Собитхон Турғунов Ўзбекистон Президентининг Наманган вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири лавозимига тайинланди

Article
10 март куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси 42-Косонсой сайлов округидан сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутати Собитхон Тошпўлатович Турғунов Ўзбекистон Республикаси Президентининг Наманган вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири лавозимига тайинланганлиги муносабати билан унинг депутатлик ваколатини муддатидан илгари тугатиш тўғрисида қарор қабул қилди. 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Наманган вилоятидаги Халқ қабулхонаси шаҳарнинг 3-кичик туман, Дўстлик шоҳкўчасига жойлашган бўлиб, қулай, транспорт хизмати муқим йўлга қўйилган марказий ҳудуддадир.
Унда тиббиёт, она ва бола хоналари, ногиронлар учун ҳам шароитлар муҳайё этилган. Халқ қабулхоналари мурожаат қилувчи фуқаронинг масаласига тез ечим топиши учун замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган.
Наманган вилоятидаги Халқ қабулхонасига Собитхон Турғуновнинг раҳбар этиб тайинлангани бежизга эмас. Унинг бой меҳнат тажрибаси, фуқаролар ва давлат идоралари билан мулоқот қилишда ҳаётий малакага эга эканлиги асосий мезон бўлди
Турғунов Собитхон Тошпўлатович, 1965 йилнинг 19 мартида Чортоқ туманида таваллуд топган. 1990 йилда Фарғона давлат педагогика институтини тамомлаган, педагогика фанлари доктори, профессор. Наманган вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати (2005-2010 й.; 2015-2017 й.) сифатида фаолият кўрсатган.  

Биз Twitterда