Наманганда электротехника саноати янги босқичга кўтарилади

21 январь куни Наманган шаҳридаги “Grand Sherdor” меҳмонхонаси мажлислар залида “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раҳбариятининг электротехника саноати соҳасида фаолият юритаётган ва келажакда ушбу йўналишда янги лойиҳаларни амалга ошириш истагида бўлган тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
 
 
Унда сўнгги йилларда республикада электротехника саноатини ривожлантириш, тармоқ корхоналари фаолиятини самарали ташкил этиш, юқори қўшилган қийматли электротехника ва электромаиший маҳсулотлар номенклатурасини кенгайтиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётганлиги хусусида маълумот берилди ва қарорнинг муҳим жиҳатлари шарҳлаб берилди. Хусусан, электротехника саноати йўналишида фаолият бошлаган тадбиркорлар учун унинг аҳамияти тушунтирилди.
 
 
2019–2020 йилларда электротехника саноатини жадал ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқлангани, 2019–2021 йилларда электротехника саноатида 71 та лойиҳа амалга оширилиб, мазкур лойиҳалар учун 558,9 млн доллар сарфланиши маълум қилинди.
 “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси таркибига кирувчи корхоналар 2022 йил 1 январга қадар белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича ўзларининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб келинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган хом ашё, материаллар, бутловчи қисмлар ва асбоб-ускуналар бўйича божхона божлари тўлашдан озод этиладилар.
Шунингдек, Электротехника саноатини ривожлантириш жамғармасининг қўшимча молиялаштириш манбалари белгилаб берилгани ҳақида ҳам маълумот берилди. Мазкур фонд маблағлари грантлар ажратиш, халқаро стандартларни жорий этиш, сертификатлаштириш тадбирлари билан боғлиқ харажатларни қоплаш, стартап-лойиҳаларини молиялаштириш, бўш турган ва фойдаланилмаётган бино-иншоотларни таъмирлаш ва реконструкция қилиш, молиявий кафилликлар бериш, халқаро кўргазмалар ва ярмаркаларда иштирок этиши билан боғлиқ харажатларини қоплаш, республикада ва хорижий давлатларда кўргазма ва ярмаркалар ташкил этиш, семинарлар ўтказиш, тақдимот материаллари ва кўргазма стендларини тайёрлаш каби мақсадларга йўналтирилади.
 
 
Мулоқотда Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Окибжон Иномов, уюшма бошқа раисининг биринчи ўринбосари Мансур Ҳошимовлар иштирок этишди. 
Тадбиркорларнинг саволларига жавоб берилди. имтиёзларга эга бўлишда корхоналарга қўйиладиган талаблар, экспортни ошириш йўллари, халқаро стандартларни жорий этишдаги афзалликлар, хорижий инвесторларни жалб этишда “Ўзэлтехсаноат” уюшмасининг роли каби масалаларда қизғин мунозаралар бўлиб ўтди.

Биз Twitterда