ШЕЪРИЯТ  ГАМЛЕТИ!

Ҳаётимда Рауф Парфи даври 1981 йил 20 октябрда бошланган. Ўшанда биз, журналистика факультети талабалари  Сирдарёда пахта теримида эдик.
Айни номозшом. Бироз қораяётган тип-тиниқ осмон. Уфққа бош қўяётган қип – қизил қуёш тафтсиз нур сочиб, хайрлашмоқ учун бемажол қараб турибди.
Хивчиндай яланғоч ғўзалар, рутубатли ҳаводан нам тортган. Қоронғу тушмай этакни тўлдириш илинжида, шоша – пиша пахта терар эканмиз, пешонамиздан оққан маржон – маржон тер кўзни тўлдиради, қад ростлаб, атрофга қараймиз. Негадир кун бўйи кўринмаган оппоқ тоғлар ёнгинамизда пайдо бўлган эди, кузак шамоллари сарғайган баргларни, ям – яшил майсалар устида у ёқдан – бу ёққа ўйнаб юрарди. Зуҳро юлдузи ҳали қуёш ботмасдан  туриб  нақ пешонамиз устида ярқираб намоён бўлган эди.
 Кимдир томоғини қириб, бўғиқ овоз билан тўсатдан қичқиради:
–    Баракка Рауф Парфи кепти!
Теримчилар орасида ғала – ғовур бошланди. Баъзилар ишонганидан, баъзилар ишонмаганидан хушхабарни аниқлаб олишни истарди.
Кечки овқатдан кейин, азалий удумга биноан барак атрофига ловуллаган гулхан ёқишди. Ҳар куни бу гулхан атрофида талабалар ўзлари ёзган шеърларни ўқир, баъзилар қўшиқ айтар, баъзилар бирор спектаклдан саҳна кўриниши қўйиб берарди. Уларнинг чиқишлари гоҳида қизғин ижодий баҳсларга сабаб бўлар, Колизей майдонидаги Цезар, Цицерон каби машҳур нотиқларнинг чиқишлари, улкан мунозараларга сабаб бўлгани сингари, ижодий чиқишлар то ярим кечгача – гулхан сўниб ўчгунча турли хил қарама-қарши фикрларга, тортишувларга сабаб бўларди. Ҳамма ҳамманинг ижодига қизиқар,  биров бировнинг ижодига бефарқ қарамасди. Бу гулхан, ижодий ўлчов янглиғ кимнинг нимага қодирлигини, кимнинг юраги зўр-у, кимнинг ўпкаси, кимнинг томоғи, кимнинг овози зўрлигини кўрсатиб берарди. Ахир бу талабалар ичида Абдували Қутбиддин, Азиз Саид, Абдумажид Азимов, Баҳром Рўзимуҳаммад, Аъзам Ўктам, Назар Эшонқул, Собир Ўнар, Вафо Файзулло, Тўлқин Эшбек, Салим Ашур, Шодиқул Ҳамро сингари иқтидорли болалар бор эди-ки, уларни кенг жамоатчилик билмасада, факулътетда ярқ этиб кўзга кўриниб қолган эдилар.
Мен ўша кунга қадар Рауф Парфини билмасдим. Ўзини  ҳеч кўрмаган, бирор марта шеърини  ўқимагандим. Талабалар катта қизиқиш ва энтикиш билан кутиб олаётганларига қараганда, уни танимаслик, ўқимаслик кечирилмас ҳодиса эди.
Бир пайт ўртага ўрта бўйли, озғин, сочлари бироз оқарган, кўзайнак таққан киши чиқди. Қўлларида бир даста қоғоз бор эди.
–    Салом, болалар! Яхши юрибсизларми? – деди қимтиниб. Кейин ҳаммага бир – бир қараб чиқди-да, – мана мен келдим, - деди. Кўпчилик ундан ҳозир беш – олти дақиқа гапирса керак деб, сўз кутиб турарди. Лекин у индамасди. Кейин:
–    Нима қилай шеър ўқиб берайми? – деди.
Кимдир луқма ташлади: – Тошкентда нима гаплар?
 Рауф Парфи у ёқ – бу ёққа бетоқат қараркан шикоятомуз:
 – Сиз терган пахталар каби, сермаҳсул қурилиш кетаяпти. Янги иморатлар қурилаяпти. Бироқ Тошкентнинг асл қиёфаси, миллий юзи йўқ. У биздан тобора бегоналашиб бораяпти. Биз Шарқона Тошкент қаердасан деб бақирамиз, қулоқлари бизни эшитмайди. У Ўзбекистоннинг ҳавосидан нафас олаётган, Россия шаҳарларидан бири, холос. У урф – одатларимизга биноан қурилиши керак. Аммо қурилмаяпти. Шу гаплар!
Тўғрисини айтсам, бу гаплар мен учун мутлақо янгилик, кутилмаган, фавқулодда фикрлар эди. Тошкент, нима учун Россия шаҳарларидан бирига ўхшамаслиги кераклигини тушунолмасдим.
–    Шеърларингиз ўта қайғули. Бунинг асл сабаблари нима? – дея савол берди, талабалардан бири.
–    Доимо ўлимни англамоқчи бўлиб келганман. Қолаверса бу ҳаёт билан боғлиқ. Буни бир сўз билан айтиш қийин. Уларни сизга вақт тушунтириб беради. Мени қайғули ёзишимга сабаб бўлган туйғу – бу Ватанга бўлган муҳаббат туйғусидир. Ватани қулликда азоб чекаётганда шоир қайғули ёзишга мажбур. Вақти келиб, бор ҳақиқатни рўйи – рост англаб етганларингдан сўнг сизнинг ҳам ичингиз дарду – фарёдга тўлади. Шўх – шодон эмас, мунгли ва маъюс ёза бошлайсиз. Шунда сизларга қараб, изтиробга тўла ғам муборак бўлсин, бу саодат сизга муборак бўлсин, дейман!
Рауф Парфи оддий гапирарди. У ўртада туриб ҳаммага мурожаат қилаётган нотиққа эмас, ёнида турган суҳбатдошига, яъни бир кишига гапираётгандай гапирар, ўзини шундай тутарди. Сиз билмаган гапларни гапираяпман, деган маънодаги кибру-манманликдан, катталикдан мутлақо йироқ, хокисор ва бечораҳол, нажот истагандай заифгина турарди. У айтган гапларни мен ҳаётимда биринчи марта эшитишим, советнинг ғояси дунёдаги энг зўр ғоя, ва дунёда бошқа ғоя йўқ, “ғам – ғуссага не ҳожат” деб юрардим. Шу фикрларни шууримга илк бор солган экан, демак Рауф Парфи мен учун устоз мақомига кўтарилади. Ишонинг, ҳали 1991 йил 1- сентябригача ўн йил бор эли. Ва ҳали Истиқлол деган тушунча бизга, ўша ердаги талабаларнинг кўпчилигига мутлақо бегона  эди.
–    Биринчи шеърларингиз ҳам қайғули эдими?
–    Қайғу одамни руҳан поклайди. Қайғуролган одам, дардли одамга, хаста одамга, ночор – нотовон одамга дарддош,  маслакдош,  елкадош бўлаоладиган одамдир. Бизнинг босқинчиларга кучимиз етмайди, шунинг учун ғамгинмиз. Биз зўравоннинг юзига мушт тушираолмаймиз. Шунинг учун ғамгинмиз. Исёнимизни фақат ғам, алам ва изтироб орқали ошкор этаоламиз. Бу бизнинг авлод чекига тушган қисмат бўлди.
Урушдан ҳорғин ва толиқиб қайтган кишиларни қаддини руҳан тиклаш учун 50-йиллар авлоди ҳайбаракаллачилик руҳида ижод қилди. Замон анча ўзига келиб қолган 60-йилларда, бу “ҳайбаракаллачилик” руҳи анча сусайиб, ўзлигимизни таниш ҳиссиёти, ўзбеклигимизни улуғлаш ҳиссиёти пайдо бўла бошлади. Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Юсуф Шомансур, Хайриддин Салоҳ, Чўлпон Эргаш шеърлари бунга мисол. 70-йиллар авлодида эса ўзлигимиз учун курашиш, ғалаён кўтариш, ички бир исёнга тайёрланиш даври бошланди. Мен ҳам мана шу ижодий оқимнинг бир вакилиман.
