Тарихсиз келажак бўлмайди – Наманганда "Уч паҳлавон" ҳайкали қайта очилди

 
Наманган шаҳрининг Ислом Каримов кўчасида, “Афсоналар водийси” боғи ёнида “Уч паҳлавон” ҳайкалининг қайта очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилмоқда. 
 
 
Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, шаҳар ҳокими Шавкат Абдураззақов, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар, журналистлар иштирок этдилар.
“Афсоналар водийси” боғи ҳудуди, яқин ўтмишда Селхона номи билан билинган. Вилоятда ҳудудида бешта бундай селхона мавжуд бўлган. Наманганликлар селдан кўп асрлар давомида жабр чеккан. Ғирвонсой қутурган кезлари нафақат қишлоқ ва далаларни, темир йўлни ҳам вайрон қиларди. Қолаверса, селнинг бир қисми Шимолий Фарғона Каналининг чап соҳилидан жуда кўп жойларни упуриб кетган. 
Раҳматли Мухаммаджон Обидшоев 1968-1972 йилларда вилоят сув хўжалиги бошқармасининг бошлиғи бўлиб, офатнинг йўлини тўсиш ва олдини олиш хусусида муҳокама йиғилиши чақирган. Ушбу йиғилишда қабул қилинган қарорга кўра Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ирригатор Қодир Абдуллаев бу ерга селхона қуриш бўйича лойиҳага буюртма берган. 
Лойиҳа бўйича тўғоннинг баландлиги 19 метр ва узунлиги 600 метр бўлиши белгиланган.  Шунда селхона 3,4 миллион куб метр сув сақлаш қувватига эга бўлиб, ҳовуз сатҳи 36,4 гектар майдонни банд қилиши қўзда тутилган.
Қурилиш 1971 йил май ойининг ўрталарида бошланган “Плотина А-373” автомагистралининг бир қисмига айланиб, шаҳар маркази ва кичик туманни боғловчи яқин йўл ёнида бўлиши кўзда тутилган. Селхона ўз қурилиш мақсадидан келиб чиқиб, шаҳарга, Шимолий Фарғона Каналига, темир йўлга, Ғирвон ва Ирвадонга туташ бир қатор қишлоқларга кўкрагини қалқон қилувчи халокор бўлиши лозим эди.
Селхона қуриш жараёнида унинг мақсад ва вазифаларининг рамзий ифодаси сифатида ҳайкал ҳам дунёга келган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Муталлиб Аббосов ўша пайтда Навоий номидаги вилоят театрининг бош рассоми бўлиб, унинг ғояси ва эскизи асосида селга қарши курашда асрлар бўйи қўлланган уч таянч яъни сепояни дарёдан баҳра оладиган уч халқ – ўзбеклар, қирғизлар ва тожикларнинг бирдамлиги билан умумлаштирилган.
 Ғояга кўра, инсон она табиатга ғазаб қилолмасада унинг қалбида мардлик ва матонат бор баҳодирлар эл бошига иш тушганда залворли юкка елка тутадилар, бало-офатларга кўкракларини қалқон этдилар. 
Турсунбой Ҳамроев раҳбарлигидаги Наманган ирригация-қурилиш трестининг қурилиш-монтаж бошқармаси ходимлари томонидан иншо этилган ҳайкалнинг марказидаги уч инсон образи мавжуд.Бу образларнинг бошлари мағрур, бақувват елкалари тўлқинлар қаҳрини тўсган, забардаст қўллар бир-бирини занжирдек чирмашиб учовлон ягона вужудга айланган. 
Селхона, тўғон, йўл, ҳайкал – ҳаммаси 1971 йил кузида қуриб битказилган. Баҳодирлар сиймоси ўша пайтда “Мардлик” монументи номини олди, шоҳкўча эса “Дўстлик” номи билан аталди.
90-йилларда юзага келган маънавий бўшлиқ даврида ҳайкалларга қарши ҳаракатларга ҳам гувоҳ бўлинди. Уч баҳодирнинг ҳайкали ҳам икки бор вандалларнинг ҳужумига дучор бўлди. 
Икки бор таъмирланди, бироқ сақлаб қолишга ишонч етарли бўлмаганидан, жойидан олиниб, хавфсиз жойга вақтинча сақлаб туриш учун кўчирилди.
 Бугун мана тарихий ҳақиқат қарор топиб, халқимизнинг эзгу фазилат ва қадриятларини, матонатини абадийлаштириш учун бапро этилган “Уч паҳлавон” ҳайкали эски ўрнига қайтарилди. 
“Уч паҳлавон” ҳайкали кундан кунга чирой очиб бораётган Наманганнинг энг диққатга сазовор объектларидан бирига айланиши шубҳасиз.
 

Биз Twitterда