Рақамли Тошкент лойиҳаси – у нимани кўзда тутади?

10 март куни, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз ҳаётининг қатор соҳаларида амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Замонавий ахборот технологиялари тараққиётнинг муҳим шартларидан бири. Рақамли технологиялар давлат ва жамият бошқаруви, ижтимоий соҳада одамларга катта қулайликлар яратади, маҳсулот ва хизматлар сифатини оширади, ортиқча харажатларни камайтиради, коррупцияга чек қўяди.
 
 
Кейинги йилларда дунёда “рақамли шаҳар” концепцияси оммалашмоқда. Шу тажрибадан келиб чиқиб, “рақамли Тошкент” тизимини жорий этиш, уни икки йил давомида синовдан ўтказиб, бошқа ҳудудларга эса тайёр дастурий таъминотларни етказиб бериш режалаштирилмоқда.
Тақдимотда рақамли технологияларни жорий қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Бугунги кунда Тошкент шаҳрида 600 дан ортиқ соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим муассасалари ва мактаблар юқори тезликдаги интернетга уланган. Аммо ушбу йўналишда қилинаётган ишлар ҳали ҳам етарли эмаслиги кўрсатиб ўтилди.
Телекоммуникация инфратузилмаси “рақамли шаҳар” концепциясининг асоси эканлигини ҳисобга олиб, икки йил мобайнида 1,5 мингдан зиёд ижтимоий объектни юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш бўйича топшириқ берилди.
Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳар ҳокимлиги таркибида таълим, тиббиёт, уй-жой коммунал, транспорт, қурилиш, кадастр ва бошқа йўналишлар бўйича алоҳида лойиҳа офислари ташкил этиш зарурлигига эътибор қаратди. Бундай тузилмаларда дастурчилар ҳар бир соҳа мутахассислари билан биргаликда ўша соҳага мос дастурий таъминот яратади, уларни синовдан ўтказиб, ҳаётга татбиқ этади. Зарур ҳолларда бошқа соҳага тегишли дастур билан боғлиқлигини таъминлайди.
“Рақамли Тошкент” лойиҳасини молиялаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Бу жараёнда давлат-хусусий шериклик асосида бизнес доираларнинг фаол иштироки учун шароит яратиш кераклиги таъкидланди. 

Биз Twitterда