Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак

Article
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузаси
Ҳурматли мажлис иштирокчилари! 
Мана, 2016 йил якунига етди. 
Бу йил Ўзбекистон ва унинг халқи учун кўп жиҳатдан мураккаб йил бўлди. Охирги беш ойда юз берган воқеалар буни яққол тасдиқлаб турибди.
Юртимизда бўлиб ўтган Президент сайлови ва Ўзбекистон Конституциясининг 24 йиллигига бағишланган байрам тадбирлари давлатимиз тизими мустаҳкамлигини, ҳокимиятнинг барча бўғинлари, жамиятимиз ва халқимизнинг жипслигини бутун дунёга яна бир бор намоён этди. 
Барчамиз учун азиз ва қадрли бўлган Ислом Абдуғаниевич Каримов бугун орамизда йўқ. Бироқ Биринчи Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган тараққиётнинг «ўзбек модели»ни амалга ошириш ва замонавий давлат барпо этиш борасидаги стратегик тамойилларга биз ўз ишимизда доимо суянамиз. 
Бу тамойиллар Ўзбекистонда бундан буён ҳам сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришларни таъминлашнинг мустаҳкам пойдевори ҳисобланади. 
2017 йилни биз Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилдик. Бугунги мажлисимизнинг асосий мазмунини айнан шу талабдан келиб чиққан ҳолда белгилашни таклиф этаман. Шу муносабат билан сизларнинг эътиборингизни қуйидаги энг муҳим масалаларга қаратишни зарур, деб ҳисоблайман. 
Биринчидан, нима сабабдан ўтган йилда иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларни ривожлантиришнинг айрим кўрсаткичларига эришилмади? Бунинг учун ким шахсан жавоб беради? 
Иккинчидан, 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини белгилаб олишимиз зарур. 
Учинчидан, келгуси беш йил давомида қандай стратегик вазифаларни амалга оширишимиз керак? 
Мажлис иштирокчиларини огоҳлантириб айтмоқчиман: «ғалаба рапортлари» ва қилинган ишга доир ҳисоботларга берилмасдан, асосий диққат-эътиборни мавжуд камчиликлар ва уларнинг илдизларини пухта таҳлил қилишга қаратиш зарур. Шунингдек, мамлакат Президенти ва ҳукумати даражасида ечиладиган аниқ таклифлар ва муаммоли масалаларга эътибор бериш шарт. 
Мажлисни асосан мулоқот тарзида ўтказишни таклиф этаман. Қўйилган саволларга бериладиган жавоблар аниқ-равшан ва тушунарли бўлиши керак. Бу нафақат Бош вазир ўринбосарлари, ҳукумат аъзолари ва шу залда ўтирган мажлис иштирокчиларига, балки барча шаҳар ва туман раҳбарларига ҳам бирдек тегишлидир. 
Бугун мамлакатимизнинг барқарор ривожланиш йўлида изчил илгарилаб боришини таҳлил қилар эканмиз, ўтган йили принципиал муҳим ислоҳотларни амалга ошириш бўйича қатъий қадамлар қўйилди, деб айтишга барча асосларимиз бор. 
Бу ислоҳотларнинг асосий мақсади – аҳоли учун муносиб ҳаёт даражаси ва сифатини таъминлашдир. 
Жадал ва барқарор ривожланишга қаратилган бу сиёсат бундан кейин ҳам сўзсиз давом эттирилади. 
Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик ҳар бир раҳбарни – бу Бош вазир ёки унинг ўринбосарлари бўладими, ҳукумат аъзоси ёки ҳудудлар ҳокими бўладими, улар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиб қолиши керак. 
Энди ҳар биримиз, энг аввало, давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг вазифаси – ўзимиз масъул бўлган соҳа ва тармоқда ишларнинг аҳволини танқидий баҳолаш асосида зиммамизга юклатилган вазифаларни масъулият билан бажаришни таъминлашдан иборат. Шундай давр келди.
Ана шу талабни, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракат стратегияси лойиҳасини кенг муҳокама қилиш давомида келиб тушган таклифларни инобатга олган ҳолда, 2017 йил учун мўлжалланган иқтисодий ва ижтимоий дастурнинг ўн битта энг муҳим устувор вазифасини белгилашни таклиф этаман. 
Ушбу устувор вазифалар бугунги мажлисимиз баённомаси лойиҳасида кўрсатилган. Шу муносабат билан Бош вазир А.Ариповга ана шу йўналишларни амалга ошириш бўйича ўзаро боғлиқ чора-тадбирлар комплексини бир ой муддатда тақдим этиш топширилади. 
Энг асосий устувор вазифа – «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастурини амалга ошириш, «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» деган олижаноб ғояни изчиллик билан ҳаётга татбиқ этишдан иборат. 
Айнан ана шу энг муҳим вазифалар иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг асосий йўналишлари ва устувор вазифаларига жиддий ўзгартиришлар киритиш учун пойдевор бўлиши керак. 
Бунинг учун қуйидаги вазифаларни бажаришимиз лозим. 
