Ватан ҳимоячилари куни Наманганда катта шодиёнага айланди

Наманган вилоятида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 28 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан катта байрам тадбири ўтказилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда. 
 
 
Наманган шаҳридаги Алишер Навоий номидаги вилоят мусиқали ва драма театрида ўтказилган тантанали тадбир, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров томонидан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг байрам табригини ўқиб эшиттириш билан бошланди.
Вилоят ҳокими, ўз номидан ҳам ҳарбийларни, уларнинг тимсолида бутун вилоятимиз аҳлини Ватан ҳимоячилари куни билан самимий муборакбод этиб, ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги тарбиянинг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бораётгани, аҳолини, аввало, ёшларни шундай руҳда тарбиялаш тизимини ҳарбийлар билан биргаликда шакллантириш, “Эр йигит эр йигитни тарбиялайди” тамойилини ҳаётга тадбиқ этиш, армиянинг халқ билан бирдамлигини таъминлаш Давлатимиз раҳбари томонидан қўйилаётган асосий вазифалардан бири эканини қайд этди.
 
 
Тадбирда Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони ўринбосари Собиржон Байбабаев, Миллий гвардия, кучишлатар тузилмаларнинг вилоят бошқарув органлари раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг раҳбарлари ва ҳарбий хизматчилари, шунингдек, давлат, жамоатчилик ва ёшлар ташкилотларининг вакиллари иштирок этдилар.
 
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 28 йиллиги муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига кўра “Жасорат” медали билан тақдирланган Байрамбек Мунтурганов ва Ғолибжон Сиддиқов, “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирланган Иқболжон Тўхтасинов ва “Шуҳрат” медали билан тақдирланган Абдуғаффор Ҳайдаровга юксак давлат мукофотлари вилоят ҳокими томонидан топширилди.
 
 
Наманган вилоятида фаолият олиб бораётган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бир гуруҳига вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқлари ҳамда совғалари тақдим қилинди.
Ватан ҳимоячилари куни тантанаси Наманган шаҳридаги “Шодиёна” мажмуасида байрам дастурхони ҳамда катта концерт дастури билан давом эттирилди.
 

Биз Twitterда