Тиланчи қиёфаси остидагилар кимлар?

 
- Она қизларим, илтимос, пулингиз бўлса, йўлкирага озгина беринглар, бозорда ҳамёнимни ўғирлатиб қўйдим, қишлоғимга кетолмаяпман…
Тўғриси, дабурустдан йўлингизни тўсган олтмиш ёшлар чамасидаги аёлнинг бундай илтижоси ҳеч кимни бефарқ қолдирмаса керак. Албатта бунақанги ҳолатга биринчи марта дуч келаётганларнинг аксарияти имкон қадар унинг мушкулини осон қилишга ҳаракат қилиши ҳам тайин. Тўғриси, биз ҳам уни илк марта шаҳарнинг қоқ марказида одамлардан пул сўраб турганини кўрганимизда чорасизлик мажбур қилгандир-да, деб баҳолиқудрат ёрдам кўрсатгандик. Кейинги сафар уни Чорсу бозоридан чиқаверишда учратдик. Уялмай-нетмай яна ўзини оғир аҳволда қолган бечорадай кўрсатиб, раҳмдил одамларни пулини шилишга уриняпти. Уни кузатиб турганимизда ёнимизда автобус кутаётган замонавий кийинган афтидан талаба икки қизнинг сўзлари беихтиёр қулоғимизга чалинди.
- Таниш эмасми? Шевасидан бизни туманданга ўхшаяпти. Адашмасам, аввал уни қаердадир кўргандекман.
-Учқўрғонга кетиш учун йўлкирасига пул сўраяпти, шекилли. Ие, тўхта, бу ҳув анави кунги «Сардоба» бозори олдида йўлкирага пул сўраб турган опа-ку! Ё тавба, кўринишидан туппа-тузук аёл экану, уялмай одамларни алдаб пулини олишини қара-я!
- Назаримда у бу ерда ўзини танийдиган ҳамқишлоқлари учрамаслигига ишонганидан бемалол ҳаммани лақиллатаётгандир-да. Лекин нима бўлганда ҳам хола тушмагур тиланишнинг роса антиқа усулини топибди-да.
-Эшитган бўлсанг, эгнига рўдапо кийимларни илиб, юзини беркитган тиланчиларнинг деярли ҳаммаси мана шунақа «афирис»лар, дангаса ва ғирт текинхўрлар, бунақаларга тийин ҳам эссиз. Қаёққа қарама рўпарангда пайдо бўлади, ярамаслар. Шуларни дастидан ошхонада тинчгина овқатланолмайсан, биров билан кўча-куйда ёки ҳоли ерда хотиржам гаплашолмайсан ҳам ҳатто касалхонадаги беморингни ҳам бемалол йўқлолмайсан. Изғишгани-изғишган. Бу ҳам етмагандек, ҳокимият, суд, ички ишлар, ўқув даргоҳлари, «загс идораси» атрофини ҳатто транспорт энг серқатнов чорраҳани ҳам «асосий точка» ларга айлантириб олишган. Нега шуларга мутассаддилар ҳеч бир чора кўрмайди хайронсан? Ахир тиланчиларнинг ҳам яшайдиган уйи ва маҳалласи бор-ку?! Қолаверса давлатимизда ҳар бир кекса ва ногиронга, ёш болали оналаргаям нафақа пули тайинланиб таъминотсиз қолдирилмаяпти.
Дарҳақиқат, кейинги пайтда дуч келган ерда йўлингизни тўсаётган кексаю ёш, аёлу эркак тиланчиларни кўпаётгани ҳақида бошқа ҳамюртларимиз ҳам юқоридаги каби куюнчаклик билан эътирозлар билдиришмоқда. Афсуски бу жуда ўринли. Негаки, ижтимоий иллат хисобланган тиланчилик ва гадойлик билан кун кўриш бизнинг кундан-кун гуллаб-яшнаётган юртимиз учун жудаям хунук ҳолат. Бундан ташқари мусулмон аҳлига бу ниҳоятда номуносиб иш.
Ваҳолонки, муборак хадисларда таъкидланишича, бир дона нонни топиб қорнини тўйдирган гадойга, очиқмасидан туриб, яна тиланиши таъқиқланган. Ёки бугун тўйган ҳолда эртанги кунга ғамлаб олган таоми ҳаром саналган.
