"Наманган" ракетаси муваффақиятли парвозни амалга оширди

Наманганда 23 ноябрь – «Ватанпарвар» ташкилоти ташкил топган куннинг 28 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
 
 
Тадбирда Ўзбекистон мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти вилояти кенгаши тасарруфида 12 та Ўқув спорт-техника клублари ва вилоят техник ва амалий спорт турлари маркази вакиллари, фахрийлар, ҳамкор ташкилотлар раҳбарлари ҳамда республика ва вилоят ОАВ журналистлари иштирок этдилар.
Тадбирнинг очилиши Байконур шаҳрида жорий йил сентябрь ойида ўтказилган спортнинг “Ракетамодель” тури бўйича “Байконур-2019” Жаҳон кубоги халқаро мусобақасида 6 олтин медални қўлга киритган ёш конструкторларнинг ракета учиришлари билан бошланди.
 
 
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров томонидан учиш тугмаси босилган “Наманган” номли ракета ҳам муваффақиятли парвозни амалга оширди.
Тадбирнинг тантанали қисмида сўз олган вилоят ҳокими, «Ватанпарвар» ташкилоти Наманган вилояти кенгаши томонидан олиб борилаётган ишларни ва эришилаётган натижаларни юксак эътироф эътироф этиб, жамоага янада янги зафарлар тилади.
 
 
Вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига муносиб ҳисса қўшганлиги ва жамоат ҳаётидаги фаол иштироки учун ҳамда Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти ташкил топган кун муносабати билан бир гуруҳ ходимлар вилоят ҳокимининг Фахрий ёрлиғи ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.
 
 
Ташкилот тизимида фаолият олиб бораётган фаол ходимларнинг катта гуруҳи ҳамда ҳамкор ташкилотлар ва ОАВ вакиллари, спортнинг техник ва амалий турлари бўйича республика ва халқаро мусобақалар ғолиблари бўлган наманганлик “Ватанпарвар” ўқувчилари қаторида эришаётган ўз натижалари билан келажакка умид бераётган жажжи болалар ҳам «Ватанпарвар» ташкилоти вилояти кенгашининг Фахрий ёрлиғи ва совғалари билан мукофотландилар.
 
 
 
 
Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Наманган вилояти кенгаши Аҳмаджон Аълохўжаев “Академик В.Н. Челомей” номидаги Халқаро Космос мактаби раҳбарияти томонидан вилоят ҳокими номига йўлланган ташаккурномани ҳамда Жаҳон кубогини Хайрулло Бозоровга тантанали тақдим этди.
 
 
Истеъдодли қўшиқчи Шаҳноза Ёқубжонова ижросидаги қўшиқлар тадбирга ўзгача шукуҳ қўшди.
 

Биз Twitterда