Наманган инновацион ривожланишга бағишланган халқаро конференцияга мезбонлик қилди

 
НАМАНГАН /Vodiymedia/ – Инновацион лойиҳаларни ривожлантириш ҳамда амалиётга жорий этиш учун биргина илмий изланишнинг ўзи кифоя қилмайди. Бунинг учун жаҳон тажрибасини ўрганиш, ҳамкорликни кенг йўлга қўйиш аниқ кўзланган натижани беради. Худди, шу мақсадда Наманган вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан “Инновацион ривожланиш даврида интенсив ёндашув истиқболлари” мавзусидаги халқаро конференция ташкилланди. Мазкур нуфузли анжуман 10 июль куни “Ёшлар маркази”да ўз ишини бошлади.
Конференцияни Наманган муҳандислик-технология институти ректори, физика-математика фанлари доктори, профессор Одилжон Маматкаримов олиб борди.
Мазкур конференция ишини Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Фахриддин Маткаримов очиб берди ва нутқ сўзлади.
Анжуманда сўз олган профессор, академик ва хорижий илмий тадқиқотчи олимлар томонидан олиб борилаётган илмий изланишлар, ишланмалар, инновацион ғоя ҳамда лойиҳаларни ривожлантириш йўлидаги мақсадли ҳаракатлар тўғрисида таклифлар берилди. Мамлакатимизнинг забардаст академиклари Сайёра Рашидова, Асқарали Аҳмедов, Малая университети профессори А.Ароф, Жанубий Кореядан ташриф буюрган тўқимачилик саноатини ривожлантириш бўйича эксперт Лин Хванкининг лойиҳаларни инновацион ривожидаги интенсивлик борасида кенг кўламли ишлар тўғрисидаги фикр-мулоҳазалари конференция ишини бойитди.
 
 
- Конференция жуда ажойиб ташкилланган. Биз бундан мамнунмиз. Кенг қамровли анжуман ишлаб чиқаришдаги янги инновацион лойиҳаларни тақдим этишига, янги ғоялар берилиша ишонамиз, дейди португалиялик меҳмон, профессор Ҳабел Сантош.
Куннинг иккинчи қисмида анжуман иштирокчилари, олимлар, хорижлик меҳмонлар иштирокида вилоятдаги мавжуд инновацион ишланмалар жорий қилинган саноат зоналари, ишлаб чиқариш корхоналарига ташриф буюуришди.
Конференцияда хорижий ва республикамизнинг олийгоҳлари, илмий тадқиқот институтлари олимлари, профессор-ўқитувчилари, мутахассислари, тадқиқотчилари, магистрант, шунингдек, иқтидорли талабалари томонидан амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ишлари натижаларининг муҳокама қилиниши кўзда тутилган.
Айни шу масалада, бугун 11 июль куни илмий-амалий анжуман доирасида ялпи ва шўъба йиғлишлари ўтказилиши кун регламентида қўйидаги белгиланган:
- “Фаол инвестицион муҳит яратишда ижтимоий-иқтисодий, моддий ва техник имкониятлар”, “Фан-таълим ҳамда ишлаб чиқариш истиқболлари интеграцияси” мавзуларидаги шўъба йиғлишлари Наманган муҳандислик-технология институтида;
- Наманган давлат университетида “Наманган вилоятининг тарихий обидалари ва уларнинг вилоят туризм соҳасининг ривожланишидаги ўрни”, “Замонавий инновацион технологияларни ривожланишида физика, кимё ва биологиянинг ўрни” мавзуларига бағишланган шўъба мажлиси;
- Ҳисоб, муҳандислик масалаларига қаратилган “Математика, математик муҳандисликнинг амалий муаммолари” мавзусидаги шўъба Наманган муҳандислик-қурилиш институтида ташкилланди.
Ўйлаймизки ўтказилаётган шундай аҳамиятли лойиҳалар вилоят ишлаб чиқариш ривожида ўзига хос бурилиш ясайди.
(муаллиф: Улуғбек РЎЗИМАТОВ, фото: Ҳотам Мамадалиев)

Биз Twitterда