Ҳукумат аянинг ўғли Акмал Нур

 
Ўтмиши маънавий-ахлоқий ҳамда маданий илдизларга бой, маърифатли ота-боболаримиз миллий қадриятларимиз тайзиқ остида қолган замонларда ҳам ўзлигимизни унутишмаган, улкан орзулар қилишдан тўхташмаган, умидсизланишмаган. Аксинча, ҳар қандай вазиятда фарзандларини аждодларга мос авлод руҳида тарбиялашга интилишган.
Тўқсонни қоралаб бораётган янгиқўрғонлик Ҳукуматхон ая Нуриддинова ҳам ана шундай юртдошларимиздан бири. Эл-юртнинг фахри ифтихорига айланган, иқтидорли рассом академик Акмал Нурдек ажойиб инсоннинг волидаи муҳтарамаси.
У олти нафар фарзандни боқиб катта қилиш осон бўлмаган собиқ иттифоқ даврида озмунча қийинчилик ва машаққатларни бошидан кечирмади. Аммо ўғил-қизларни келажаги ҳақидаги улкан орзулар баробарида улар рўёби учун имкон яратишга, фарзандларни руҳлантиришга астойдил интилди. Бугунгидек дориломон замонлар келишига умид қилди. Шу боис бугунги кунларга етганига, эъзоздаги кексалардан эканига ҳар кун, ҳар он шукроналар келтиради. Айниқса, набиралари ҳамда маҳалла ёшларига бугунгидек эркин ва кенг имкониятли юртда яшашни қадрлаш, ўқиб, изланиш келажак учун муҳимлигини қайта-қайта такрорлайди.
Фарзандлари Мунаввархон, Акмалжон, Муҳаррамхон, Одилжон, Орифжон, Аҳмаджонлар билан бирга уларнинг турмуш ўртоқлари ўғил-қизлари, набираю эваралар жамулжам бўлган даврада онахоннинг тилидан шукроналигу панд-насиҳатлар тушмайди. Кўзи қувонч ёшларига тўлганча ўтган кунлар бир-бир эслаб туради.
Ахир, Наманган шаҳрининг Зирабулоқ маҳалласида туғилган Ҳукуматхон ая умри давомида не-не кунларни бошидан ўтказмаган дейсиз! Очликдан, совуқдан кўча-кўйда ҳаёт билан видолашган қанчадан-қанча инсонларни қиёфалари бир умр хотирасига муҳрланиб қолган. Раҳматли онаси Ойимхон аядан эшитишича, ниҳоятда илмли, айниқса, Навоий асарларидаги жуда кўп қаҳрамонларни расм орқали ифодалашга уста дадаси Эшондада ота ана шу оғир шароит туфайли вафот этган. Онаси иккинчи марта турмушга чиққан Аббосхон дадаси эса ўқимишли ва жуда меҳрибон, дунёқараши кенг киши эди. Бу оилада у ўгайлик нима билмай улғайиб, Маъруф, Ўктамхон исмли ука-сингилли бўлди.
Иккинчи жаҳон урушидан етти йил деганда юртига қайтган, узоқ йиллар Янгиқўрғон тумани халқ хўжалиги ривожига ҳисса қўшган Ваҳобжон Нуриддиновдек фидойи инсонга турмушга узатилганда аслида барча яхши-ёмон кунлар ҳали олдинда эканини билмасди.
Ўзига тўқ, обрўли, ҳамиша янгиликка интилиб яшайдиган, най ва дуторни сайратиб чаладиган қайнотаси Нуриддинхўжа ўша вақтдаги одамлар тилида «шайтонарава» дейиладиган велосипедни биринчи бўлиб минганди.
Илгари бугунгидай фаровон ҳаёт қуришга, янгиликка интилган бу каби инсонларни дарров пайини қирқишарди. Бир тийин ёки битта ғалтак учун ҳам одамлар осонгина қамаб юборилаверган. Айниқса, халқни ортидан эргаштира оладиганлар айбсиз ҳам кутилмаганда панжара ортига тушиши ҳеч гап эмасди. Шунинг учун раҳбарлик лавозимида ишлаётганлар ва уларнинг оиласи юрак ҳовучлаб яшарди.