Гулхан ловуллаб ёнарди. Болалар дамбадам шох-шаббалардан, ғўзапоялардан ташлаб туришар, олов остидаги қип – қизил чўғ, шамолда янада қизариб, гўзаллашиб кетар, ярқираб кўзни қувонтирарди. Мана орадан ўттиз йилдан ортиқ вақт ўтди. Мен негадир ҳамон ўша дамларни соғинаман. Ўша пахта далаларини, кечқурунлари ёқиладиган гулханларни, суҳбатларни, оловқалб курсдошларни. У кунларнинг гашти, файзи бўлакча эди.
–    Қайси шоирларни яхши кўрасиз? – деди талабалардан бири, даврага бир қадам чиқиб.
–    Ўзбек адабиётида 20-йиллар ижод қилган, классик адабиётимизни жаҳон адабиёти билан боғлаб ижод қилган Чўлпон, Фитрат, Сўфизода, Усмон Носир сингари шоирларни яхши кўраман. Нозим Хикматнинг “Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, қандай қилиб қоронғуликлар ёруғликка чиқар”, сингари мисраларини яхши кўраман!
 
Мен йўқсил не бўлиб уни суйибмен,
Унинг чун ёнибмен, ёниб куйибман,
Бошимни зўр ишга букиб қўйибмен,
Мен суйиб, мен суйиб, кимни суйибмен,
Мен суйган суюкли, шунчалар гўзал
Ойданда гўзалдир, кунданда гўзал, – дея буюк шеърлар ёзган Чўлпонни яхши кўраман.
Маяковскийнинг Россия инқилобида ўрни қанча бўлса, Нозим Хикматнинг Осиёдаги туркий миллатларни уйғотиш борасидаги ўрни шунчадир. ХХ асрда туркий халқлар ичида буюк шоирлар борлигини Нозим Хикмат бутун дунёга исботлаб берди. Шоир – халқни озодликка бўлган интилиш кучини, мустамлакачиликка нисбатан нафрат кучини, диёрига бўлган муҳаббат кучини ўзида қанчалик жамлай олса, шунчалик кучли ва забардаст бўлади. Унинг иқтидори мана шу қувватдан куч олади.
Ўша пайтларда менинг ён дафтарим бўларди. Ҳар доим ўзим билан олиб юрардим. Тушлик пайтидами, ғўзапоялар орасидами, бирор жўяк ёнидами хилватроқ жой топилиб қолса, бир – икки қатор шеър ёзиб қўярдим. Гоҳида кечалари ёзганимдан, чизиқларни кўролмас, шеър мисралари ҳар томонга йўрғалаб кетганини эртаси куни, дафтарни ёриққа олганимда кўрардим.
Шу дафтарчамни олдим-да, дарҳол Чўлпон, Фитрат деган номларни ёзиб қўйдим. Бу номларни биринчи эшитишим ва улар менга жуда сирли, маҳобатли ва мутлақо бошқа мўъжизакор оламнинг султонларидай туюлаётганди, кутилмаган бахт пешонамга қўнгандай эсанкирардим.
–    Ёшлар шеъриятига қандай қарайсиз? Кучлилари борми? – деди ёш шоирлардан бири қўл кўтариб. Бу саволнинг берилиши бежиз эмасди. Биз билан ўқийдиган кўпгина хаваскор шоирлар ҳали тузук – қуруқ тўрт қатор шеър ёзмасдан, ўзларини салкам Абдулла Орипов қаторида кўришарди. Бу саволни беришларига сабаб, мана биз ҳам бормиз-ку, нега биз ҳақимизда гапирмайсиз қабилидаги илмоқли савол эди бу.
–    Яхши қарайман – деди Рауф ака.
  Афтидан кўп гапираётганлиги учун ноқулай сезаётганди ўзини. Негадир менга шундай туюлаётганди. Биз Рауф Парфи билан 2005- йил 29-мартгача жуда кўп учрашдик. Ўша кунги туйғу мени алдамаган экан. Рауф ака ҳар доим қисқа ва кам гапирарди. Жиддий саволга, ҳазиломуз жавоб қайтарар, жавобида албатта бирор ташбеҳ бўлар ва жавоб ҳеч ким, ҳеч қаерда эшитмаган  жавоб бўларди. – Кучлилари ҳам, кучаяётганлари, кучанаяётганлари ҳам бор. Лекин ҳозирги ёшларда ҳавойи, баландпарвоз, ялтироқликка мойил шеърлар кўп. Бадиий жиҳатдан баркамол бўлишига қарамай, бу шеърларнинг юраги, миллати, тили йўқ. Инкубатордан чиқаётган шеърларга ўхшайди.
–    Жаҳон адабиётининг мақсади нима? Адабиёт инсониятга нима учун керак? – деди юқори курс талабаларидан бири. Афтидан улар Рауф Парфини яхши билишар ва яхши кўришар ва Рауф Парфини “эталон” сифатида қабул қилишарди.
–    Миллий асосда туриб, умуминсоний қадриятларни улуғлаш. Дунёдаги барча миллатлар тенг, барча тиллар бир хил мавқега эга, барча халқлар учун имтиёз бир хил берилишини таъкидлашдир. Бугун бизнинг миллат бошқа миллатлар билан тенгми? Бугун бизда тил эркинлиги борми? Бугун бизда сўз эркинлиги борми? Бугун биз кимга қараммиз? Адабиёт шу саволларимизга жавоб топиб беради. Жаҳон адабиёти эса жаҳонга йўл очиб беради. Жаҳон адабиётини мақсади бизни чуқурликдан тортиб олишдир.
Бағримда ғилдирар темирчил ҳаёт,
Изғитқи чивғинда чидамдир бошим.
Фақат сен уйқучан томирим уйғот,
Қизимнинг қўлига куч бер, Қуёшим.
 
  Рауф ака яна бир қанча шеърлар ўқиди. Афтидан гапиришдан кўра шеър ўқиш Рауф акага маъқулроқ эди. Лекин талабалар савол бергилари келар,  кўндаланг тўсиқларга  ечим топишни исташарди.
–    Рауф ака, нима деб ўйлайсиз, қизлар ҳам севадими?
Бизнинг курсимизга негадир уялчанг болалар йиғилишганди. Улар ҳаммаси қизлар ҳеч қачон севмайди, фақат уларни севиш керак. Кейин улар ташлаб кетаверишади, одат шу, таомил шу деб ҳисоблашар, қизларга бағишлаб жуда кўп шеърлар ёзишар ва улардан ҳеч қачон жавоб кутишмасди.
–    Уларни ўзингизга ишонтира билсангиз, улар ҳам севишади. Улар севиши учун инсонда катта билим, катта маънавий қудрат бўлиши керак. Аёл сизни севса, аёл сизга ишонса бутун борлиғи билан, фидойи бўлиб севади. Аёл учун ўз севгилисига, оиласига, турмуш ўртоғига муҳаббат – Ватанига бўлган муҳаббатдир.
Аёлнинг эркакка муҳаббати, эркакнинг аёлга муҳаббатидан кучлироқ бўлади.
–    Ҳаяжоннинг ҳеч қандай қолипи бўлмайди. Шундай экан шеърга қолипнинг – қофия, туроқнинг, вазннинг нима кераги бор? – савол берувчилар, сони яна кўпайиб кетган, улар тизилишиб, қўл кўтариб туришарди.
–    Синиқ стаканда сув турмайди – деди Рауф ака қисқа қилиб.
–    Сарбаст “бармоқ”нинг синдирилгани эмасми?
–    Сарбаст “бармоқ”нинг синдирилгани. Лекин шаклни бузиш учун, авваломбор тузишни ўрганиш керак. Қолипга солинган шеърда яширин куч, сеҳр, ҳикмат бор. Навоий бобомиз бекорга шеърни шаклга солмаганлар. Сўз қанча сайқаланса, шунча жарангдор ва мазмундор бўлаверади. Шакл, яъни қолип шеърга жалб этувчи оҳанграбо майдонини ҳосил қилади. Йиллар ўтиб, шеърнинг нима эканлигини тушунган сари, шеърият оламига тобора яқинроқ кириб борган сари, бу ҳақиқатни яққолроқ ҳис этаяпман. Сарбастда, кейинги йиллар деярли ёзмаяпман. Яқинда менга бир ёш шоир ўзининг шеърларини олиб келди. Афсуски, буларнинг биронтаси шеър эмас. Ҳаммаси, бор йўғи шеър учун хом – ашъё: Ишлаш керак. Ҳар бир сўз, ҳар бир жумла устида ишлаш керак. Шоирда шеърга, шаклга ҳурмат йўқ. Уларнинг шеъри – на бармоқ, на сарбаст ва на хаказо.
