«Тараққиёт стратегияси» маркази ташкил этилди ва унга Акмал Бурхонов раҳбар этиб тайинланди

Бир қатор жамоатчилик ва давлат ташкилотлари ташаббуси билан, 2017−2021 йилларда бешта устувор йўналиш бўйича Ўзбекистонни ривожлантириш ҳаракатлар стратегияси, шунингдек, «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастурини амалга ошириш учун «Тараққиёт стратегияси» маркази ташкил қилинди. Марказни ташкил этиш президент Шавкат Мирзиёевнинг қарори билан тасдиқланди.
Нодавлат нотижорат ташкилот мақомига эга «Тараққиёт стратегияси» маркази таъсисчилари Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон адвокатлари палатаси, Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Электрон ОАВлар миллий ассоциацияси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси бўлди.
Марказнинг фаолияти 2017−2021 йилларда бешта устувор йўналиш бўйича Ўзбекистонни ривожлантириш ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган тадбирларни экспертлар ва жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш, ҳар томонлама ўрганиб чиқиш ва амалга оширишни самарали тарзда ташкил қилиш, шунингдек, мамлакатни демократлаштириш ва модернизация қилиш жараёнларига фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, экспертлар ва олимларни фаол жалб қилишга йўналтирилади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмал Бурхонов марказ директори этиб тайинланди. 1981 йилда Наманган шаҳрида таваллуд топган Акмал Бурхонов 44-Тўрақўрғон сайлов округидан депутат этиб сайланган. У Япония Университети битирувчиси ҳисобланиб, бир муддат давомида Нагоя университетининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ижрочи директори лавозимида фаолият кўрсатган.

Биз Twitterда