Жангларда тобланган, табиатан юмшоқфеъл ва ҳамиша халққа жон куйдирадиган Ваҳобжон Нуриддинов туман ижтимоий таъминот бўлимини ҳалол бошқараётган тажрибали раҳбар эди. Қама-қама бошланган кезлар ёппасига жазога тортилган йигирма беш киши қаторида уни ҳам қамоққа олишди. Лекин Ваҳобжон ака умрининг охиригача нега ва нима учун қамалганию яна қандай қилиб, ўз-ўзидан оқланиб озодликка чиққани сабабини билмай ўтди. Эрининг ноҳақ қамалиши туфайли икки нафар фарзанди билан шундоғам қийналиб яшаётган Ҳукуматхон ая кўчага ҳайдалиб, ота мерос ҳовлиси давлат ихтиёрига мусодара қилиб юборилди. Ана шундай кунларда ҳам ёруғ кунлардан умидвор аёл фарзандларини комил инсон қилиб тарбиялашга интилди. Уларни қалбига эзгу-тушунчаларни синдириб, ойдин орзулар сари йўллади.
Хайриятки, Ваҳобжон ака кўп ўтирмай оқланиб чиқди ва яна ишга қайтди. Туман тайёрлов идораси бошлиғи, меҳмонхона мудири вазифасида ишлаб аввалгидек элга сидқидил хизматда бўлди. Оддий уй бекаси Ҳукуматхон ая турмуш ўртоғи билан ўғил-қизларига ҳамиша яхши тарбия беришга эътибор қаратишди. Уларни ҳеч бирининг қизиқишини назардан қочиришмади. Жумладан, болаликдан табиати нозик Акмал ака ҳам доимо уларнинг эътиборида бўларди.
Бир куни уни ўрик дарахтининг ғўласини рубоб ўрнида чалиб қўшиқ куйлаётганини кузатган ота-она маслаҳатлашиб оила харажатларини камайтиришса-да рубоб олиб беришди. Мусиқа билан шуғулланишига имкон яратиб, махсус мактабга беришди. Унинг жуда кўп китоб ўқиши ва сурат чизишини, баъзан шеър машқ қилиб туришини ҳам ота-она доимо рағбатлантириб туришарди. Ваҳобжон ака маҳалладоши, ўша пайтда ўзи каби туманда раҳбар лавозимида ишлаган Абдусаттор Раҳматов билан оилавий дўст эди. Қадрдонлар кўпинча бадиий адабиёт, мусиқа, санъатга ошуфта ўғиллари Акмал билан Нўъмонжоннинг келажаги ҳақида ширин озулар қилишарди.
Одатдаги мактаб кунларидан бирида иккала дўст ҳам ўша замоннинг сиёсатига бўйсуниб, бир соат ўқигач, синфдошлари билан даладаги ғўзанинг қатқалоғини кўчиришга жўнашди. Ўша куни уларни ортидан Нўъмоннинг дадаси қидириб борди ва икковини Тошкентга, рассомчилик бўйича ўқишга олиб кетишини айтди. Севинчи ичига сиғмаган ўсмирлар қўлдаги кетмонларини отганларича, бир-бириларни қучоқлаб роса сакрашди. Эҳтимол ўшанда Абдусаттор ака, Акмалнинг дадаси билан маслаҳатлашувга кўра, ўз ўғлига қўшиб уни ҳам Беньков номидаги санъат билим юртига олиб боргани буюк рассом бўлиши йўлидаги турткилардан бири бўлганди. Худди оталарига ўхшаб, Нўъмон Раҳматов билан дўстлик даврлар Акмал ака учун бир умр қадрли хотираларга айланди. Дунёдан эрта ўтиб кетган ноёб иқтидор эгаси ва қалби дарё дўсти Нўъмонжон ҳамда унинг отаси Абдусаттор акани кўп эслайди. Ҳар гал қишлоққа келса энг аввало улардан ёдгор, онасидек меҳрибон (яқинда оламдан ўтган) Турсунхон аяни йўқлаб, дуосини оларди. Акмал акадаги дўстликка садоқат, яқинларига нисбатан меҳр-оқибат, сабр-тоқат, оилапарварлик аждодлари ва ота-онасидан юққан фазилат.
