Шавкат Мирзиёев - 2 йил ичида Ўзбекистоннинг барча қишлоқ ва маҳаллалари тезкор интернет билан таъминланади

2020 йилда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича туб бурилиш қилишимиз керак, деди президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаатномасида.
Давлатимиз раҳбари, биринчи навбатда қурилиш, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт, геология, кадастр, соғлиқни сақлаш, таълим, архив соҳаларини тўлиқ рақамлаштириш лозимлигини таъкидлаб ўтди.  
 
 
«Таълимнинг барча босқичларида халқаро андозаларга тўлиқ жавоб берадиган, ахборот технологиялари жорий этилиши шарт.
Ўтган йили барча шаҳар ва туман марказларини юқори тезликдаги интернетга улаш ишлари якунланганини ҳисобга олиб, яқин 2 йилда барча қишлоқ ва маҳаллаларни ана шундай тезкор интернет билан таъминлашимиз керак.
Ҳозиргача 7 мингдан ортиқ соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим муассасалари ва мактаблар юқори тезликдаги интернетга уланган бўлса, кейинги 2 йилда яна 12 мингта муассаса тезкор интернетга уланади», – деди президент.
Шавкат Мирзиёев «Электрон ҳукумат» тизимини қайта кўриб чиқиш кераклигиин айтиб, янги ташкил этилаётган «АйТи-парк»лар ва «1 миллион дастурчи» лойиҳаси ҳақида ҳам эслаб ўтди.
Таъкидланишича, «Рақамли Ўзбекистон – 2030» дастурини ишлаб чиқишни икки ой муддатда якунлаш лозим.
«Келгусида бу ишларни тизимли ташкил этишга бош-қош бўлиш учун ҳукуматда – Бош вазир ўринбосари, вазирлик ва идораларда ҳамда ҳокимликларда эса – алоҳида ўринбосар лавозимлари жорий этилади», – дея қайд этди Шавкат Мирзиёев.

Биз Twitterда