Наманган туманига янги ҳоким тайинланди

Шу йил 23 февраль куни халқ депутатлари Наманган тумани Кенгашининг навбатдан ташқари ХХVII сессияси бўлиб ўтди.
Сессияда вилоят ва туман Кенгаши депутатлари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, ҳокимликнинг гуруҳ, котибият, бўлим бошлиқлари, туман фаоллари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Туман Кенгашининг сессиясида ташкилий масала кўрилди. Масала юзасидан вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Хайрулло Бозоров маъруза қилди. Нотиқ ўз сўзида туманда эришилган натижаларни, хусусан қўшма корхоналар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожига туман меҳнат аҳли қўшаётган ҳисса, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, ободонлаштириш ва бошқа тармоқлардаги ислоҳий ўзгаришларни алоҳида эътироф этди. Туман тадбиркорлари салоҳиятидан келиб чиқиб, саноатни жадал тараққий эттирилишига катта ишонч билдирди.
Сессияда вилоят ҳокимининг Шавкат Абдуразақовни бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан туман ҳокими вазифасидан озод этиш тўғрисидаги қарори тасдиқланди. Депутатлар вилоят ҳокимининг ҳозиргача вилоят электр тармоқлари корхонаси раҳбари бўлиб ишлаган Шуҳрат Даврановни туман ҳокими этиб тайинлаш тўғрисидаги қарорини бир овоздан тасдиқладилар.
Туман Кенгаши сессиясида кўрилган масала юзасидан Тепақўрғон педагогика ва сервис касб-ҳунар коллежи директори Тугмахон Сиддиқова,  Нурафшон қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Талъат Ғаффоров, туман халк таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиши бўлими мудири Дилбархон Ҳошимова, туманнинг янги ҳокими Шуҳрат Давранов сўзга чиқдилар.
 
 
Наманган тумани ҳокими Шуҳрат Абдулҳаевич Давранов 1973 йилда Наманган туманида туғилган, 1995 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институтини тамомлаган. Ўзбекистон "Адолат" СДП аъзоси. Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати. 2013 йилдан ҳозирга қадар "Наманган ҳудудий электр тармоқлари" корхонаси АЖ бош директори бўлиб ишлаб келмоқда эди.    
 
© vodiymedia.com

Биз Twitterда