 Қадимги маълумотларда айтилишича, Пайғамбаримиз эшикларини қоқиб келган бир тиланчига болта билан арқон туҳфа этган. Шу тариқа дангасалик балосига йўлиққан кимсани ўтинчилик билан шуғулланишга мажбур этиб, ҳалол ризқ топишга ўргатган эканлар. Демоқчимизки, биринчидан юртимизда тиланчилик аҳволига тушиб қолган инсонлар борлигига ишониш қийин. Иккинчидан пайғамбаримиз тутган йўл билан уларни даволанмас экан, бундайлар сони албатта кўпаяверади.
Сабаби бугун ҳеч кимдан уялмай, ҳеч нарсадан тап тортмай тиланчиликни ўзлари учун осон пул манбаига айлантирганлар орасида тўрт муччаси соппа-соғ инсонлар борки, тиланишдан мақсадлари қорин тўйдириш бўлса қанийди. Ахир уларда ҳам оила-аъзолар, маҳалла-куй, қариндош-уруғ, дўст-ёр, дегандай оч қолишига қараб турмайдиган инсонлар ва яна қанча-қанча савоб ишларни амалга ошираётган ташкилотлар бор. Жумладан, Маҳалла фуқаролар йиғини, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, «Ногиронлар», «Қизил ярим ой», «Нуронийлар» жамиятлари, «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармаси кабиларнинг ўзи орқали аҳолининг қанчадан-қанча кам таъминланган, ёлғиз яшовчи қатламига доимий равишда моддий-маънавий ёрдам кўрсатилади, саломатликлари учун қайғурилади. Уларни бағрикенг ва сахий маҳалладошлар ҳам қаровсиз ташлаб қўймайди. Бундан ташқари маҳалла муаммоси, ташвиши бўлган фуқароларни ҳеч қачон эътиборсиз қолдирмаяпти.
Аммо айрим ҳолларда хароб кўринишда тиланиб юрган кекса ёшдаги эркаклар ёҳуд одамни этини сескантириб, бошидан оёғигача ғалати рўдапога ўралгани етмагандек атайлаб мунгли оҳанглар билан пул сўраётган, кар-соқовман деган маънода қўлида касал онаси, синглисини даволатишга пул кераклиги ҳақидаги ёзув кўтариб олган ёш-ёш йигитлар қаердан пайдо бўлишяпти. Бу ғирт текинхўрлик. Айниқса тинч, тўқ ва фаровонликка, ғамхўрликка нисбатан нонкўрлик, ношукурликдан бошқа нарса эмас-ку?
- Кўп марта автобус ва «Дамас»ларда тўқнаш келган бир йигит ташқи кўринишидан тўрт муччаси соғу, ўзини соқов, тентак кўрсатиши одамни ажаблантирарди, дейди бир киши. - Уни таниганларнинг айтишига қараганда туппа-тузук оиласи, уй-жойи, фарзандлариям бор экан. Лекин катта шаҳарда кечгача ўзини озгина тентак қилиб кўрсатиб юриб керак бўлса сизу мендан кўп пул топаркан. Аслида уни тиланчиликни касб қилиб олганлигини маҳалласидаги раисдан тортиб ҳамма билса-да, парво қилмаслиги уни мана шундай гадой қиёфада пул топишдан уялмасликка ўргатиб қўйган бўлса керак. Худо кўрсатмасин, агар қўл ёки оёғимдан айрилган тақдирда ҳам асло бундай йўл билан рўзғор тебратишни ўзимга эп кўрмасдим.