 Ҳукуматхон ая билан Ваҳобжон ота ўстирган ўқитувчи, рассом, иқтисодчи, тадбиркор, ҳунарманд ўғил-қизлар ва уларни бугунги авлоди ҳам ана шу меросни давом этиришмоқда. Бу оилага ва айниқса Ҳукуматхон аяга академик Акмал Нурнинг оиласи, онасилиги учунгина эмас балки эл-юрт хурматига сазовор ибратли хонадон бекаси, кўпни кўрган тажрибали нуроний ҳамда тўрт келин – санъатшунос, ўқитувчи, тарбиячи, маданият ходими Камола, Салима, Зулфия, Маликанинг яхши қайнонаси, ҳамиша қўни-қўшнилардан ёрдамини аямайдиган инсон сифатида барча ҳавас қилади.
Бир пайтлар Ҳукумат ая пойтахтда ўқиётган ўғлининг йўлкирасига пул топиб беролмаган кезлар ҳатто ота-онасидан мерос тақинчоғигача сотишга мажбур бўлганда ҳам боласи учун асло оғринмаганди. Аксинча буларни дилбандининг келажаги йўлидаги ширин ташвишларга сарфлаганидан қувонганди. Ўғлини курсдошлари меҳмонга келишса борини тўкиб солиб, тухуми рўзғорига барака киритиб турган катакдаги товуғигача сўйдириб мазали таом билан сийларди. Рўзғор тебратишу ширин муомала, кўнгил олишни, меҳмон кутиш каби яхши жиҳатларни маҳалла бекалари ундан ўрганишган. Меҳри дарё, меҳмондўст ва соддадил аёлни ана шу фазилатлари туфайли кўпчилик танийди ва тез-тез йўқлаб туришади.
Акмал Нур туғилиб ўсган оила муҳитига барчанинг ҳаваси келади. Бу даргоҳда ўзаро ҳурмат,бир-бирига илиқ муносабат ва меҳр барча нарсадан устун. Гарчи пойтахтда яшаса-да, худди бир қадамдек Янгиқўрғоннинг Бешбулоқ маҳалласига тез-тез дийдорга ошиқадиган Акмал Нур отасидан ёдгор онаизор учун муҳим ишларию чет элдаги сафарларидан ортиб ҳамиша вақт топишга ҳаракат қилади. Уни бисотидаги энг азиз ва бебаҳо бойлик сифатида асраб-авайлайди. Кунда икки-уч маротаба қўнғироқ қилиб бўлсин, ҳол-аҳвол сўрашдан эринмайди. Шунингдек, ҳар галги ташрифида ота-онасидан юққан камтарлик, самимийлик билан қўни-қўшни ва маҳалла-куйчилик анъаналарини ўрнига қўйишни канда қилмайди.
Бугун юртимизнинг кўзга кўринган иқтидорли рассоми академик Акмал Нурнинг ижоди эмас, балки уни шу даражага етишига сабаб бўлган муҳит ва ибратли жиҳатлар ҳақида сўз юритдик. Зеро, у ўз-ўзидан Акмал Нур деган рассом бўлиб қолмади. Балки, бунга қондан ўтган истеъдод ҳамда ўзи учун берилган имконият ва эътиборни қадрлаб, тинимсиз ўз устида ишлаш, изланиш, машаққатларга чидаш эвазига эришди. Ахир, неча марталаб ижод устахонасида тонг оттирмаган ёки стипендиягача қийналса-да, уйидан ёрдам сўрашни ор санагани учун ҳар қандай ҳалол меҳнатдан қочмаган. Шу боис ҳамиша ютуқлари замирида ота-онасининг хиссасини устозларидан кам билмайди. Чунки буларнинг барчаси уни қон-қонига сингдирилган азалий қадриятлар руҳидаги тарбиянинг маҳсулидир.
- Илоҳим, юртимиз тинч бўлсин, дейди дуога қўл очган рассомнинг онаси.- Мустақиллигимиз бундан-да мустаҳкам бўлиб, юртимиз фаровонлашиб, довруғи янада ошаверсин. Тинчлигимизга кўз тегмасин. Ҳар кимга фарзандлар бахти-камолини кўриш ва кексаликда биз каби эъзозда яшаш насиб этсин.
Шаҳзода АКБАРОВА
vodiymedia.uz учун махсус

Биз Twitterда