Наманган ва Свердловск вилоятлари ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди

Наманган вилояти ҳокимлиги ва Свердловск вилояти ҳукумати ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, ижтимоий ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик келишуви имзоланди.
 
 
Свердловск вилояти делегациянинг Наманганга ташрифи доирасидаги учрашувлар чоғида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ва Свердловск вилояти губернатори Евгений Куйвашев томонидан имзоланган келишувга асосан икки вилоят ўртасида саноат, савдо, илм-фан, таълим, маданият ва санъат, туризм, спорт ва ёшлар сиёсати соҳаларида кенг кўламли ҳамкорлик йўлга қўйилади.
 
 
Шунингдек, учрашув доирасида Наманган вилояти ҳокимлиги билан “СиАйТи Терминал” АЖ ўртасида “Ўзбекистон” йўл харитасини амалга ошириш бўйича меморандум;
Наманган вилояти ҳокимлиги билан “Центр семейной медицины” АЖ ўртасида Наманган вилояти аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш масалалари юзасидан меморандум;
Наманган вилояти ҳокимлиги билан “Группа СвердловЭлектро” ЁАЖ ўртасида ўзаро англашув меморандуми;
Наманган вилояти қурилиши бош бошқармаси билан Свердловск вилояти Қурилиш индустрияси корхоналари уюшмаси ўртасида Ўзаро ҳамкорлик келишуви ҳам имзоланди.
 
 
Кенгайтирилган форматдаги учрашувдан сўнг, икки вилоят раҳбарлари имзоланган келишув юзасидан ОАВ вакилларига баёнот бердилар.
Ҳамкорлик келишувининг асосий йўналиши иқтисодий алоқалар эканини қайд этган Хайрулло Бозоров, саноат соҳасида кооперация ҳамда ўзаро инвестицияларни қўллаб-қувватлашга, шу билан бирга ижтимоий-маданий соҳадаги қўшма лойиҳаларга ҳам катта эътибор қаратилишини таъкидлади.
Урал ишбилармон доираларининг Наманган вилоятига қизиқиши катта эканини, 70 дан зиёд компаниялар Наманган билан ҳамкорлик истиқболларини кўриб чиқишаётганини билдирган Евгений Куйвашев, Свердловск вилояти делегациясининг катта таркибда келиши сабаби ҳам шунда эканини қайд этди.

 

Биз Twitterда