Жаҳон мамлакатларида "матбуот эркинлиги" бўйича рейтинг эълон қилинди, мустақил сиёсати "кимларгадир" хуш келмаётган Ўзбекистонни яна "қора рўйхат"га қўшишибди!

 
Очиғи, оммавий ахборот воситаси сифатида фаолият олиб боргандан кўра, “VODIY MEDIA”нинг профилини ўзгартириб, халқаро рейтинг ташкилотига айлантиришни ўйлаб ҳам турибмиз. Сабаби, ит ҳам бит ҳам ўзича маълум бир соҳада рейтинг тузиб, эълон қилиб юрган бир даврда бизнинг рейтингларимиз маънилироқ, асослироқ, ишончлироқ бўлишига ҳеч шубҳа йўқ.
Францияда фаолият олиб борувчи “Чегара билмас мухбирлар” халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти дунёнинг 180 мамлакатида фаолият юритувчи ОАВлари эркинлиги ва сўз эркинлигига доир ҳисоботини эълон қилишни ўзига одат қилиб олган. Нодавлат нотижорат ташкилот деб ўтманг, 100 дан зиёд доимий ходимга эга ташкилот, бир йиллик келиб тушган пул бир неча миллион еврони ташкил қилади. Асосий ҳомийлари орасида кимсан “рангли инқилоблар” бош ташкилотчиси сифатида эътироф этилиб келаётган Жорж Сороснинг фондига қарашли “Очиқ жамиятлар” институти ҳам бор-а!
Хуллас, тушундингиз бу рейтинг косаси тагида қандай нимкоса борлигини.
Энди рейтингга келсак, очиғи, бундай субъектив, нохолис рейтингни изоҳлаш, Ўзбекистонга 180 мамлакат орасида “лойиқ кўрилган” 169-ўрин юзасидан фикр билдириш ҳам бемаънилик бўлади, чунки рейтингнинг ўзи тўла бемаънилик. Сабаби, матбуот эркинлиги нима ўзи? Буни баҳолашнинг асосий талаблари қанақа? Агар матбуотнинг жамиятни бузишга, одоб-ахлоқ нормаларини йўқотишга, инсонларни диндан-имондан чиқаришга, мамлакат Мустақиллигига раҳна солувчи фикрларни аҳоли онгига сингдиришга, беҳаёликни тарғиб қилишга хизмат қилиши бу – матбуот эркинлиги бўладиган бўлса, бунақа эркинлик матбуотимизга керакми???
Бугунги кун ахборот хуружлари даврида мана шундай рейтинглар, хулосалар, таҳлиллар эълон қилиниши ва уларни маълум кучлар манфаатига хизмат қилувчи “дунё медиаси” орқали халқаро ҳамжамият онгига сингдиришга уринилиши, бу орқали Ўзбекистон каби мустақил ташқи ва ички сиёсат юритаётган давлатларга босим ўтказишга уринилаётгани ҳеч кимга сир бўлмай қолди.
Энг ачинарлиси, мана шунақа “холис рейтингларни” Ўзбек матбуоти вакиллари ҳам айнан “керакли” шаклда ўзбек ахборот оламига киритишаётгани! Бу борада ёндашувни ўзгартириш даври керак, ҳамкасабалар!
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда