Туркиянинг янги элчисидан Ўзбекистон халқига

Туркиянинг Ўзбекистондаги янги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмет Башар Шен 2016 йил 28 декабрда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловга ишонч ёрлиғини топширди ва юртимизда ўз фаолиятини бошлади. Қуйида Аҳмет Башар Шеннинг юртимиз аҳлига мурожаатини келтирамиз:

Қадрли Ўзбекистонлик Қардошларим,

Турк дипломатлари учун Туркий халқларнинг ота юрти сифатида билинган Ўрта Осиёнинг туркий республикаларида фаолият олиб бориш ҳар доим ҳам ўзига хос бир ғурур беради. Бу сабабдан, динимиз, тилимиз ва маданиятимиз бир бўлган қардош ўлка – Ўзбекистонда Фавқулодда ва мухтор элчи ўлароқ ишга бошлаганимдан катта ифтихор ва мамнуният ҳис этмоқдаман.

Буюк тарихга, бой маданиятга, жуда кўп табиий бойликларга ва 32 миллионга яқин аҳолига эга бўлган Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасининг энг аҳамиятли мамлакатларидан биридир.

Вазифам даврида Ўзбекистон ва Туркия муносабатларини ҳар соҳада икки ўлканинг буюклиги, тарихий қардошлиги ва иқтисодий кучига мос даражага чиқариш учун Элчихонамизнинг барча бўлинмаларида иш юритаётган ҳамкасбларим билан биргаликда бор куч-ғайратимизни сарфлашимизга ишончингиз комил бўлсин.

Элчихонамиз эшиклари Ўзбекистонлик қардошларимиз учун ҳар доим очиқ эканини таъкидлаган ҳолда, бу мурожаатимни ўқиган барчага саломларим ва ҳурматларимни изҳор қилиб қоламан.

Аҳмет Башар Шен,

Туркия Жумҳуриятининг Ўзбекистондаги элчиси

 

Маълумот ўрнида: Аҳмет Башар Шен 1967 йили Туркиянинг Эзине шаҳрида туғилган. Анқара Университетининг Халқаро алоқалар бўлимини тамомлаган. Истанбул университети Ижтимоий билимлар институтида ва Штутгарт университети Сиёсий билимлар ҳамда немис тили ва адабиёти бўлимида илмий изланиш билан шуғулланган.

Туркия ташқи ишлар вазирлигида 1996 йилда ишга бошлаган. Ўтган давр мобайнида Туркиянинг Германия, Белорус ва АҚШдаги элчихоналарида фаолият олиб борган. 2012 йилдан Тошкентга келгунча Германиядаги Берлин консуллигида Бош консул лавозимида ишлаган.

Уйланган, икки фарзанди бор. Турмуш ўртоғи Биргит Шен Штутгарт олий мусиқа мактабининг пианино бўлимини битирган.

Биз Twitterда