Биринчи – фуқаролар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг янги самарали усул ва механизмларини татбиқ қилиш, жумладан, барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизимини жорий этиш керак. Ўйлайманки, ана шу муҳим ишда Қонунчилик палатаси ва Сенат қўмиталари фаол иштирок этади. 
Жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб Қонунчилик палатаси Спикери – Нуриддинжон Мўйдинхонович Исмоилов ва Сенат Раиси – Ниғматилла Тўлқинович Йўлдошев ҳам жойларга чиқиб, мавжуд аҳволни шахсан ўрганиш асосида аҳолининг энг муҳим эҳтиёжларини ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатишлари мақсадга мувофиқдир. 
Иккинчи – Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги, ҳар бир туман ва шаҳардаги Халқ қабулхоналари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси фаолиятини самарали ташкил этишни таъминлаш даркор. 
Ана шу ишларнинг бош мақсади – фуқароларнинг қонуний мурожаатларини қисқа муддатда синчиклаб кўриб чиқишни ва ҳал этишни таъминлашдир. Бу борада рақамлар ва силлиқ ҳисоботларнинг орқасидан қувиб, навбатдаги кампаниябозликни уюштириш керак эмас. 
Буни халқ ҳеч қачон кечирмайди! 
Бундан буён агар аризачи олган жавоб хатидаги ўз қонуний муаммоси ечимидан қаноат ҳосил қилмаса, бундай мурожаат назоратдан олинмайди. 
Учинчи – Бош вазир бошчилигида тузилган махсус комиссия бир ҳафта муддатда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастури лойиҳасини яна бир бор қайта кўриб чиқиб, тасдиқлаш учун киритиши керак. 
Макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини сақлаб қолиш, жумладан, Давлат бюджети барча даражада мутаносиб, миллий валюта ва ички бозордаги нарх даражаси барқарор бўлишини таъминлаш – энг муҳим устувор вазифамиздир. 
Бош вазирнинг барча ўринбосарлари, иқтисодиёт вазири Г.Саидова, молия вазири Б.Хўжаев, Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Парпиев ва Давлат божхона қўмитаси раиси М.Тоҳирийни 2017 йил учун белгиланган асосий макроиқтисодий кўрсаткичларга эришиш борасида шахсан жавобгар эканликлари тўғрисида яна бир бор огоҳлантираман. 
Макроиқтисодиёт комплекси раҳбари Р.Азимов, иқтисодиёт вазири Г.Саидова ва молия вазири Б.Хўжаевнинг жорий йил якуни бўйича Давлат бюджети дефицити прогнозига доир таклифларига қўшилиб бўлмасликни алоҳида таъкидламоқчиман. 
Бу борада фақат бюджет профицити ҳақида сўз бориши мумкин ва зарур. Бу муҳокама қилишни эмас, балки сўзсиз бажаришни талаб этадиган стратегик вазифадир. 
Бунинг учун жойларга чиқиш, ҳар бир хонадоннинг тадбиркорлик борасидаги имкониятини ўрганиш, молиялаштиришни кенгайтириш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш, тадбиркорларни ишонтириш ва уларга амалий ёрдам бериш – бутун Макроиқтисодиёт комплекси фаолиятидаги кундалик қоидага айланиши керак. 
Фақат шундагина натижага эриша оламиз. Шу муносабат билан ҳокимлар ва уларнинг биринчи ўринбосарлари ўз иш услуби ва дунёқарашини тубдан ўзгартириши шарт. 
Ҳар бир туман ва шаҳарда, республика аҳамиятига молик йирик корхоналар ҳиссасини эътиборга олмаган ҳолда, солиққа тортиш базасини кенгайтириш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент вилоятининг барча туманларини субвенциядан чиқаришни сўзсиз таъминлаш керак. 
Бу йил бошқа ҳокимликлар ва тегишли органлар учун ҳам субвенциядан қутилиш масаласида синов йили бўлади. Бунинг учун Макроиқтисодиёт комплекси таркибидаги вазирлик ва идоралар ҳар куни, ҳар ҳафтада самарали ва тинимсиз иш олиб бориши керак. Бусиз натижага эришиб бўлмайди. 
Шунинг учун Макроиқтисодиёт комплекси раҳбари Р.Азимов иқтисодиётни бошқариш бўйича ҳозирги замонавий янги тизимлар самарадорлигига қуйи бўғиндаги раҳбарларни ишонтириши, уларни шу асосда ишлашга ўргатиши, бу борадаги натижа учун жавоб бериши ва уни кафолатлаши керак. 
Ҳурматли дўстлар! 
Ҳаётнинг ўзи ва халқнинг талаблари бизнинг олдимизга амалий ечимини топиш лозим бўлган янги ва янада мураккаб вазифаларни қўймоқда. 
Бу ўринда асосий муаммо, менинг назаримда, қуйидагилардан иборат. 
Биринчидан, айрим идоралар ва уларнинг раҳбарлари реал ҳаётдан ва халқ эҳтиёжларидан маълум даражада узилиб қолмоқда. 
Иккинчидан, тармоқ ва ҳудудларни ривожлантириш концепциялари ва дастурларини ишлаб чиқишда юзаки ёндашувга йўл қўйилмоқда. 
Ва ниҳоят, учинчи асосий камчилик – кўпчилик раҳбарларнинг мураккаб муаммоларни кабинетдан чиқмасдан, иқтисодиёт тармоқлари, ҳар бир корхонадаги, шаҳар ва туманлардаги, айниқса, қишлоқ жойлардаги ишлар қандай аҳволда эканини чуқур ўрганмасдан ҳал этишга одатланиб қолгани билан боғлиқ. 
Шунинг учун бугун Бош вазир ўринбосарларидан ўзларига қарашли вазирлик ва идораларнинг адвокати бўлиб эмас, балки энг аввало, давлат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ана шу саволларга ғоят аниқ ва равшан жавоб беришни талаб қиламан. Шунингдек, комплекс таркибидаги ҳар бир бошқарув органи раҳбарига жиддий ва аниқ баҳо беришни сўрайман. 
Барқарор иқтисодий ривожланиш пойдевори бўлган таянч тармоқлардаги ишларимиз қай аҳволда?
Давлат томонидан бу тармоқлар доимо қўллаб-қувватланаётган бўлса-да, нима сабабдан изчил ва барқарор ўсиш таъминланмаяпти? Ва ниҳоят, нима сабабдан тажрибали комплекс раҳбари Ғ.Ибрагимов томонидан самарали бошқарув жилови қўлдан чиқариб юборилган? 
Аниқ далилларга мурожаат қилайлик. 
«Ўзбекнефтгаз» компанияси тизимида – А.Султонов – 2010-2016 йилларда қарийб 20 миллиард долларлик катта капитал қўйилмалар киритилганига қарамасдан, суюқ углеводород ва табиий газ қазиб олиш камайган. 
Шу билан бирга, бу борада хомашё импорт қилиш 1,3 баробар кўпайган. Йирик ва ҳаётий муҳим лойиҳаларни амалга ошириш муддатлари доимо барбод қилинмоқда. 40 минг киши ишлайдиган «Ўзтрансгаз» компанияси тизимида муддати ўтган дебитор қарздорлик 14 фоизга ошган. 
Нима сабабдан, Ғулом Иномович, сиз илгари ўзингиз раҳбарлик қилган «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти тизимидаги ишлар аҳволига сусткашлик билан ёндашяпсиз? Нима сабабдан ушбу тармоқдаги ишлар доимий равишда издан чиқмоқда? Қишлоқ хўжалигига фосфорли ўғитларни тўлиқ етказиб бермаслик ва уларнинг танқислиги учун шахсан ким жавоб беради? Охирги 10 йилда минерал ўғитларнинг нархи неча баробар ўсган? 
Табиий савол туғилади: ўғитнинг таннархи неча марта камайган? Афсуски, бундай ҳақли саволларга жавоб йўқ. Бундан ким зарар кўряпти? Албатта, деҳқон ва фермерларимиз. 
“Ўзбекэнерго” акциядорлик жамиятида 67 минг киши, жумладан, қўштирноқ ичидаги «пул йиғувчи»лар мавжуд бўлса-да, нима сабабдан улкан дебитор қарздорликнинг тагига етиб бўлмайди? Кўмир қазиб олиш тармоғи, таъбир жоиз бўлса, «ёнбошлаганича ётибди». 
Сизга уч йил олдин ходимлар штати ҳаддан ташқари кенгайиб кетган, жумладан, қариндошчилик асосида ишга олиш ва жуда юқори иш ҳақи белгилаш авж олган ўнлаб лойиҳа гуруҳлари фаолиятини пухта ўрганиб чиқиб, тартибга солиш топширилган эди. Нима учун топшириқни охиригача бажармадингиз? 
Сиз ва сизга бўйсунувчи раҳбарлардан бугун ана шу саволларга жавоб беришингизни талаб қиламан. Шу билан бирга, биринчи ярим йилда асосий эътиборни қуйидаги вазифаларни амалга оширишга қаратиш зарур: 
биринчи – Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатларида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш бўйича яқинда тасдиқланган дастурни сўзсиз амалга ошириш учун Қ.Санақулов ва А.Фармоновнинг шахсий жавобгарлигини таъминлаш шарт. Бир-икки фоиз миқдордаги ўсиш суръатлари билан чегараланиб қолиш мумкин эмас. 
Шу муносабат билан Ғ.Ибрагимов қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва янги фабрикалар қуришга доир топшириқни бажариш бўйича қарор лойиҳасини киритишни тезлаштириши зарур; 
иккинчи – нафақат жорий йилда, балки яқин 3-5 йилда фойдаланишга топшириладиган барча стратегик муҳим объектларни ўз вақтида ишга тушириш даркор; 
учинчи – нефть-газ маҳсулотлари экспортини кўпайтириш, импортни кескин камайтириш ва асбоб-ускуналар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳажмини ошириш учун қўшма корхона ташкил этиш бўйича пухта ишлаб чиқилган аниқ чора-тадбирлар комплексини тақдим этиш зарур. 
Кейинги 10 йилда Вазирлар Маҳкамаси комплексларига қарашли вазирлик ва идоралар томонидан олиб кирилган асбоб-ускуналар импорти таҳлил қилинмаган. Уларни маҳаллийлаштиришдан ҳеч ким манфаатдор эмас, бу масала билан ҳеч ким астойдил шуғулланмаяпти. Бундай ёндашув замирида нима ётибди, деган ҳақли савол туғилади. Шунинг учун бундан буён Вазирлар Маҳкамасининг ҳар чорак якуни бўйича мажлисларидан олдин алоҳида йиғилишлар ўтказилиб, уларда ҳар қайси Бош вазир ўринбосарининг импортни ва таннархни камайтириш, маҳаллийлаштиришни кенгайтириш борасидаги ишларнинг аҳволи тўғрисидаги ҳисоботи эшитилади. Уларнинг фаолиятига холисона баҳо берилади. 
Давлат геология қўмитаси тизими, шунингдек, унинг раҳбари И.Тўрамуратов фаолияти самарадорлиги алоҳида эътиборни талаб қилади. Яқин вақт ичида 2017-2021 йилларда минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва тиклаш дастури лойиҳасини тақдим этиш зарур. 
Бош вазир ўринбосари У.Розуқулов раҳбарлик қилаётган Машинасозлик комплексида юзага келган аҳвол бизни жиддий ташвишлантирмоқда. 
Энг аввало, сиз раҳбарлик қилаётган автомобилсозлик саноатида ишлаб чиқариш ҳажми кейинги уч йилда 2,8 баробар камайган. Бу нафақат саноат маҳсулоти ўсиш суръатига, балки мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти ўсишига ҳам жиддий таъсир кўрсатмоқда. Бу соҳада импорт ҳажми экспортдан бир неча баробар юқори бўлиб, маҳаллийлаштириш даражаси эса импортга нисбатан 20 фоиздан ҳам паст бўлиб қолмоқда. 
Бутун қишлоқ хўжалиги машинасозлиги тизимини тубдан қайта қуриш таъминланмаган. Бу тизим ўз моҳиятига кўра нафақат қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва фермер хўжаликлари меҳнатини енгиллаштиришнинг мустаҳкам пойдевори, айни вақтда мамлакатимиз валюта балансини тўлдириш бўйича кафолатланган манба бўлиши керак эди. 
Охирги йилларда шахсан сиз кадрлар билан ишлашни бўшаштириб юбордингиз. Сизнинг таклифингизга кўра «Ўзэлтехсаноат» компанияси раҳбари этиб Э.Иминов тайинланган эди. Бироқ унинг иш натижалари ва бутун тармоқдаги аҳвол қандай? 
Кўпгина инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш чўзиб юборилмоқда. Ички бозоримизнинг кўплаб товарларга бўлган эҳтиёжи 50 фоиз даражасида ҳам қондирилмаяпти. Экспорт бўйича топшириқлар барбод қилинган. 
Сиз ва компания раиси хорижий инвестиция ва замонавий ускуна олиб келиб, замонавий рақобатдош ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этганингизни мен эслай олмайман ҳам. 
Сиз хусусий тадбиркорларнинг ўзи ташаббус кўрсатаётганидан қаноатланиб юрибсиз. Тармоқда эса ҳалигача зарур силжиш йўқ. 
Сиз томонингиздан «Ўзстандарт» агентлиги раҳбарлигига тавсия қилинган А.Қурбонов номзоди ва унга нисбатан талабчанлик кўрсатилмагани туфайли соҳада аниқ иш ва якуний натижа бўлмади. Халқаро стандартлаштириш ташкилотининг 21 минг стандартидан атиги 13 фоизи мамлакатимизда жорий этилган, холос. 
Шунинг учун ҳам сиздан ва тармоқ раҳбарларидан бугун қуйидаги вазифаларни амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида ахборот беришингизни талаб қиламан: 
биринчи – автомобилсозлик саноатини ривожлантириш, унинг маҳсулотлари рақобатдошлигини, энг аввало, яқин ва узоқ хорижий мамлакатлар бозорларида ошириш бўйича принципиал жиҳатдан янги тизим зарур. 
Бу борада мен «отвертка билан машина йиғиш» эмас, балки асосий ва ёрдамчи тармоқларни барқарор ривожлантириш, ортиқча харажатлар ва таннархни камайтириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ва импортни қисқартиришни назарда тутяпман; 
иккинчи – аҳоли учун мақбул нархда турли маиший электр техника буюмларини ишлаб чиқаришни таъминлашимиз керак; 
учинчи – ўтган йили биз «Ўзагротехсаноатхолдинг» акциядорлик жамиятини қайта ташкил этиш бўйича муҳим ҳужжатлар қабул қилдик. Савол: уларни муваффақиятли амалга ошириш ва бу ўта муҳим тармоқнинг барқарор иш юритишини таъминлаш бўйича сиз томонингиздан қандай аниқ чора-тадбирлар кўрилади? 
