Наманганда "Миллий тикланиш" партиясининг амалий ишлари бўй кўрсата бошлади

 
Ҳар қандай сиёсий партия замон билан ҳамнафас бўлиб, унинг ўткир талабларига жавоб берган тақдирдагина сиёсий куч сифатида яшай олади.
Бугун замоннинг ўзи сиёсий партияларнинг иш услубини тубдан ўзгартириш, уларнинг аҳоли, электорат билан мулоқотини тизимли йўлга қўйишни талаб этмоқда. Энди “мудраб ётган” сиёсий партиялар уйғониши лозим. Улар баландпарвоз гапларни четга суриб, аниқ амалий ишлар билан одамларимиз, сайловчилар ишончини қозониши, уларнинг қалбидан жой олиши керак. 
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ўз фаолиятини тубдан ўзгартиришга қаратилган амалий чора-тадбирларга киришди.
Яқинда айни шу мақсадда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Сарвар Отамуродов бошчилигидаги ишчи гуруҳи Наманган вилоятининг шаҳар ва туманларида бўлган эди.
Эътироф этиш жоиз, ишчи гуруҳи аъзоларининг партия ташкилотлари, маҳаллий кенгашлар фаолиятини яқиндан ўрганиши, аҳоли хонадонларида фуқаролар, тадбиркорлар ва уюшмаган ёшлар билан ўтказган мулоқотларидан кейин вилоятимизда бир қатор ижобий натижаларга эришилди.
Жумладан, ЎзМТДП Наманган шаҳар партия ташкилоти масъул ходимлари ва фаоллари, депутатлар ҳам ўз фаолиятига танқидий-таҳлилий ёндашган ҳолда иш ташкил этмоқдалар. Биринчи навбатда уйма-уй ўтказилаётган мулоқотларда билдирилаётган мурожаатларга ечим топишга алоҳида эътибор берилмоқда. Хусусан, “Янги ҳаёт” маҳалласида яшовчи 1-гуруҳ ногирони Абдулахад Бойхоновнинг мурожаати ижобий ҳал этилди. “11-Маданий” сайлов округидан сайланган шаҳар Кенгаши депутати, ЎзМТДП фаоли Носиржон Дадамирзаевнинг вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига юборган депутатлик сўровидан кейин қисқа фурсат ичида фуқарога ногиронлик аравачаси топширилди. Абдулаҳад бундай эъзоз, эътибор, эҳтиром учун Президентимизга, “Миллий тикланиш” партияси фаолларидан миннатдор бўлиб, дуога қўл очди.
Чуст туманидаги Ҳисорак маҳалласида маҳаллий ҳокимлик, ЎзМТДП туман кенгаши, жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамкорлигида аҳоли хонадонларида ишсиз фуқаролар, хусусан уюшмаган ёшлар, диний оқимларга адашиб кириб қолган кишилар билан ўтказилаётган суҳбатлар бесамар кетмаяпти. Соғлом маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар натижасида ҳудудда яшовчи 17 нафар фуқаро диний экстремизм оқимига хайрихоҳлар рўйхатидан чиқарилиб, жамиятнинг фаол аъзолари сафига қўшилдилар.
Носиржон Рустамов, Ҳисорак МФЙ, Мустақиллик кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро:
- Очиғи, парламент вакилларининг хонадонимизга ташрифини кутмаган эдим. Бизни йўқлаб келишганидан бошим осмонга етди. Шуни айтиш керакки, Олий Мажлис депутатларининг биз оддий одамлар билан дилдан мулоқотда бўлаётгани, қандай муаммо ва масалаларимиз борлиги билан қизиқаётганининг ўзи халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили моҳиятини англашда қўл келади. Камина бир пайтлар ёвуз кучларнинг пуч алдовлари сабаб диний оқимлар таъсирига тушиб қолган эдим. Хатойимни тўғри англаб етиб, кечиришларини сўрадим. Президентимиз қарори билан авф этилганидан мамнунман. Ҳозирда фарзанд ва набираларим қуршовида тўкин ҳаёт кечирмоқдаман. Бўш вақтим йўқ ҳисоби: томорқамда деҳқончилик қиламан. қўни-қўшниларимнинг бузилган велосипедларини таъмирлаб бераман. Ойнаи жаҳон ва матбуот орқали юз бераётган янгиликлардан доимий хабардор бўлиб бораман. Маҳалла оқсоқоли кўчабошиликка менга ишонч билдирганди, қўлдан келганича бажаришга ҳаракат қиляпман. Энг муҳими, бугун маҳалладошлар ва қуда-андалари олдида юзим ёруғ. Ҳақиқатан, озод ва обод Ватанда ҳалол меҳнат, фидойилик билан яшаш, одамларга наф келтириб, уларнинг ишончига сазовор бўлишга ҳеч нарса етмайди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса ёшларни ишга жойлаштириш масаласида партия фаоллар алоҳида жонбозлик кўрсатишаётгани эътиборга молик. Буни халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзМТДП депутатлик гуруҳи аъзоси Фазлиддин Муҳиддиновнинг иш фаолияти мисолида айтиб ўтиш жоиз. Яқинда депутатнинг ташаббуси билан Машад қишлоғидаги аҳоли хонадонларида уюшмаган ёшлар қатлами билан суҳбатлар ўтказилди. 26 ёшли Музаффар Отабоевнинг хонадонида бўлиб ўтган мулоқотда бандлик билан боғлиқ яна бир муаммо ечилди. Бундан олти йил илгари иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежини тугатган Музаффарнинг юзига табассум югурди. Боиси, у мулоқот ўтган куннинг ўзидаёқ хусусий тикув цеҳига ишга қабул қилинди.
 
