Ҳукумат ноширлар ва адибларни молиявий рағбатлантиради!

Article
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 12 январда "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида" фармойиш берди. 
Бу ҳужжат Ўзбекистонда ноширликни янги поғонага кўтаради деб эътироф этиш мумкин. 
Фармойишда "Бадиий, маърифий, илмий-оммабоп, тарбиявий, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган адабиётларни чоп этиш, улар билан таълим муассасаларини таъминлаш, миллий ва жаҳон адабиёти намояндаларининг етук асарларини саралаш, таржима қилиш ишлари пухта ўйланган тизим асосида ташкил этилмаганлиги, чоп этиладиган китобларни нашриётлардан ҳудудларга арзон нархларда етказиш, онлайн буюртма бериш ва манзилга етказиш тизими суст ривожланганлиги, шунингдек, аҳолига хизмат кўрсатишда электрон китоб шаклларидан кенг фойдаланиш яхши йўлга қўйилмаганлиги,янги китоблар тақдимотини ўтказиш, мутолаа маданиятини ошириш, шу жумладан, оммавий-ахборот воситалари орқали тарғибот-ташвиқот қилишга қаратилган тадбирлар етарли эмаслиги" кўрсатилиб, бу камчиликларни бартараф этиш учун Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги ишчи гуруҳга бир ой муддатда соҳа мутахассислари ва экспертларини кенг жалб қилган ҳолда, илғор хорижий тажрибаларни инобатга олиб, қуйидаги масалаларни атрофлича ўрганиш ва чуқур таҳлил қилиш асосида қуйидагилар юзасидан тегишли таклифларни ишлаб чиқиш топширилди: 
Ноширлар ва адибларни молиявий рағбатлантириш, болалар адабиётига ихтисослашган нашриётларга молиявий имтиёзлар бериш ва моддий қўллаб-қувватлаш тизимини шакллантириш, матбаа корхоналари ва нашриётларга китоб ишлаб чиқариш учун сифатли қоғоз ва матбаа хомашёларини четдан харид қилиш тартибини такомиллаштириш; 
китоб тарқатиш тизимини янада ривожлантириш ва аҳолининг кенг қатламини қамраб олиш, китоб маҳсулотларининг нархини шакллантириш ва сотиш бўйича аниқ механизмларни ишлаб чиқиш; 
ихтисослашган китоб дўконлари учун вилоят, туман марказлари ва шаҳарларда ҳамда қишлоқларда аҳоли гавжум ва қулай ҳудудлардан жой ажратиш ёки ижарага бериш масалаларини қайта кўриб чиқиш, сотув айланмасида китоб улушининг ҳажми 70 фоиздан кўп бўлган тадбиркорлик субъектларини алоҳида статистик ҳисобга олиш ва уларга тегишли солиқ имтиёзлари қўллаш; 
мавжуд ахборот-кутубхона муассасалари аҳолининг кенг қатламларига хизмат кўрсатиши зарурлигидан келиб чиқиб, уларнинг вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар бўйича жойлашиш ва бўйсуниш тартибини қайта кўриб чиқиш, фаолияти ҳамда ўзаро ҳамкорлигини такомиллаштириш; 
ахборот-кутубхона муассасаларининг, айниқса, таълим соҳасидаги ахборот-ресурс марказлари фондларини шакллантиришда ўқув адабиётлари билан бир қаторда бадиий, маърифий, илмий-оммабоп адабиётлар рўйхатини ҳамда уларни харид қилиш бўйича харажатлар сметасини қайта кўриб чиқиш; 
чоп этилаётган китобларни аҳоли ўртасида оммавий ахборот воситалари, жумладан, “Маданият ва маърифат” телеканали орқали тарғиб қилиш, таълим муассасалари, кутубхоналар, маҳаллаларда китоб муаллифлари билан ижодий учрашувларни тизимли равишда ташкил этиш ҳамда таълим муассасалари, айниқса, мактабгача ва бошланғич таълимда ўқиш маданияти ва мутолаа кўникмаларини шакллантириш; 
таълим муассасаларида синфдан ташқари ўқиш учун тавсия этилган ўзбек ва чет эл адибларининг мумтоз ва замонавий асарларини танлаб, хрестоматия адабиётлари рўйхатларини қайта кўриб чиқиш ва ўқув жараёнига мутолаа этилган асарлар асосида иншо ёзиш тизимини жорий этиш, адабиёт тўгараклари фаолиятини моддий қўллаб-қувватлаш тизимини қайта қўриб чиқиш; 
ҳудудларда ёзувчи-шоирлар иштирокида китоб байрами ва ярмаркаларини ташкил этиш, аҳоли ўртасида бадиий жиҳатдан юксак миллий ва жаҳон мумтоз адабиётлари намуналарини тарғиб қилиш, китобхонлар, босма ва электрон китоб ишлаб чиқарувчилар, китоб сотувчилар ҳамда кутубхоначи ва тарғиботчилар орасида танловлар (“Йилнинг энг яхши китоби”, “Энг яхши китобхон оила”, “Йилнинг энг яхши болалар китоби”, “Йилнинг энг яхши аудио китоби”, “Йилнинг энг яхши электрон китоби” каби) ўтказиш тизимини такомиллаштириш. 

Биз Twitterда