тўртинчи – бутун стандартлаштириш тизимини тубдан қайта қуриш керак. Бундан кўзланган мақсад – мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар замонавий халқаро стандартларга жавоб бериши лозим. 
Сиз ва Бош вазирнинг бошқа ўринбосарлари учун мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқлари ва ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини янада ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш 2017 йилда сўзсиз ҳал қилувчи фаолият йўналишига айланиши зарур. 
Бу ўринда гап фақат экспорт ҳажмининг ўсиш кўрсаткичлари ҳақида бораётгани йўқ. Кун тартибида ўта жиддий масалалар турибди. Булар – мамлакатимизда яратилган технологияларнинг рақобатдошлигини таъминлаш, “ноу-хау” намуналарини яратиш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, яъни юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришни таъминлаш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга оширишдир. 
Бизда улкан резервлар бор. Лекин шунга қарамасдан, ўтган йили жами 1 миллиард 540 миллион долларлик прогноз кўрсаткичлари бажарилмай қолди. Шундан 570 миллион доллари Вазирлар Маҳкамаси комплексларига қарашли корхоналарга тўғри келади. 970 миллион доллар миқдоридаги кўрсаткичлар эса ҳудудлардаги хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бажарилмаган. Бизнинг маҳсулотимиз экспорт қилинадиган мамлакатлар сони 2010 йилга нисбатан 176 тадан 138 тага камайган. 
Айни вақтда машинасозлик комплекси, «Ўзфармсаноат» концерни ва «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналарда импорт ҳажми экспорт ҳажмидан ўнлаб марта кўп. 
«Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамияти ва «Ўзбекнефтгаз» компанияси тизимида маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ҳажми импорт миқдорига нисбатан 25-30 фоиздан ошмайди. 
Нима сабабдан сиз ушбу муҳим вазифадан ўзини четга олаётган ва прогноз кўрсаткичи атиги 42 фоизни ташкил этган Тошкент шаҳри ҳокими Р.Усмонов ва туманлар ҳокимларининг шахсий жавобгарлигини белгилаш бўйича аниқ таклифлар киритмаяпсиз? 
Ёки Ш.Абдураҳмонов, З.Рўзиев, Ш.Ғаниев каби тажрибали ҳокимлар раҳбарлик қилаётган Андижон, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида прогноз кўрсаткичлари атиги 65-85 фоиз бажарилганини қандай тушуниш мумкин? 
Энди, рухсатингиз билан, 2017 йилда олдимизда турган вазифалар тўғрисида тўхталсак. Биз 10 миллиард 800 миллион доллар ҳажмидаги маҳсулот экспортини таъминлашимиз керак. Бу борада қандай кечиктириб бўлмайдиган вазифаларни ҳал этишимиз зарур? 
Биринчи – 15 кунлик муддатда комплекслар бўйича эмас, чунки бу ўзини оқламаяпти, балки экспортга маҳсулот чиқарадиган барча корхоналар бўйича ҳаракат дастурини пухта ишлаб чиқиш ва У.Розуқулов раҳбарлигидаги махсус комиссия мажлисида тасдиқлаш керак. 
Иккинчи вазифа – 2016 йилда Тошкент шаҳри ва хорижда ўтказилган халқаро саноат ярмаркаларида жами 7,7 миллиард долларлик маҳсулотни экспорт қилиш бўйича тузилган шартномаларни амалга ошириш зарур. 
Россия, Қозоғистон, Туркманистон, Украина ва Беларусь Республикасида, шунингдек, бошқа давлатларда маҳсулот сотишнинг янги бозорларини излаш бўйича бошланган ишларни янада фаол давом эттириш керак. Лекин Болгария билан бу борада яқиндан ҳамкорлик қилиш бўйича берилган топшириқ, афсуски, натижасиз қолди. 
Бу ишларга бизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналаримиз ҳам ўз ҳиссасини қўшиши лозим. Буни Сенат раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев ва ташқи ишлар вазири А.Комилов назоратга олсин. 
Учинчи вазифа – «Ўзтадбиркорэкспорт» ва «Ўзсаноатэкспорт» акциядорлик жамиятлари, шунингдек, Миллий банк ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси йўналиши бўйича кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспорти билан боғлиқ. Бу борада камида 1 миллиард 500 миллион долларлик экспортни таъминлаш керак. 
Тўртинчи вазифа – мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш. Бош вазир ўринбосари З.Мирзаевга 15 кун муддатда ўтган йили 650 миллион долларлик мева-сабзавот экспорт қилинмай қолгани сабабларини атрофлича таҳлил қилиб, аниқ таклифлар киритиш топширилади. 
Бу борада мамлакатимиздаги мева-сабзавот етиштиришга ихтисослашган 66 та туманнинг салоҳияти ва имкониятларини ҳам сўзсиз ҳисобга олиш зарур. Энди ушбу туманлар ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари ва тумандаги барча раҳбарлар прогноз кўрсаткичларига эришиш учун тўғридан-тўғри жавобгардир. 
