Намангандаги масжидларда ибодатлар вақтинча тўхтатилди. Улар тўлиқ дезинфекциядан ўтказилмоқда

Наманганда 16 март куни аср намозидан сўнг барча масжидларда карантин сабабли диний маросимлар ўтказиш вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда. 
 
 
Вилоятда жами 187 та масжид бўлиб, ҳозирда уларни дезинфекция қилиш тадбирлари бошланган. 
 
 
Наманган шаҳридаги “Махдуми эшон” жомеъ масжидида вилоят ҳокимининг ўринбосари Жамолиддин Алойдинов, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили Абдулҳай Турсунов шаҳар имом-хатибларига юзага келган вазиятда амалга ошириладиган ишлар юзасидан тушунтириш берди. Вилоят санитария-эпидемиологик назорати маркази мутахассисларининг бу борадаги йўл-йўриқлари тингланди. 
 
 
—Намангандаги “Ҳидоя” ўрта махсус билим юртининг 171 нафар талабасига ҳам таътил берилди. Уларнинг учдан бир қисми бошқа вилоятлар, хусусан, Фарғона, Андижон, Жиззах ва Сирдарёдан келиб, таҳсил олаётган ўқувчилар эди. Барчалари манзилларига эсон-омон етиб олганлари ҳақида бизга хабар беришди. Дезинфекция ва тозалов тадбирлари мазкур билим юртида ҳам ўтказилади, — дейди Абдулҳай Турсунов.
 
 
Маълумот учун, дезинфекция қилинишдан ташқари Намангандаги масжидлар зарур тиббий асбоб-ускуналар, зарарсизлантирувчи воситалар ва дори-дармонлар билан ҳам тўлиқ таъминланди.
 

Биз Twitterда