Ўзбекистон-Туркия муносабатларида янги давр бошланди

 
27 февраль куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Рустам Азимов бошчилигидаги делегация Истанбулда Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг қабулида бўлди. Учрашувда, Туркия томонидан Туркия бош вазири ўринбосари Туғрул Тюркеш, иқтисодиёт вазири Ниҳат Зейбекчи ва миллий мудофаа вазири Фикри Ишик ҳам иштирок этдилар. ОАВ учун ёпиқ бўлган бу учрашув ҳақида Туркиянинг расмий ахборот агентлиги – “Анадолу” хабар берди.
Бугун турк давлатининг жорий дунёвий тизимини ағдаришга уринган, АҚШ махсус хизматлари қўлтиғига кириб олиб, Туркиядан қочиб юрган Фетхуллаҳ Гюленга оид таълим муассасаларида фаолият юритувчи ўқитувчилар 1999 йилги Тошкент воқеаларига алоқадорлиги аниқлангач, ўзбек-турк муносабатларига совуқлик кирганди.
Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг Ўзбекистон биринчи Президенти Ислом Каримов вафотидан сўнг ноябрда Самарқандга фотиҳага келиши доирасида Шавкат Мирзиёев билан учрашуви икки қардош ўлка ўртасида алоқалар яна илиқлашишига асос бўлди.
Истанбулдаги Туркия-Ўзбекистон Бизнес Форумида ҳам иштирок этган Рустам Азимов Ўзбекистон Туркия билан нефт ва кимё саноати, олтин, кумуш, уран қазиб олиш, шунингдек, қурилиш, тўқимачилик, мева-сабзавот ва туризм соҳаларида ҳамкорлик қилиши мумкинлигини таъкидлади.
Бугунги кунда турк ширкатларини Ўзбекистонга инвестиция киритишга жалб этилиши, қўшма корхоналар очишларига ташвиқ этиш Ўзбекистон билан тенг равишда Туркия учун ҳам фойдалидир. Чунки Европа бозорида ўз ўрнига эга бўлган турк бизнеси Ўзбекистонда арзон ишчи кучи ва хом-ашё ресурсларидан фойдаланган ҳолда ўз маҳсулотлари таннархини пасайтиришга эришишлари табиий.
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда