Ёш истеъдодли физик Аброр Давлатов "Ўзбекистон белгиси" кўкрак нишони билан тақдирланадиган ягона наманганлик бўлди

 
“Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллиги муносабати билан турли соҳаларда фаолият юритаётган ёшлардан бир гуруҳини “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисида” Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг қарори эълон қилинди.
Қарорга асосан, Миллий маънавият, маданий мерос ва умуминсоний қадриятлар негизида юксак ватанпарварлик, халқпарварлик, фидойилик туйғусини ва меҳнатсеварлик фазилатларини ўзида мужассамлаштирган, Ватанимиз обрўси, шон-шуҳрати ва шарафини юксалтиришга ҳамда унинг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилаётган, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиб, намуна кўрсатаётган 40 та ёш йигит-қиз “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан тақдирланади.
Ёш истеъдодли физик, Наманган давлат университети ўқитувчиси Аброр Давлатов “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан тақдирланадиган ягона наманганлик бўлди.
Аброр Давлатов 1991 йил 11 декабрда Наманган вилоятининг Тўрақўрғон тумани, Ахси қишлоғида туғилган. Наманган давлат университетини тамомлаган, магистрлик илмий даражаси соҳиби.
Талабалик йилларида ҳам ўз иқтидорини кенг намоён эта олган Давлатов, бакалавриат даврида Улуғбек номидаги Давлат стипендияси соҳиби бўлган. Олий таълим муассасалари талабалари республика физика олимпиадаси ва “Глобал иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича энг яхши ғоя” танлови ғолиби.
 Кўплаб илмий мақолалар муаллифи, Journal of Applied Mathematics and Physics ва Open Journal of Applied Sciences каби дунёнинг аниқ фанлар соҳасидаги энг нуфузли журналларида мақолалари чоп этилган.
Халқаро ва республика илмий-амалий анжуманлари иштирокчиси.

Биз Twitterда