Ураллик меҳмонлар Наманганнинг иқтисодий ва ижтимоий объектлари билан танишдилар

Свердловск вилояти губернатори Евгений Куйвашев раҳбарлигида Наманган вилоятига расмий ташриф билан келган делегация аъзолари дастурнинг иккинчи кунида Наманган шаҳридаги “Art Soft Tex Group” корхонасига ташриф буюрдилар. Бу ҳақда Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди. 
 
 
Дастлаб, шоу-румда бу ерда ишлаб чиқарилаётган турли бичим ва рангдаги сочиқлар, халат, чойшаб ва бошқа маҳсулотлар билан танишилди. Шу ерда корхона томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. “Art Soft Tex Group”нинг кластер усулида тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўяётгани, Мингбулоқ, Поп туманларида пахта учун экин ер майдони тасарруф этиб, чигит экишдан то тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараённи тизимли равишда бошқараётгани уралликларда катта таассурот қолдирди.
 
 
Наманганнинг текстиль саноатидаги довруғи Россия ва МДҲ мамлакатларидан ўтиб, Европага қадар етиб боргани бор ҳақиқат. Свердловск делегацияси вакиллари бунга “IMIR” корхонаси билан танишиш жараёнида амин бўлдилар. Костюм-шим, пиджак, кўйлак ишлаб чиқариш жараёнини бошидан охирига қадар кузатдилар.
 
 
Шундан сўнг, Чортоқ туманида Султон Увайс Қароний ва Сутлибулоқ меъморий мажмуалари билан танишилди. Меҳмонларга ушбу даргоҳларнинг тарихи, сўнгги бир йил ичида зиёратгоҳларда олиб борилган улкан бунёдкорлик ишлари ҳақида маълумот берилди.
 
 
 
 
Куннинг иккинчи ярмида Свердловск вилояти губернатори Евгений Куйвашев раҳбарлигидаги делегация аъзолари Чортоқ туманида барпо этилаётган «Чортоқ ресортс» санаторий-соғломлаштириш марказида бўлдилар.
 
 
Яқин-яқингача қаровсиз бўлган адирлик ўрнида барпо этилаётган «Чортоқ ресортс» санаторийси вилоятда тиббиёт туризми ҳамда экотуризмни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар очиши таъкидлаб ўтилди. Маҳаллий тадбиркор ва хорижий инвесторларнинг 25 миллион долларлик сармояси эвазига 15 гектардан зиёд майдонда бунёд этилаётган замонавий оромгоҳ ўзининг бетакрор табиати, тоза ҳавоси ва мижозлар учун яратилаётган шароитлари билан ураллик меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
 
 
Вилояти Рус миллий маданий марказида Намангандаги рус диаспораси ва марказ фаоллари билан ўтказилган учрашув қизғин ва мулоқотга бой тарзда ўтди.
 
 
Евгений Куйвашев ёшлар билан суҳбатлашар экан, кеча ҳамкасби Хайрулло Бозоров билан Урал давлат тиббиёт университети ва НамДУнинг қўшма тиббиёт факультети биринчи курс талабаларига гувоҳномалар топширилганини, улар икки йил Наманганда, қолган тўрт йилни Екатеринбургда ўқишларини қайд этди. “Сизларни ҳам ушбу факультет талабаси бўлишларингни истайман”, - деди Куйвашев.
 
 
Марказ раиси Володин ёшларни илм олишга иштиёқларини рағбатлантириш учун қатор ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. “Айни пайтда 32 нафар ёшларимиз, Россиянинг турли ҳудудларида олий таълим олишмоқда. Фаолиятимизни изчил давом эттиришимизда вилоят ҳокимлиги томонидан берилаётган амалий ёрдам муҳим аҳамият касб этмоқда. Республикада камдан-кам маданий марказлар Намангандаги каби муҳташам, барча шароитлар билан таъминланган бинога эга. Бу бино ҳокимимиз Хайрулло Ҳайитбаевич томонидан бизга берилган совға десам, муболаға қилмаган бўламан”, - деди Андрей Володин.

Биз Twitterда