Ўзимизда пишган папайя, банан емоқчимисиз? Мирмирондаги тропик боққа келинг!

Article
Айтиш жоизки, кейинги йилларда томорқада иссиқхона барпо этиш кенг урф бўлди. Мазкур фаолият қишнинг қаҳратон кунларида ҳам бозорга сархил маҳсулот этказиб бериш имконини яратаяпти. Кимдир помидор ва бодринг парваришига асосий эътибор қаратса, иссиқхонада турли кўкатлар экиб ҳам яхши фойда қилаётганлар топилади.
Қарши туманининг Мирмирон маҳалласида яшовчи Улуғбек Қаршиевнинг қизиқиши эса кўпроқ тропик ўсимликларга тушган. "Ҳозир иссиқхонамизда 200 туп лимон, мандарин ва апелсин кўчатлари бор. Бананлар ҳам ҳосил бераяпти. Гулларни эстетик завқ олиш учун экканмиз. Ҳар бир ўсимликнинг ўзига хос агротехникаси бор. Парваришни вақтида қилиш керак." деб танитишга бошлади ўз ишини Улуғбек.
Иссиқхонани кузатишда давом этарканмиз, у ердаги дарахтлар орасида бўйи 5-6 метрча келадиган, барглари шапалоқдек, ҳали пишиб улгурмаган мевалари қовунни эслатадиган дарахт эътиборимни тортди. Унинг ёнига бориб, синчиклаб қарай бошладим. Буни сезган томорқачи савол бермасимданоқ сўз очди: 
- Папайя дегани шу бўлади, деҳқонлар уни "қовун дарахти" деб ҳам аташади. 3-4 йилча аввал кўчатидан эккандик. Папайяни шифобахш ўсимлик деб билишади. Ерга қадаганингиздан сўнг 6-7 ойда ҳосилга киради. Мевасининг оғирлиги 6-7 килограммгача етади. Бир туп папайядан 50-60 донагача мева олиш мумкин. Иссиқ иқлимда ўсгани боис иссиқхона шароитига яхши мослашади. Аммо касалликка тез чалиниб, бирдан қуриб қолиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Шу боис бу ўсимликка ўта эътиборли бўлиш талаб этилади. Иссиқхона ҳарорати 10 даражадан юқори бўлганида папайя тинмай гуллайверади. Шунда ҳосилиям мўл бўлади. Маълумотларга кўра, пўсти олтин ранг, ичи зангори бу дарахт одатда тропик ўлкаларда ўсар экан. Мазаси ва ҳиди янги узилган қовунни эслатади. “Қовун дарахти” дейилиши ҳам шундан. Папайянинг мингдан ортиқ нави бор. Қайси мамлакатда ўсишига қараб нафақат мевасининг кўриниши, балки мазаси ҳам фарқ қиларкан. Бироқ уларнинг барини бир хусусият бирлаштириб туради – тўйимлилик ва саломатлик учун фойдалилик. Юз грамм папайянинг энергетик қуввати 26-74 калорияга тенг. Таркибида глюкоза, фруктоза, органик кислоталар, оқсил ва турли витаминлар мавжуд. Шунингдек, унинг ўсимлик ферменти - папаин бўлиб, у худди ошқозон шираси кабидир.
 

Биз Twitterда