Ўзбекистонда 24 соат газ ва электр таъминотининг йўли бор! Газ таъминотига хусусий сектор жалб этилмоқда

Биз ахборот порталимиз орқали бундан уч ой бурун "Ўзбекистонда 24 соат газ ва электр таъминотининг йўли бор!" номли мақола эълон қилгандик. Унда "..ҳозирги кунда энг долзарб муаммолардан бири электр, газ, иссиқлик тизими, сув каби коммунал хизматлар учун тўловларни йиғиш бўлиб қолмоқда. Аҳоли баъзи қатламларининг ҳуқуқий онги ва фуқаролик масъулияти етарли эмаслиги ва маълум қисм одамларда эски даврга хос фикрлаш, яъни “давлатники – бу ҳеч кимники эмас” қабилида мулоҳаза юритиш мавжудлиги бу иллатнинг газак отишига сабаб бўлаётгани.." ва бошқалар ҳақида ёзилганди. Бу муаммони ечиш учун тизимга хусусий секторни жалб этиш таклифи ўртага ташланганди. Ниҳоят бу борад амалий ишлар бошланди.
 
 
Тошкентда ва ҳудудларда газ таъминоти объектларининг бир қисми газ тақсимлаш тармоқларидан фойдаланиш ва табиий газни сотиш учун хусусий операторларнинг ваколатли бошқарувига ўтказилади. Бу Президентнинг 20 апрелдаги қарорида кўзда тутилган, деб ёзади «Газета.uz».
Синов лойиҳаси доирасида Тошкентда хусусий операторга Бектемир туманининг «Бектемиртумангаз» туман эксплуатация хизмати объектларини ўтказиш режалаштирилмоқда. Қорақалпоғистонда «Кегейлитумангаз», Андижон вилоятида «Шаҳрихонтумангаз», Бухорода — «Когонтумангаз», Жиззахда — «Зоминтумангаз», Қашқадарёда — «Қаршитумангаз», Навоийда — «Қизилтепатумангаз», «Наманганда — «Намангантумангаз», Самарқандда — «Нарпайтумангаз», Сурхондарёда — «Жарқўрғонтумангаз», Сирдарёда — «Янгиершаҳаргаз», Тошкентда — «Янгийўлтумангаз», Фарғонада — «Олтиариқтумангаз» ва Хоразм вилоятида эса «Янгиариқтумангаз» филиали объектлари ваколатли бошқарувга ўтади.
Ваколатли бошқарув 1 июндан жорий этилиши режалаштирилмоқда. Хусусий операторлар танлов бўйича саралаб олинади. Улар учун газ савдоси ҳажмининг 21 фоизидан кўп бўлмаган комиссия мукофоти кўзда тутилган.

Биз Twitterда