Бош вазир ўринбосари, махсус комиссия раиси У.Розуқулов ва янги департамент бу амалий вазифаларни ҳал этиш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, вилоятлар, шаҳар ва туманлар ҳокимларининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик бўйича биринчи ўринбосарлари фаолиятини мувофиқлаштириши шарт. 
Мазкур иккита комплексдаги ишларнинг ҳолатини, шунингдек, Ғ.Ибрагимов ва У.Розуқуловнинг шахсий жавобгарлигини танқидий таҳлил қилишга эътиборингизни алоҳида қаратдим. Бунинг сабаби – бу соҳаларга нафақат саноат, балки бутун иқтисодиёт ривожида ҳал қилувчи ўрин тутади, деб ғоят катта ишонч билан қараяпмиз. Уларни ва комплекслар таркибидаги ташкилотлар раҳбарларини шахсан огоҳлантираман: агар жорий йил биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича реал натижалар таъминланмаса, сизларга нисбатан қаттиқ чора кўрилади. 
Ҳурматли мажлис иштирокчилари! 
Маълумки, биз ижтимоий соҳада аҳоли саломатлиги, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, дори воситалари билан ишончли таъминлаш, жисмоний бақувват ва маънавий жиҳатдан соғлом авлодни камол топтириш масалаларига алоҳида устувор аҳамият бермоқдамиз. 
Ана шу муҳим соҳаларда қандай муаммолар бор? Бундан илгари ҳам соғлиқни сақлаш вазири лавозимида ишлаган Бош вазир ўринбосари А.Икромовга мурожаат қилиб сўрамоқчиман: 
биринчидан, нима сабабдан ўтган шунча йил мобайнида соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғини, энг аввало, қишлоқ врачлик пунктларини ислоҳ қилиш самарадорлиги таъминланмади? Бугунги кунда уларда 2 минг 500 нафар врач етишмайди, бу масканларни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ва дори воситалари билан таъминлаш даражаси жуда паст; 
иккинчидан, диагностика даражаси пастлиги ва врачларнинг малакаси етарли эмаслиги натижасида йилига 30 мингдан зиёд юртдошимиз даволаниш учун хорижий мамлакатларга боришга ва оила бюджетидан катта маблағ сарфлашга мажбур бўлаётганидан сизнинг хабарингиз йўқми? 
учинчидан, сиз қачон тез тиббий ёрдамнинг барча тузилмаларида тартиб ўрнатиб, уларнинг барқарор ишлашини таъминлайсиз? Нима сабабдан улар аксарият ҳолатларда беморларга ҳақиқий тез ёрдам кўрсата олмайди? 
тўртинчидан, тиббиёт ходимлари ўртасидаги салбий ҳолатларга қачон барҳам берилади? Бу борада фақатгина ўтган йилнинг ўзида 174 та жиноят иши қўзғатилган. Соғлиқни сақлаш ходимлари билан яқинда бўлиб ўтган учрашувда туғруқхоналардаги таъмагирлик билан боғлиқ салбий ҳолатлар тўғрисида сизга ва тизим раҳбарларига алоҳида айтган эдим; 
бешинчидан, сиз нима сабабдан экологиянинг жиддий муаммолари билан етарлича шуғулланмаяпсиз? Ахир, бу соҳа одамларнинг соғлигига ва мамлакатимиздаги эпидемиологик ҳолатга таъсир қилмайдими? 
олтинчидан, шахсан сиз ва «Дори-дармон» компанияси раҳбари А.Комилов нима сабабдан дорихоналар тармоғидаги жиддий камчиликларга панжа орасидан қараб, уларни бартараф этиш учун таъсирчан чораларни кўрмаяпсиз? Ахир, бу соҳада қиммат дориларнинг 45 фоизини импорт дорилар, бунинг устига, нархи ҳаддан ташқари ошириб юборилган дорилар ташкил этади. 
Адҳам Илҳомович, сиз раҳбарлик қилаётган комплекснинг яна бир муҳим тармоғи – жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш билан боғлиқ. Албатта, бу соҳада, айниқса, олий маҳорат спорти борасида кейинги йилларда муайян ютуқларимиз бор. Биз улар билан ҳақли равишда фахрланамиз. Лекин охирги Олимпиадада фақатгина оғир атлетика, бокс, кураш ва дзюдо бўйича совринли ўринлар эгалланди. Бунинг сабаби нимада? 
Сўнгги беш йилда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, шунингдек, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун бюджетдан 1 триллион 230 миллиард сўм ажратилган. Бу – Миллий олимпия қўмитаси маблағларидан ташқари. 
Бизда болалар спорти, олий спорт маҳорати ва олимпия резервларини ривожлантириш бўйича қудратли база яратилган. Яна қандай база, қўшимча шарт-шароит ва воситалар керак? 
