Ғалладан бўшаган майдонга ўт ёқишнинг оқибатлари

 
2017 йилда вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан ғалладан бўшаган майдон ҳамда сомонни ёқиш бўйича 13 та ҳолат аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан салкам 7,5 миллион сўм атрофида маъмурий жарима қўлланилган. Жорий йилда бу каби ҳолатларни олдини олиш борасида давлат инспекторлари томонидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Маълумки, айни кунларда вилоятимизда ҳам бор эътибор 2018 йил учун экилган бошоқли донни нест-нобуд қилмай йиғиштириб олишга қаратилган. Қай бир ғалла майдонига борманг, қизғин меҳнат устидан чиқасиз. Кеч куздан бери қилинган заҳматли меҳнат эвазига пишиб етилган бошоқли дон пешма-пеш ўрилиб, қабул омборларига юборилмоқда. Ўз ўрнида бошоқли дон экинлари пояси сомон йиғиштирилиб, бўшаган майдонлар такрорий экин экиш учун тайёрланмоқда.
Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Айрим фермер хўжаликлари раҳбарлари ва фуқаролар томонидан ўтган йилларда бошоқли донни йиғиштириб олингандан сўнг, ғалладан бўшаган майдонларда сомон қолдиқларини ёқиб юборишгани маълум бўлган. Ана шундайлар бошоқли дон экинлари пояси сомоннинг ёқилиши натижасида атмосферага ҳавосига зарар етказишаётганини, тупроқ структурасини бузилишига сабаб бўлишини билишармикан?
 – Ҳисоб-китобларга кўра 1 гектар майдондаги бошоқли дон экинлари пояси сомон ва унинг қолдиқларининг ёқиб юборилиши оқибатида атмосфера ҳавосига 500 грамм азот оксиди, 379 грамм углеводород, 3 кг кул, 20 кг ис гази каби зарарли газлар ташланади, – дейди Vodiymedia.uz мухбири билан суҳбатда вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бўлим бошлиғи Абдулбоқи Аҳмедов. – Бундан ташқари тупроқ структураси бузилиб, эрозия ҳолати кучаяди ва натижада ҳосилдорлик камаяди, дала четларидаги тут дарахтларига зарар етади.
Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан ғалладан бўшаган майдонларга ўт ёқмаслик, бошоқли дон экинлари пояси сомон ва унинг қолдиқларини ёқиб юборишни олдини олиш мақсадида тарғибот ишлари, профилактика тадбирлари амалга оширилмоқда. Фермер хўжаликлари раҳбарлари, фуқаролар, кенг жамоатчилик иштирокида ўтказилаётган суҳбатларда асосий эътибор ғалладан бўшаган майдонларга ўт ёқмаслик, бошоқли дон экинлари пояси сомон ва унинг қолдиқларини ёқиб юборишнинг салбий оқибатларини тушунтиришга қаратилмоқда.
Ғалла майдонлари, дала четларига “Ғалладан бўшаган майдонга ўт ёқманг!”, “Атмосфера ҳавосини асраб-авайлаш барчамизнинг бурчимиздир” каби тарғибот чақирувлари ўрнатилмоқда.
Шу ўринда эслатиб ўтиш жоизки, бошоқли дон экинлари сомон поялари ва унинг қолдиқларини ёқиб юборилишига йўл қўйган фуқароларга Ўзбекистон Республикаси МЖтК нинг 88-моддаси 3-қисми бўйича энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баробаридан 5 баробаригача, юридик шахсларга эса 5 баробаридан 10 баробаригача жарима солинишига сабаб бўлади.

Биз Twitterда