Наманганда отинойилар меҳнатлари муносиб эътироф этилди

8 март – Халқаро Хотин-қизлар куни байрами арафасида Наманган шаҳридаги “Ҳидоя” ўрта-махсус ислом билим юртида халқ орасида обрў-эътиборга сазовор бўлган кайвони аёллар – вилоятда фаолият кўрсатаётган отинойилар иштирокида байрам тадбири бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
 
 
Ўзига хос тарзда Республикамизда илк бор ўтказилган бу тадбирда иштирок этган вилоят ҳокимининг ўринбосари Жамолиддин Алойдинов дин ва шариат билимдонлари, аёлларимиз ўртасидаги диний маросимларга бошчилик қиладиган, халқ орасида катта обрў-эътиборга сазовор бўлган кайвониларимиз – отинойиларни баҳорнинг илк байрами – 8-март Хотин-қизлар куни муносабати билан қизғин муборакбод этди ва вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг уларга йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. 
 
 
Ўзбекистон мусулмонлар идораси тизимида отинойилар инстититутни ташкил этилиши ва уларга расмий мақом берилиши жамиятимиз ҳаётида муҳим бурилиши ясади десак муболаға бўлмайди. Вилоятдаги барча ФҲДЁ бўлимларига отинойиларнинг келин-куёвлар билан бўладиган суҳбатларга бириктирилгани ва улар ўтказаётган суҳбатлар оилаларни мустаҳкам бўлишида хизмат қилмоқда. Шунингдек, отинойиларнинг оилаларда ажримларни олдини олиш, нотинч оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар билан ишлаш  борасида амалга ошираётган ишлари ҳам эътирофга сазовордир. 
 
 
Тадбир давомида бу борада сафдошларига ўрнак бўлган 12 нафар отинойилар вилоят ҳокимлигининг ташаккурномаси билан тақдирландилар. Шунингдек, байрам муносабати билан барча отинойиларга совғалар топширилди.
 

Биз Twitterда