 
Косонсой туманидаги Ширинбулоқ маҳалласидаги ўнга яқин уюшмаган ёшлар билан учрашган туман партия ташкилоти фаоллари ва ЎзМТДПдан туман Кенгашига сайланган депутат Мансурхон Холдоров мулоқот жараёнида ёшларнинг бир қатор ўринли таклифларини эшитдилар. Масалан, Косонсой педагогика коллежини тугатган 21 ёшли Иброҳим Тожихўжаев ўз ҳудудида бўш турган жойда белбоғли кураш тўгарагини ташкил этмоқчи. Унга спорт секциясини очишда керак бўладиган лицензия олиш учун тўланадиган маълум миқдордаги маблағ зарур эди. Бу борада депутат томонидан ҳомийлик ёрдами кўрсатилди. Насиб этса, тез орада ширинбулоқлик ёшлар спорт билан шуғулланиш имкониятига эга бўлишади. Бу билан ЎзМТДП сайловолди Платформасидаги жисмонан соғлом ва ҳар томонлама баркамол янги авлодни дунёга келтириш ва тарбиялаш учун янада қулай шарт-шароитларни яратиш ишида ҳамкорлик қилишдек устувор вазифалар ижроси ҳам таъминланади.
- 2015 йили туманимиздаги тиббиёт коллежини йилда тамомлаб, ишга жойлашиш борасида икки йилдан бери қийинчиликларга дуя келаётган эдим, - дейди Чуст тумани Пансада маҳалласида яшовчи Ҳилола Аюбова. – Парламент аъзоларининг ҳудудимизга келишгани мен учун айни муддао бўлди. “Миллий тикланиш” демократик партиясининг раҳбари Сарвар Отамуродов билан ўтказилган самимий суҳбат жараёнида ўз дардимни очиқ-ойдин тўкиб солдим. Қувонарлиси, кўтарган муаммойим ўз жойида ижобий ҳал этилди. Бугунги кунда туман тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий шифохонада ҳамширалик мутахассислигим бўйича фаолият юритмоқдаман.
Сардор Солиев, Чуст шаҳридаги “Дўстлик” маҳалласида яшовчи фуқаро:
 - Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектлари, хусусан маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ойнаи жаҳон орқали бу борада Президентимизнинг қатор фармон ва қарорлари қабул қилинаётганидан хабардор бўлиб турибмиз. Яқинда касб-ҳунар коллежини тугатдим. Тадбиркор бўлиш, шу орқали элимизга наф келтиришдек эзгу мақсадга аҳд қилганман. Лекин ниятим ўз-ўзидан амалга ошиб қолмаслигини парламент ва партия вакиллари билан мулоқот жараёнида амин бўлдим. Эшик ромларини ишлаб чиқариш цехини қуриш учун 35 миллион кредит олишга амалий ёрдам билан мурожаат этганимда парламент спикери ўринбосари Сарвар Отамуродов масалам ижобий ҳал этилиши асносида жўяли ҳуқуқий маслаҳатлар ҳам берди.
Демак, тадбиркорликда катта йўлга чиқиш учун энг аввало, бизнес режани пухта ишлаб чиқиш, соҳа ривожи йўлида амалга оширилаётган ўзгаришлардан воқиф бўлиб бориш муҳим аҳамиятга эга. Айтганча, банк муассасасининг молиявий кўмагидан фойдаланиш масаласи бўйича халқ депутатлари туман кенгаши депутати томонидан банкка депутатлик сўрови юборилишини эшитиб, хурсанд бўлдим.
Бир сўз билан айтганда, “Миллий тикланиш” демократик партияси вакиллари ва барча даражадаги депутатлари пастга тушиб, аҳолини ўйлантириб келаётган муаммо-масалалар, истиқболли таклифларни ўрганиш, уларга ечим топиш, аҳоли билан ишлашни янги босқичга олиб чиқишмоқда. Зеро, халқ билан мулоқот қилиш ва инсон манфаатлари ҳимоя қилиш кечиктириб бўлмайдиган муҳим вазифамиздир.
Оқилхон ДАДАБОЕВ,
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси
Наманган вилояти кенгаши матбуот котиби

Биз Twitterда