Ҳайриятки, ҳамюртларимиз орасида ориятли инсонлар кўп. Ҳатто имконияти чекланганлари ҳам бундан мустасно эмас. Мисол учун ўзим яқиндан билган чортоқлик Зебо Азибоева, косонсойлик Мавлуда Каримованинг бирлари болаликдан, иккинчилари 18 ёшдан бери ногирон. Аниқроғи Зебони касаллик туфайли бир оёғи сон қисмидан кесиб ташланган. Ёши 55 ни қоралаган Мавлуда опа эса туғма оёқ нуқсони билан дунёга келган. Аслида улар қўлтиқтаёқ ва ҳассасиз юришолмайди. Аммо шундай ҳолатда ҳам ўзгаларнинг ёрдамидан умидвор бўлиб эмас, одамларга наф келтириб, жамиятнинг фаол аъзолари қаторида яшашмоқда. Тикувчилик ҳунарини ривожлантириб, тадбиркорликка қўл урганлари боис қанчадан-қанча хотин-қизларни ҳунарли, ишли қилишди. Шунингдек эл-юртимиз фаровонлиги йўлида кўплаб эзгу-савоб ишларни амалга оширишяпти. Давлатимиз тамонидан меҳнатлари инобатга олиниб, Зебо Азибоева «Шуҳрат», Мавлуда Каримова «Жасорат» медаллари билан тақдирланишган.
Шу ўринда беиҳтиёр яна бир ривоят ёдимизга тушди.
Қадимда бир камбағал киши донишмандга ўзининг ночорлигидан шикоят қилади. Шунда донишманд аввал иккала кўзи, сўнг оёқ ва қўллари эвазига каттагина пул таклиф этади. Камбағал унинг таклифларига рози бўлмайди. Донишманд эса «Унда шунча миқдордаги бойликдан ҳам қадрли неъматларга эга бўла туриб, нолигани уялмайсанми» деб унинг иззасини чиқаради.
Дарҳақиқат, баъзан озгина етишмовчилик, камчилик ёки бошқа сабабларни рўкач қилиб нолиш, тўрт муччанинг соғлигини қадрламаслик ҳам инсонни касби-коридан, рўзғоридан файзу-баракасини аритади.
Маълум бўлишича, Англияда илгари тиланчининг қўли кесилган. Қайсидир миллатда эса агар тиланчилик қилган киши уч марта кўрсатилган ёрдамдан кейин ҳам бирор ишни бошини тутмай тиланчиликда давом этса, қаттиқ жазога тортилган.
Гоҳида энг оғир кунларни бошидан ўтказиб, ҳақиқий очарчилик ва қаҳатчиликни кўрган қарияларни сўзларини эшитсангиз, бугунги дориломон кунларга номуносиб тиланчилик қилаётганлардан нафратланиб кетасиз.
Дунёнинг турли бурчакларида рўй бераётган қанчадан-қанча тўс-тўполону хунрезликлар, террорлар туфайли тинчгина ухлашгагина зорлар, бошпанасизлар ёки бир кунлик қорин тўйдириш илинжида ҳар қандай оғир ишга тайёр инсонлар хаёти олдида Ўзбекистондаги тинчлик ва фаровонлик жаннат эканини наҳотки тушунишмаса!? Ахир бунинг учун ҳар бир биримиз ҳар кун, ҳар лаҳза беҳиссоб шукроналар айтсак арзийдику?! Бинобарин, шукр ҳам бир фарз бўлиб, инсонни иймон-эътиқодидан далолатдир. Қолаверса шукр ризқ ва баракага, имконни янада кенгайишига сабаб бўлади.
Хулоса ўрнида айтсак, тиланчилик боқимандалик касали билан баровар иллат. Унга чалинмаслик инсоннинг ор-номуси, миллий маънавиятига боғлиқ.
Агар бу иллатни кўпайишига лоқайдлик кўзи билан қарашга ўрганиб қолсак, нафақат миллатимиз шаъни ва маънавиятига балки тинчлигимиз, хотиржамлигимизга ҳам хавф туғилиши мумкин. Чунки, бугунгидай ҳамиша огоҳ ва сергаклик талаб этилаётган замонда кўча-куйда, жамоат жойларида ёки маҳаллада хонадонма-хонадон изғиб юрган кўпинча юз-кўзини беркитган рўдапо қиёфасидаги кимсанинг асл мақсади тиланчиликдан кўра каттароқ бойлик – тинчлигимизга раҳна солиш бўлмаслигига ким кафолат беради?!
Худди шунинг учун ҳам маҳалла ва кенг жамоатчилик ҳамкорлиги ниҳоятда зарур.
Ишонамизки, бунда маҳалла мутассаддилари ташаббусни қўлга олишади ва кўтарилган мавзу ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.
Шаҳзода АКБАРОВА,
vodiymedia.uz учун махсус

Биз Twitterда