Тинчликнинг буюк ҳимоячиси

Article

Бу йилги сентябрь ғариброқ келди. Олтин нисбати берилувчи фаслнинг ҳароратию шашти кўзга кўринмади... 

Пойтахтнинг гавжум кўчалари ҳувиллаб қолгандай гўё, сас-садо чиқмай қолди... 

Сентябрнинг олтинчи куни. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида, Женева ва Рим шаҳарларидаги биноларида БМТ байроқлари туширилди. Ўзбекистонга елкама-елка дунёнинг кўпгина давлатлари мотам тутди. Қайғуга ботди. Миллионлаб қалбларга оғриқ тушди. Бир Инсон учун! 

Ҳаётнинг моҳияти, қадр-қиммати – қандай яшамоқликда. Қандай яшашни Ислом Каримов сиймосидан ўрганса, ибрат олса арзийди. Бир умр вулқондек ловуллаган юрак, донишманд ақл, узоқни кўра олувчи туйғу ва соф виждон билан яшаш шараф эмасми?! Бундай яшаш осон эмас. Ислом Каримов ана шундай оғир ва масъулиятли қисматни танлаган эди. 

Самарқанднинг оддий оиласида улғайган болакайнинг кун келиб жаҳон минбарларида Ўзбекистон, бутун минтақа тақдирини ҳал қилувчи муаммоларга ечим излашини, халқаро тинчликка улкан ҳисса қўшган буюк сиёсий арбоб бўлишини ким ҳам ўйлаганди? Ҳаммаси – Яратганнинг назари, ўзининг меҳнати, тафаккури, ботирлигидан, юраги элим деб, юртим деб, уришидан. 

“Буюк шахсларни миллат қайғуси, халқ дарди яратади”, “Инсон ҳаётида шундай дамлар бўладики, шахсий дард-аламлар юки уни эзиб ташлайди, руҳий ёки жисмоний дарддан дунё қоронғи бўлиб кетади. Бундай пайтларда фақат катта юрак, букилмас ирода эгаларигина ўзини унутишга қодир бўлади”, деганди Биринчи Президентимиз гўё таржимаи ҳолини айтаётгандек. 

Инсон зоти борки, ҳаловатга, хотиржамликка интилади. Дунёнинг барча гўзал неъматлари тинчлик бўлсагина, татийди-да. Ислом Каримов дунёда тинчлик элчиси, тинчлик жарчиси, тинчлик ҳимоячиси бўлиб келди. Қаерда бўлмасин, шу эзгу мақсад учун жон куйдирди. 

"...Бу қурол-яроғлар қаердан келаяпти ва улар экстремистлар билан террорчиларнинг қўлига қандай тушиб қолаяпти? Биродаркушлик урушлари бўлаётган жойларга қуролларнинг бундай оқимини тўхтатиш учун жаҳон ҳамжамияти нима қилаяпти ва нималар қилиши лозим? Халқларнинг манфаатларига, миллатларнинг тақдирига ва миллионлаб кишиларнинг ҳаётига дахлдор бўлган бу саволлар ўз жавобини кутаяпти. 

Шуни эътироф этишга тўғри келадики, кўп ҳолларда нуфузли халқаро ташкилотлар можароли вазиятларга, ифодали айтганда, ёнғин ҳиди эндигина чиқаётган пайтда эмас, балки батамом ловуллаб кетганда, бартараф этиш қийин бўлиб қолгандан кейингина эътибор бера бошлайдилар. Жаҳон ҳамжамияти можаролар кучайишининг олдини олиш мақсадида кўп ҳоллардаги бефарқ кузатувчи ролидан фаол тинчликпарвар нуқтаи назарига ўта бориши керак”. 

БМТ Бош Ассамблеясининг 48-сессиясидаги нутқдан. 1993 йил 28 сентябрь, Нью-Йорк. 

"...Давлатларнинг умумий қирғин қуролларини тарқатмаслик ва, айтган бўлардимки, бу қуролларнинг сайёрамиз бўйлаб ёйилишига йўл қўймаслик юзасидан олган мажбуриятларига қатъий риоя этишларига эътиборни кучайтириш зарур. 

Биз учинчи мамлакатларга замонавий қурол сотишда янада қаттиқроқ меъёрлар ўрнатилиши зарур, деб ҳисоблаймиз”. 

Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари конференциясидаги нутқдан, 1994 йил 7 декабрь, Будапешт. 

"Биз бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмоқчи эмасмиз. Ниятимиз жуда холис – қардош Афғонистон халқи тинч бўлса, биродарларимиз ўзаро сулҳ топиб, тезроқ тинч меҳнатга ўтсалар, деб орзу қиламиз. 

Қўшни Афғонистондаги ўзаро мухолиф кучларни яраштиришга, афғон халқини тезроқ тинч меҳнатга жалб этишга ҳар биримиз баҳолиқудрат уриниб кўришимиз керак”. 

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти давлатлари раҳбарларининг олий даражадаги иккинчи учрашувида сўзланган нутқ, 1993 йил, июль. 