На бирор етарли ташбеҳ, охиригача ўйланган фикр, бирор мантиқ бор унинг шеърларида. Бари чала туйғулардан иборат, сўзлар жамланмаси. Агар, унга менинг маслаҳатим зарур бўлса, лозим бўлса, жоиз бўлса, икки йил давомида бармоқ вазнида машқ қилиб кўрса, қофия нима эканлигини, туроқ нима эканлигини англаса, мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки, “бармоқ”ни яхши тушунмай туриб, эркин шеър ёзмоқ мушкул иш. Бу одам анатомиясини ўрганмай туриб, одамнинг расмини чизишдай, мушкул.
Шеър – фақат ташбеҳ эмас, оҳангга қурилган, ички тартиб интизоми мустаҳкам сўз – иморати. Буни ҳеч қачон унутмаслик керак.
Берилаётган саволлар турлича эди. Рауф Парфини оддий “совет” шоирларидан бири деб ўйлаётганлар, гапираётган гапини тушунмаётганлар ҳам йўқ эмасди. Ўшалардан бири, ўшанда қуйидаги  саволни берганди:
–    Мен, яқинда Авғонистонда хизмат қилиб қайтдим. Ҳарбий имтиёзим бор. Лекин марказий матбуот негадир ёзган шеърларимни нашр қилмаяпти. Жон олиб, жон бериб келганимни уларга тушунтириб қўя олмайсизми?
–    Йўқ, тушунтириб қўёлмайман. Жангда қон тўкканингизнинг адабиётга ҳеч қандай дахли  йўқ. Ҳоҳ аскар бўлинг, ҳоҳ генерал бўлинг, ёмон шеър ёзсангиз, адабиёт қўрғонини пушка отиб ҳам бузолмайсиз, ракета билан уриб ҳам ичкарига киролмайсиз. Ичкарига кириш учун фақат яхши шеър ёзиш керак. Яхши шеъргина ичкарига кириш учун рухсатнома ўрнида ўтади. Аммо бизнинг, шеъриятимиз дарвозаси олдида, ёмон шеърни ичкарига киргизувчи, яхши шеърни йўлига тўсиқ бўлган, генераллар турибди. Улар яхши шеърни каллаклашаяпти.
–    Бир шеъримнинг, қаранг, боши йўқ,
Кесилган-ку, қаранг, оёғи –
Муҳаррирга боқдим, кўзим лўқ –
Ахир қандай бўлур у ёғи?!
 
–    Тилингни тий –деди муҳаррир, –
Яхшиликни билмаган ҳамак.
–    Кечирингиз... лекин кўп оғир
–    Ёлғиз қорин билан яшамак.
 
Рауф Парфи шеърни мароқ билан ўқиди. Гулхан шуъласи кўзойнаги шишасида жилваланарди.
Юзидаги табассумга қараганда хуш кайфиятда эканлиги, талабалардан мамнунлиги кўринарди.
–    Ёш шоирлар авваломбор нималарга амал қилиш керак?
Кун кеч бўлиб қолган эса-да, ҳеч кимнинг тарқагиси келмасди. Қаердандир тинмай вағиллаётган пахта тозаловчи вараҳанинг асабни ўйнатувчи беўхшов шовқинини айтмаганда муздеккина сокин тун, оппоқ зиё сочаётган Ой ҳукмрон эди.
–    Ҳар ким ўз дардини, ўзига нима кераклигини ўзи яхши билади. Ҳаваскор шоир ҳам, худди касал одамга ўхшайди. Ўзини тузатиш учун изланади, ахтаради, уқувсизлигига қарши шифо излайди. Ва ниҳоят топади. Агар у ўзига нима кераклигини ўзи билмаса, демак у шоир эмас. Яъни шоир бўлишни истаётган одам албатта нималарга амал қилиши кераклигини ўзи яхши билади. Орангизда ҳаваскор шоирлар кўп. Марҳамат, энди навбат сизларга. Энди сизлар ўқийсизлар, мен эшитаман.
Шундан кейин болалар бирин – кетин чиқиб шеър ўқий бошлади. Мен Рауф акани ҳамон кузатиб ўтирардим. Рауф ака, болаларнинг қўлида қолган, савол ёзилган қоғозларни йиғиб, – Уйда ўқиб кўраман, сизларни нима қизиқтиришини билиш, мен учун муҳим – деди. Ва қоғозларни бирма – бир буклаб, ён чўнтакларига сола бошлади. Баъзилар, ёнларидан Рауф аканинг китобини чиқариб, дастхат ёздириб олдилар. Дастхат олаётганлар кўзимга дунёдаги энг бахтли болалар бўлиб кўринарди. Менга эса, ҳатто китобни ушлаб кўришга ҳам беришмасди.