Ана шу муаммолар ичига чуқур кириб бориш зарур. Шу муносабат билан қуйидаги вазифаларни амалга ошириш талаб этилади: 
биринчи – қишлоқ врачлик пунктлари, юқори технологиялар асосидаги ихтисослашган марказлар ва тез тиббий ёрдам станциялари бўйича мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва уларга доир топшириқларни амалга ошириш юзасидан таклифларни ва тегишли ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашни тезлаштириш зарур; 
иккинчи – врачлар ва тиббиёт ходимлари малакасини ҳам мамлакатимизда, ҳам етакчи хорижий клиникаларда ошириш бўйича таъсирчан тизим яратишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш даркор. Зарур бўлса, уларни моддий рағбатлантириш бўйича таклифлар киритиш керак; 
учинчи – 340 номдаги дори воситалари ва тиббиёт буюмлари чегараланган нарх бўйича сотилишини назорат қилувчи органлар билан бирга қатъий тартибга солиш зарур. Ҳар бир фуқаро қабул қилаётган қарорларимиз реал фойда бераётганини сезиши керак. 
Шу билан бирга, ўтган йили сентябрь ойида тасдиқланган 2016-2020 йилларда фармацевтика саноатини янада ривожлантириш бўйича дастур самарали бажарилишини таъминлаш даркор; 
тўртинчи – қариялар ва ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича тасдиқланган дастурни амалга ошириш алоҳида назоратга олиниши керак. Ҳар бир имтиёз ва ижтимоий ҳимоя чораси ўз эгасига етиб бориши даркор; 
бешинчи – Бош вазирнинг биринчи ўринбосари О.Раматов билан биргаликда экология соҳасидаги ишлар аҳволини яхшилаш, энг аввало, жойларда чиқиндилар билан ишлаш соҳасида давлат назоратини кучайтириш бўйича таклифларни яқин вақт ичида тақдим этиш зарур; 
олтинчи – сиз ва шахсан маданият ва спорт ишлари вазири Б.Аҳмедовнинг эътиборини жисмоний тарбия ва спорт соҳасида яратилган қудратли базадан самарали фойдаланиш зарурлигига қаратаман. 
«Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод» ва Универсиада мусобақалари билан чегараланиб қолиш керак эмас. Иқтидорли ўсмир ва қизларни танлаб олиш ва тарбиялаш бўйича жиддий селекция ишларини амалга ошириш зарур. 
Таъкидлаш керакки, вазир Б.Аҳмедовнинг бугунги мажлисимизга тайёрлаб келган жонсиз ҳисоботи ҳеч қандай танқидга чидамайди. Бу ҳисоботда на таҳлил, на аниқ таклиф бор. Афтидан, айнан шунинг учун ҳам сизнинг маданиятни ривожлантириш соҳасидаги ишларингиз асосан юбилей тадбирларини ўтказиш билан чекланиб қоляпти. Сиз ҳам, ўринбосарларингиз ҳам бу соҳага янгича мазмун киритиб, вазиятни тубдан яхшилашга ҳаракат қилмаяпсизлар. 
Қадрли дўстлар! 
Ҳаётнинг ўзи ва ўтган йиллар тажрибаси ҳудудларни комплекс ривожлантиришни ва инфратузилма фаолиятини тубдан ўзгартиришни таъминлашдаги жиддий камчиликларни бартараф этишни талаб қилмоқда. Шу сабабли Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Бош вазирнинг биринчи ўринбосари раҳбарлик қиладиган янги комплекс ва департамент ташкил этилди. Уларнинг бош вазифаси қуйидаги икки йўналиш бўйича барқарор ишлайдиган тизимни ташкил этишдир: 

биринчи – туманлар, шаҳарлар, вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасидаги кечиктириб бўлмайдиган ва истиқболли вазифаларни амалга ошириш юзасидан ҳокимлик ва тармоқларни бошқариш органларининг куч ва ҳаракатини аниқ мувофиқлаштириш. Мақсад – иқтисодиёт ва ижтимоий соҳадаги, энг муҳими, одамларнинг ҳаёт даражасидаги жиддий тафовутни бартараф этишдир; 
иккинчи – йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва модернизация қилиш бўйича дастурларнинг прогноз параметрларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни назорат қилиш ҳамда уларга эришиш. 
Якуний мақсад – иқтисодиёт тармоқлари учун ишончли инфратузилмани шакллантириш, шаҳар ва қишлоқ аҳолисига қулай шарт-шароит яратиб беришдир. 
О.Раматовнинг эътиборини шахсан ундан ва иккита департаментдан талаб этиладиган қуйидаги вазифаларга қаратаман: 
биринчидан, комплекс таркибига кирадиган барча идораларнинг самарали фаолият юритишини таъминлаш. Пала-партиш таклифларни бериш ва шошма-шошарлик билан қарорлар қабул қилиш керак эмас. Яқинда шу сабабларга кўра Оролбўйи муаммоларини ҳал этиш бўйича комплекс дастурни қайтаришга мажбур бўлдим. Бу каби хатоликлар такрорланмаслиги шарт; 
иккинчидан, 14 та ҳудудда сайловчилар билан учрашувда кўтарилган йирик муаммоли масалаларни ҳал этишга доир қарорлар лойиҳаларини ишлаб чиқишни яқин вақт ичида якунлаш ва тақдим этиш зарур; 
учинчидан, 2017-2021 йилларга мўлжалланган 12 та ижтимоий ва инфратузилма дастурини амалда бажариш. Шундан 8 та дастур тасдиқланган. Яқин вақт ичида транспорт ва савдо хизматини яхшилаш, автомобиль йўлларини ва ичимлик сув таъминоти тизимини реконструкция қилиш бўйича ҳужжатлар тўпламини қайта ишлаб чиқиб, тақдим этиш керак. 
