақт режимида маълумот алмашинуви президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги “Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази” ДУКнинг идоралараро интеграцион платформаси орқали амалга оширилади.
Ички ишлар вазирлигига Давлат хавфсизлик хизмати, Ташқи ишлар вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази, Давлат солиқ қўмитаси, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда доимий равишда идоралараро электрон ҳамкорлик воситасида алмашинадиган маълумотларни янгилаб бориш, олиш ва беришда фойдаланиладиган ахборот тизимларини “E-Fuqaro” ИАТ билан ўзаро мувофиқлаштириш ва назорат қилиш юклатилади.
Ички ишлар вазирлиги Молия вазирлиги ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда:
Ўзбекистон ҳудудида 2020 йил 1 августга қадар бўлган муддатда – фуқаролик масалалари бўйича аризаларни кўриб чиқиш учун зарур бўлган давлат божи тўловларни давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун тўланган давлат божлари ва йиғимлари суммаси ҳисобини юритувчи Ягона биллинг тизими орқали амалга оширилиши таъминлайди;
2021 йил 1 январгача бўлган муддатда – Ўзбекистон ҳудудида фуқаролик масалалари бўйича мурожаатлар Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали, хорижда доимий истиқомат қилаётган шахслар томонидан Ташқи ишлар вазирлиги веб-сайтида жойлаштирилган интерактив консуллик хизмати орқали дастлабки ариза юбориш механизмини шахсан келиб мурожаат қилишни истисно этмаган ҳолда жорий қилади.
Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиш ёки фуқаролигидан чиқариш тўғрисида аризалар бериш учун ундириладиган давлат божи суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:
а) Ички ишлар вазирлиги миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларига ўзи келиб мурожаат этганда:
50 фоизи – Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари ҳисоб рақамига;
қолган маблағлар – Давлат бюджети ҳисобига ўтказилади;
в) ЯИДХП орқали мурожаат этилганда:
10 фоизи – Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги бюджетдан ташқари жамғармасига;
10 фоизи – президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги “Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази” ДУКнинг ҳисоб рақамига;
30 фоизи – Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари ҳисоб рақамига;
қолган маблағлар – Давлат бюджети ҳисобига ўтказилади.
Молия вазирлиги:
Ички ишлар вазирлигининг асослантирилган ҳисоб-китоблари бўйича лойиҳани амалга ошириш учун давлат бюджетидан зарурий маблағларни ажратилишини таъминлайди.

Биз Twitterда