Урал-Наманган қўшма тиббиёт факультети талабалари Гиппократ қасамини қабул қилишди

Урал давлат тиббиёт университети ва Наманган давлат университети биринчи курс талабалари вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ва Свердловск вилояти губернатори Евгений Куйвашев ҳузурида бўлажак шифокорлар Гиппократ қасамини қабул қилдилар. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди. 
 
 
Урал ва Наманган олийгоҳлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги қарор 2019 йил январида қабул қилинганди. Кўп ўтмай сентябрь ойида Наманганда икки университет қўшма факультети иш бошлади. Жорий ўқув йилида УДТУга 105 та ўзбекистонлик талабалар қабул қилинди. Улар даволаш иши, педиатрия, стоматология, фармацевтика йўналишлари бўйича билим оладилар.
 
 
Талабалар билан учрашувда сўз олган Хайрулло Бозоров бугунги кунда вилоятимизда Россия олийгоҳлари билан ҳамкорликда бешта қўшма факультет ишлаётганини таъкидлаб ўтди.
“Қўшма факультет Наманган олий таълими тарихида янги саҳифа очди. Биз илк бора тиббиёт соҳасида мутахассислар тайёрлай бошлаймиз Бугунги кунда вилоятимизда жадал ривожланиб бораётган тиббиёт соҳасида замонавий билимларга эга мутахассисларга катта талаб бор”, – деди вилоят ҳокими.
 
 
“Бугун Свердловск ва Наманган вилоятлари янада яқинлашди, бир-бирига қизиқиш ортди. Бу нафақат саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, балки, ижтимоий соҳалар – маданият, таълим ва соғлиқни сақлашдаги ҳамкорлик туфайли юзага келди. Айнан соғлиқни сақлаш соҳасига эътибор шу боиски, бунда инсонларнинг ҳаёти сифатини яхшилаш масаласи каби муҳим масала турибди. Бугунги кунда кадрлар тайёрлаш борасида соҳага энг замонавий технологиялар жорий этилмоқда, янги методикалар қўлланилмоқда”, – деди Евгений Куйвашев.
 
 
Наманганнинг Свердловск вилояти билан тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлиги биргаликда мутахассислар тайёрлаш билан чекланиб қолмайди. Ураллик тиббий техника ишлаб чиқарувчиларининг октябрь ойидаги юртимизга ташрифи чоғида Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан аниқ келишувларга эришилди. Энди тиббий суғурта ва телетиббиётни жорий этиш борасида ҳам ҳамкорлик қилинади. Репродуктив технологияларни жорий этиш борасидаги Свердловск вилояти тажрибасини Наманганда қўллаш масаласи ҳам бугунги кунда истиқболли режа ҳисобланади.
 

Биз Twitterда