Таниқли шоира Гулчеҳра Зокирова "Ижод" жамоат фонди Наманган вилояти бўлимини бошқаради

Article
НАМАНГАН / VodiyMedia / – Таниқли шоира Гулчеҳра Зокирова (Беназир) Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузуридаги "Ижод" жамоат фондининг янги ташкил этилган Наманган вилояти ҳудудий бўлими бошлиғи этиб тайинланди. Бу ҳақда VodiyMedia'нинг ўз манбалари хабар берди.
“Ижод” жамоат фондининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ҳудудий бўлимларининг тузилиши, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилмоқда.
Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозаров "Ижод" жамоат фонди Наманган вилояти ҳудудий бўлими Васийлик кенгаши раиси, вилоятдаги университет ва институтлар ректорлари раис ўринбосарлари ҳисобланади.
“Ижод” жамоат фондининг ҳудудий бўлимлари:
адабиётимиз ривожига муносиб ҳисса қўшган кекса авлодга мансуб Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоларига аниқ йўналтирилган моддий ёрдам кўрсатиш;
ижодий кўрик-танловларни ташкил этиш, иқтидорли ёш адибларнинг Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг вилоятлардаги бўлимлари томонидан тавсия этиладиган ижод намуналарини, жумладан, биринчи китобларини нашр этиш учун молиявий ёрдам кўрсатиш;
халқимизнинг қадимий тарихи, бой маданияти, асрий анъана ва қадриятлари тараннум этилган, миллий маънавиятимизнинг мазмун-моҳияти теран бадиий ифодасини топган мумтоз ва замонавий адабиётимиз муносиб намуналарининг хорижий тилларга таржима қилинишини ҳамда Интернет жаҳон ахборот тармоғида кенг тарғиб этилишини молиялаштириш;
Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг вилоятлардаги бўлимларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;
ўз ҳудудида яшаётган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари ҳамда истеъдодли ва истиқболли ёш ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, атоқли ижодкорларга бағишланган экспозициялар уюштириш;
ижтимоий ва ижодий фаол, кенг китобхонларнинг ишончини қозонган адибларнинг ижодий кечаларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ фаолият олиб боради.

Биз Twitterда