Тил – миллатларни боғловчи кўприк

 
Ўзбекистон бугунги кунда дунёнинг энг ривожланган мамлакатлари қатори ёшларнинг билим олишлари учун барча имкониятларни яратиб беришга қодир давлатлардан бирига айланди. Зеро, қайси давлатларнинг ёшлари кучли билим кўникмаларига эга бўлса, айнан мана шу давлатлар бугуннинг қудратли давлатларидир.
Ўзбекистон ёшлари ҳам айнан ўзларининг тилга бўлган эҳтиёжларини мустақиллик туфайли қондириш имкониятига эга бўлдилар. Устозлар эса уларга билим бериш йўлида ўзларининг машаққатли меҳнатларини жон фидо этмоқдалар.
Наманган туманидаги 28-умумий ўрта таълим мактабида ҳам ёш авлоднинг дунёқарашини ўстириш, уларга замонавий билим кўникмаларини эгаллашда кўмаклашиш, хорижий тилларни ўрганишларидаги муаммоларни бартараф этиш йўлида бир қатор ёш ўқитувчиларнинг меҳнатлари сингиб бормоқда.
Мазкур мактабда 2019 йил февраль ойи «Хорижий тиллар ойлиги» деб эълон қилинган бўлиб, «Хорижий тиллар ойлиги» доирасида «Тил – миллатларни боғловчи кўприк» мавзусида вилоят семинари бўлиб ўтди. Семинар давомида мактабнинг инглиз тили ўқитувчилари М.Раззақова, Р.Мақсудалиева ва Ж.Жўраевлар янги инновацион технологиялар асосида очиқ дарсларни ташкил этдилар.
Семинарда иштирок этган Наманган вилоят малака ошириш институтининг ўқитувчилари, Наманган вилоят халқ таълими бошқармасининг мутахасислари, Наманган туман халқ таълими бошқармасининг мутахасислари, вилоятимиздаги бошқа туманлар халқ таълими бошқармаларининг инглиз тили мутахасислари ва бошқа мактаблардан ҳам ташриф буюрган фаолларда семинар ўзгача таассурот қолдирди.
Тадбир давомида ташкилотчилар ўзларининг олдиларига қўйган мақсадлари, яъни юртимизнинг чекка қишлоқларида ҳам тилни ўрганишга катта эътибор қаратилаётганлигини ва бунга ҳар қандай чекка қишлоқ мактабларида имконият етарли даражада эканлигини кўрсата олишга муваффақ бўлдилар.
Юртимизда ана шундай илмий салоҳиятни ривожлантириш йўлида хизмат қилувчи семинарларнинг ташкил этилиши устозларимизнинг билим бериш имкониятларини ривожлантириш учун муҳим аҳамият касб этади.
Жаҳонгир Жўраев,
28-умумий ўрта таълим мактаби инглиз тили ўқитувчиси

Биз Twitterда