Жонланаётган "Навбаҳор" ёҳуд Намангандаги ўйиннинг Жанубий Кореяга трансляция қилингани ҳақида

Article
“Навбаҳор” 2011 йилдан бери илк турда ғалаба қозонмай келаётганди. Ушбу нохуш анъанага бугун чек қўйилди. Намангандаги беллашув яна шуниси билан эътиборга молик бўлдики, ушбу ўйин мухлислар томонидан Жанубий Кореяга фейсбук орқали тўғридан тўғри трансляция қилинди. Уни стадионда 12 мингдан ошиқ мухлис томоша қилган бўлса, Кореяда ҳам мингдан ошиқ ишқибозлар бевосита кузатиш имкониятига эга бўлдилар. Чунки бир вақтнинг ўзида бир неча қурилмалардан телеузатув амалга оширилди.
Бевосита ўйин ҳақида қисқача маълумот берадиган бўлсак, 15-дақиқада ҳимоячилар хатосидан сўнг Мирзоҳид Ғофуров рақиб дарвозабони билан бирга-бир вазиятга чиқиб, ҳисобни очди. Иккинчи бўлимда мезбонлар катта куч билан олдинга ўтишди. Бу сафар стандарт вазият “Навбаҳор”га фойда келтирди. Бурчак тўпини Ойбек Қиличев жарима майдонига узатгач барчадан баланд сакраган ҳимоячи Ғиёс Комилов ўз номига гол ёзиб қўйди - 2:0. Қўшиб берилган вақтда Наврўз Ҳайипов ҳисобни қисқартирди.
Транслация акцияларидан бирининг ташкилотчиси, vodiymedia.uzнинг Жанубий Кореядаги вакили Абдулазиз Абдуллажанов бу ҳақда шундай дейди: “Бутун Корея бўйлаб 1000 дан ошиқ “Навбаҳор” мухлислари ўйинни бевосита кўриш имкониятига эга бўлдилар. Шахсан ўзим учрашувни Сеулда 100 га яқин ишқибозлар билан кўришга муваффақ бўлдим. Бу ерда АКТ шундай ривожланганки, телефон орқали амалга оширилган трансляцияни катта мониторга улаб, ҳудди жаҳон чемпионати ўйинларини томоша қилгандек ҳис этдик ўзимизни. “Навбаҳор”дан бу йил мухлисларнинг умиди жуда катта. Жамоада юз берган ўзгаришлар бундан далолат бериб турибди. Айниқса, Анвар Солиевнинг клубга спорт директори сифатида қайтганидан жуда хурсанд бўлдик. Бу “Навбаҳор”ни қайта жонланаётганидан дарак бериб турибди. Вақтида севимли жамоамиз ўйинларини стадионнинг ўзида 60 мингдан ошиқ ишқибоз кузатган. Яна шундай даврлар келишига ишонамиз. Ҳозир миллий терма жамоани бошқараётган Самвел Бабаян ҳам ўша пайтларда “Навбаҳор” футболчиларига тўп олиб келиб бериб юрарди. У футбол мутахассиси сифатида айнан Наманганда шаклланган. Наманганда футбол бўлган ва бўлади. Жамоанинг 90-йиллардаги муваффақиятларида Ҳакимжон Ҳошимов, Бургутали Рапиғалиевларнинг хизматлари беқиёс бўлган. Айниқса, ўша пайтларда вилоят раҳбари бўлган Б.Рапиғалиев футболнинг ашаддий ишқибози бўлиб, жамоа равнақи йўлида катта ишларни қилган. Айнан у кишининг сайъ-ҳаракатлари билан “Навбаҳор” 1996 йилда мамлакат чемпиони бўлган. Футболчилар ҳар томонлама муносиб раҳбатлантирилган ва натижалар ҳам шунга яраша бўлган. Фарғона ва Наманган раҳбарлари орасида футбол соҳасида ўзига хос кимўзарлик баҳслари уюштирилгани катта ёшдаги футбол ишқибозлари жуда яхши эслашади”
 “Навбаҳор” – “Обод” 2:1 (1:0). 3 март. Наманган. “Марказий” ўйингоҳ. 12311.
 “Навбаҳор”: 30. Асилбек Аманов, 2. Алишер Саматов, 5. Ғиёс Комилов, 7. Ойбек Қиличев (77. Азизбек Турғунбоев, 79), 9. Дилшод Жабборов, 10. Мансур Саидов (95. Тимур Талипов, 90), 19. Мирзоҳид Ғофуров, 21. Аъзам Алиев, 33. Тоҳир Шамшитдинов (22. Рўзим Аҳмедов, 59), 44. Дарко Станоевич, 84. Неманья Йованович.
"Обод": 1. Ширинбой Абдуллаев, 2. Аброр Хусинов, 3. Анвар Ғофуров, 4. Фарход Мираҳматов, 5. Ғайрат Умиров, 7. Санжар Риҳсибоев, 8. Дониёр Ҳасанов, 9. Павел Соломин (21. Наврўзбек Ҳайипов, 53), 10. Суннатила Эрматов, 11. Шоҳруз Норхонов, 19. Сардор Қаҳҳоров.
Голлар: М. Ғофуров (15), Ғ. Комилов (50) – Н. Ҳайипов (90+1).
Огоҳлантиришлар: М. Ғофуров (63). Д. Станоевич (80) – Ш. Абдуллаев (15), А. Ғофуров (80).
©vodiymedia 

Биз Twitterда