Турк ишбилармон Тунжай Ўзилхан, Ўзбекистондаги Coca-Cola заводларини сотиб олади

 
Ўзбекистон Молия вазирлигида Европа тараққиёт ва ривожланиш банки, The Coca-Cola Company (АҚШ) ва Coca-Cola İçecek ширкати (Туркия) вакиллари билан музокаралар бўлиб ўтди. 
Учрашувда «Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston Ltd» корхонасига стратегик ҳамкорни таклиф қилиш масаласи кўриб чиқилди. Ушбу масалани ҳал қилишда Европа тараққиёт ва ривожланиш банки ёрдам кўрсатиши мумкин.
Айни пайтда корхонанинг 57,1 фоиз акцияси «Ўзбекозиқовқатхолдинг» компаниясига, 42,9 фоизи эса The Coca-Cola Export Corporation корпорациясига тегишли.
«Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston Ltd» қўшма корхонаси 1993 йилда ташкил қилинган. Бугунги кунда компаниянинг Ўзбекистонда 3 та: Тошкент, Наманган ва Урганчда заводлари бор.
Туркиянинг Coca-Cola İçecek ширкати, дунёнинг 19 мамлакатида 80 зиёд компанияни бирлаштирган “Anadolu Grubu” компаниялар гуруҳига тегишли. Агар Ўзбекистонда Coca-Cola корхонаси юзасидан келишувга имзо чекилса, “Anadolu Grubu” Марказий Осиёнинг беш давлатида ҳам ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган биринчи компания бўлади.
2018 йил июль ойида Anadolu Grubu бошқарув кенгаши раиси, таниқли ишбилармон Тунжай Ўзилхан Ўзбекистонга ташриф буюриб, Бош Вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилганди.

Биз Twitterда