Кун тартибида Уй-жой ва коммунал хизмат вазирлигини ташкил этиш масаласи ҳам турибди. Ана шу лойиҳаларни тасдиқлаш жараёни сиз томонингиздан асоссиз равишда чўзиб юборилди; 
тўртинчидан, мамлакатимиз ҳудудларига салмоқли инвестицияларни киритишга доир муаммоларга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Шу сабабли тажриба лойиҳаси тариқасида Миллий банк мисолида қуйидаги тизимни жорий этиш бўйича таклиф киритаман. 
Банк инвестиция фаолиятига ўз маблағлари билан бирга, ташқаридан молиялаштириш манбаларини жалб этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиши керак. Банк раҳбари С.Раҳимов бугун ўз таклифларини бериши лозим. 
Бундан ташқари, кечиктириб бўлмайдиган бир қатор ўта муҳим вазифалар бор. Улар орасида Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси тизимини тубдан қайта ташкил этиш, шаҳарсозликнинг эскирган методология ва нормативлари, капитал қурилишдаги номутаносиблик ва муаммоларни бартараф этиш, шунингдек, лойиҳа институтларининг самарасиз фаолиятини қайта кўриб чиқиш масалалари бор. 
Айрим фактларни келтирмоқчиман. Шаҳарсозликни такомиллаштириш бўйича бир қатор ҳужжатлар қабул қилинган бўлса-да, уларнинг кўпчилиги назоратсиз қолган. 2012-2015 йилларда ишлаб чиқилган 18 та шаҳар ва посёлканинг бош режалари ҳалигача тасдиқланмаган. 
Қўмита раҳбарияти бундан 3 йил аввал туман архитекторлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича кенгашлар ташкил этиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларга “Дамас” автомобиллари ажратиш бўйича берилган топшириқлар ижроси устидан назоратни таъминламади. 
Лицензияга эга бўлган 850 та лойиҳа ташкилотларининг атиги 147 таси ёки 17 фоизи мамлакатимиз миқёсидаги инвестиция дастурларини амалга оширишга жалб этилган. 
Очиқ тан олишимиз керак, бизнинг энг жиддий камчиликларимиздан бири – замонавий талабларга жавоб берадиган лойиҳа институтларининг йўқлигидир. Уларнинг моддий-техник базаси ўтган асрнинг 80-йиллари даражасида қолиб кетган. Улар томонидан ахборот технологияларини, замонавий илм-фан, архитектура ва дизайн ютуқларини қўллаш даражаси ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. 
Шу сабабли ҳаётнинг ўзи ҳар бир вилоятда бир-иккита замонавий лойиҳа институтини ташкил этишни талаб этмоқда. 
Давлат маблағлари ва ресурслари талон-тарож қилинмоқда. Ўтган йили инспекциялар томонидан пудрат ишлари ҳажми 4 миллиард 700 миллион сўмга камайтирилган. 24 мингта лойиҳа экспертизадан ўтказилганида уларнинг нархи 1 триллион 500 миллиард сўмга камайтирилган. 
Савол: бундай жиддий камчиликларни Б.Зокиров ва унинг биринчи ўринбосари А.Тўхтаев билмайдими? Нима сабабдан сиз иккалангиз фақатгина айрим объектлар билан чекланиб, кўрсатилган муаммоларнинг ичига кириш ва уларни ечишга умуман эътибор бермаяпсиз? 
Бутун тизимни тубдан қайта ташкил этиш бўйича 20 кун муддатда аниқ таклифларни киритиш керак. 
Бизни йўл қурилишидаги ишлар аҳволи ҳам қониқтирмайди. Молия вазирлиги ва унинг Йўл жамғармаси айби билан маблағларнинг кескин етишмаслиги доим сезилиб турибди. Битумни барқарор етказиб бериш масаласи ҳал этилмаган. Ўғирликлар тугамаяпти. Кадрлар қўнимсизлиги юқори. 
Ўтган йили «Ўзкоммунхизмат» агентлиги ва «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамияти раҳбариятини алмаштирдик. Бироқ бу ташкилотларнинг янги раҳбарлари – И.Маҳкамов ва Б.Зарипов зарур даражада ташаббус кўрсатмаяпти. 
Умид қиламанки, О.Раматов ва бошқа раҳбарлар ўз ҳисоботида ана шу саволларга аниқ жавоб беришади. Шу йил бошида жорий қилинган ҳукумат аъзоларининг Президентга ҳисобот бериш тартиби доирасида бошқа раҳбарлар билан ҳам албатта учрашаман. Бунга барча раҳбар ходимлар ва ҳудудлар ҳокимлари пухта тайёргарлик кўришини сўрайман. ...
 
 
 
 

Биз Twitterда