"Ўзбекистон 1995 йилда муддати узайтирилиши лозим бўлган ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномани ядро қуролини йўқ қилиб ташлаш тўғрисидаги шартномага айлантириш тарафдоридир. Биз худди кимёвий қуроллар бўйича қабул қилинган шартнома каби биологик қуролларни ҳам тақиқлаш тўғрисидаги шартнома қабул қилиниши тарафдоримиз. 

Қисқа қилиб айтганда, Ўзбекистон уруш, ҳарбий можароларнинг олдини олишга қаратилган ҳар қандай ташаббусни қўллаб-қувватлашга тайёр”. 

Копенгагенда ўтган халқаро конференцияда сўзланган нутқдан, 1995 йил 12 март. 

Бу ўша пайтда эндигина мустақил бўлган Ўзбекистон Республикаси раҳбарининг дунёга юзланиб, мардонавор айтган гаплари. Ислом Каримов нутқлари, маърузалари ва фаолиятини ўргана туриб, бу Инсон нафақат Ўзбекистон аҳолиси учун, балки Марказий Осиё халқлари учун ҳам бахт қуши эканига амин бўламиз. Биринчи Президентимиз қурол-яроғларнинг ноқонуний савдоси, наркобизнес, экология танглиги, уюшган жиноятчиликни йўқ қилиб, улкан минтақада тинчлик, барқарорлик ва ҳамкорлик мустаҳкамланиши учун умри давомида бош қотирди, аниқ ташаббусларни илгари сурди. Тинчликни асраб-авайлашини амалда кўрсатди. 

Ўзбекистон мустақилликнинг илк йилларидан тинчликпарвар сиёсат юритиб келмоқда. Бировдан қўрққанидан эмас, тинчликни қадрлаганидан, ўзига ишонганидан. Йўқса, Ўзбекистоннинг мақтанса арзигулик миллий армияси бор. Ҳарбий бўлинмалар замонавий ва ҳаракатчан, аскарлар яхши тайёрланган. Мамлакатимиз Қуролли Кучлари мустақиллигимиз, тинч-осойишта ҳаётимизга хавф соладиган ҳар қандай уринишларга кескин зарба беришга қодир. 

Биринчи Президентимиз давлатимизнинг ташқи сиёсий фаолияти концепциясини белгилаб берди. Унга мувофиқ Ўзбекистон тинчликсевар, ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмайдиган, ўз ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий базалари ва объектлари жойлаштирилишига йўл қўймайдиган давлатга айланди. 

Мамлакатимиз ташқи сиёсати бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, халқаро ҳуқуқ меъёрларига риоя этиш, баҳсли масалаларни фақат тинч йўл билан ҳал қилиш тамойилларига асосланади. Ўзбекистон аскари давлатимиз чегарасидан бир қадам ҳам ташқарига чиқмайди. Фақат ўз Ватани, ўз халқи тинчлиги ва дахлсизлигини ҳимоя қилади. 

Буюк Йўлбошчимизнинг тинчлик-осойишталик йўлидаги хизматлари бутун дунёда тан олинган. Бу Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 71-сессиясида ҳам ўз ифодасини топди. Сессия мажлиси Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовни ёд этиш маросими билан бошланди. БМТ Бош котиби Пан Ги Мун жаҳоннинг энг юксак минбаридан Юртбошимизнинг Ўзбекистон фаровонлиги, минтақамиз тинчлиги ва барқарорлиги йўлида амалга оширган улкан ишларини эътироф этди. "Ислом Каримов минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга улкан ҳисса қўшди. Ислом Каримовнинг ташаббуси билан 2009 йилда Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этилгани жаҳон ҳамжамиятининг муҳим ютуқларидан бири бўлди", деб таъкидлади. 

Мамлакати, халқини ҳар томонлама қудратли кўришга интилган, наркотик моддалар, қурол-яроғ савдосига чек қўйиш, экологик хавф, диний экстремизм, терроризм, сепаратизм каби бало-қазоларга қарши курашишни фаолиятининг бош аъмоли деб билган Инсонга меҳр қўймай бўладими?! 

1991 йилнинг кузида Ўзбекистон Республикасига асос солинди. Йигирма беш йил мобайнида уни ёмон кўзлардан асраб, тинчи ва тараққиётини таъминлаган Инсонни куз оловранг япроқларига ўради. Донишманд ва жасур Инсондан навқирон, тинч, озод ва обод Ўзбекистон қолди. 

Минг шукрки, Биринчи Президентимизнинг оқилона, одилона, тинчликпарвар сиёсати изчил давом этмоқда. Буюк Йўлбошчига муносиб издошлар бор. Буни Ислом Каримов вафотидан кейин ўтган вақт, хусусан, 4 декабрь куни бўлиб ўтган Президент сайлови яққол намоён этди. Буни жаҳон ҳамжамияти эътироф этмоқда. Ана шу кўнгилларга оройиш, дилларга хотиржамлик бағишлайди. Зотан, тинчлик – Ўзбекистоннинг доимий шиори бўлиб қолгай. 

 

Севара Алижонова, ЎзА

Биз Twitterда