Наманган тажрибаси: бозор ва савдо нуқтасидан узоқ ҳудудларда муқим ва кўчма савдо шахобчалари ташкил этилади

Наманган вилояти ҳокимининг 2020 йил 3 апрелдаги 124-ф-сонли фармойиши билан коронавирус пандемиясига қарши курашиш чораларининг амал қилиш даврида вилоят аҳолисини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз ва қулай шароитда таъминлаш ҳамда нарх-навонинг барқарорлигини сақлашнинг вақтинчалик тартиби жорий этилди. 
 
 
Фармойишга асосан ҳудудий ташкилий гуруҳлар томонидан икки кун муддатда маҳаллалар кесимида савдо шаҳобчаларини ташкил этиш зарурияти ўрганилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари сотилаётган бозор ёки савдо нуқталаридан узоқ ҳудудда жойлашган маҳалла ёки бошқа аҳоли пунктлари ажратиб олиниб, рўйхати тузилади ва мазкур рўйхат асосида тегишли ҳудудда (олис қишлоқларда, кўп қаватли уйлар олдида) савдо шахобчаларини ташкил этиш имконияти кўриб чиқилади.
Бунда асосий эътибор ушбу ҳудудда жойлашган бозорлар филиаллари, дўконлар ҳамда савдо расталарига қаратилади. Агарда бундай имконият мавжуд бўлса, муқим савдо шахобчаси, мавжуд бўлмаган тақдирда кўчма савдо шаҳобчаси ташкил этилади.
Ушбу савдо нуқталарида ун, макарон, ўсимлик ёғи, гуруч, мош, шакар, туз, чой, картошка, пиёз, сабзи, тухум, карам, кўкат, томат ва консерва маҳсулотлари доимий бўлиши қатъий белгилаб қўйилди.
Санитария ва гигиена талабларига риоя этилишини таъминлаган ҳолда қўшимча равишда тез бузилувчан маҳсулотлар (сут, гўшт, балиқ ва бошқалар) ҳамда хўжалик моллари савдоси ҳам ташкил этилиши мумкин.
Ҳудудларда ташкилий гуруҳларга туман (шаҳар) ҳокими раҳбарлик қилади, унинг таркибига секторлар, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалиги ҳамда ветеринария бўлимлари, Фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари хўжаликлари Кенгаши, деҳқон бозори маъмурияти раҳбарлари киритилади. 
Албатта ушбу тадбирларнинг барчаси карантин, санитария ва эпидемиология қоидаларига қатъий риоя қилган холда ижтимоий оралик масофа (2 метр) сақлаган ҳолда амалга оширилиши шартлиги белгиланмоқда.
Таҳририятдан: Бу тажриба, бир вақтда бутун вилоят ҳудудида аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз ва қулай шароитда таъминлаш (коронавирус профилактикаси даврида бозорлар ва савдо нуқталаридан узоқ ҳудудларнинг барчасида доимий ишловчи савдо шахобчалари мавжуд бўлади) ҳамда нарх-навонинг барқарорлигини сақлашни кўзда тутгани билан ўзига хосдир.

Биз Twitterда