Кейин, тун ярмидан оққанда Рауф ака кетди. Рауф ака билан биринчи учрашувим мана шундай бўлиб ўтганди. Кейин, Рауф ака билан кўп маротаба кўришдим. 80-йилларда шоирлар тез – тез кўришишар, битта шеър устида тонггача баҳслашиб, ёқалашиб чиқарди. Ҳеч ким бир-бирини тан олмасада, бир – бирини ёзганини ҳеч ким ўқимай қўймас, қаердан бўлса ҳам топиб ўқир, ва албатта ўз фикрларини билдирар, танқид қилар, таҳлил қилар, яхши ёзилган шеър бўлса ёд олар, ёққан жойларини бир – бирига ўқиб берар ва шундан ҳузурланишарди. Рауф ака ҳамиша шу давралар марказида бўлар, баҳслардан, мунозаралардан, тортишувлардан, суҳбатлардан чарчамас, худди ўзига касб қилиб олгандай, деҳқон ҳар йили қовун – тарвуз ётиштиргандай, бу давраларга ҳар йили янги – янги шоирлар кириб келаверар, шу сабаб, 80-90, 2000  йилларда шеъриятда бирор ёш шоир йўқки, Рауф Парфи суҳбатидан баҳраманд бўлмаган бўлса. Унинг оҳанграбосидан таъсирланмаган  бўлса. Ҳамма, у ёки бу даражада Рауф Парфи дунёқарашидан, шеъриятидан таъсирланган, баҳраманд бўлган, улғайиши учун ўзига керакли маънавий озуқа олган. Унинг таъсирига тушмаганларнинг эса бирортаси улғайгани йўқ. Уларнинг бари ном – нишонсиз йўқ бўлиб кетди. Бирортаси шоир сифатида шаклланмади.
Дунёда энг осон нарса Рауф Парфи билан учрашиш эди. Манманлик, кибр Рауф акада мутлақо йўқ эди. Рауф ака, йиқилганларнинг, хўрланганларнинг, очларнинг, камбағалларнинг, иши юришмаганларнинг, омадсизларнинг, муҳтожларнинг, бечораларнинг, заифларнинг, ожизларнинг дўсти эди. Бойлар, мансабдорлар, ғўддайганлар билан гаплашолмас, улардан ўзини узоқ тутар, ҳеч яқинлашмасди.
Ўзбек адабиётида бирор шоирнинг шогирди, Рауф Парфининг шогирдидан кўп эмас. Агар бошқа шоирларнинг шогирди ўнта бўлса, Рауф аканинг шогирди юзта эди.
Рауф Парфи ўзбек адабиётининг – Гамлети!
Гамлетнинг отаси ўлгач, онаси отасининг қотилига тегиб, турмуш қуриб яшай бошлайди. Гамлет ҳам отадан айрилади, ҳам тахтдан. Она эса, қотил билан шодонликда кун кечирар, Гамлет ҳар кун, “ўлмоқ ё қолмоқ” дея инграниб ҳаёт кечиради.
Рауф ака учун ҳам ҳаёт шундай эди. Севган Ватани мустамлакачилар қўлида асир, ватандошлар эса, мустабид, қотил шоҳ қўлида, ҳеч нарсадан бехабар шод – хуррам ҳаёт кечирмоқда эди.
Рауф аканинг туну – кун инграб айтадиган сўзлари шу эди, “ўлмоқ ё қолмоқ”.
Ишончим комилки, шоирнинг машаққатли ҳаёт йўли ҳақида ҳали кўп хотира китоблар, мемуарлар, эсдаликлар ёзилади. Балки ҳужжатли филъм, фотоалъбом тайёрланар. Мен ҳам, Рауф ака билан биринчи учрашувимизни ёздим. Бу ёзганим кейингиларининг дебочаси бўлади деб ўйлайман. Уларни сизларга етказиш ҳам қарз, ҳам фарз. Буюк ўзбек шоирининг сўзлари –мендаги омонатлари эди, холос.
Дунёдаги энг ёмон нарса маънавий кўрликдир. Рауф Парфи бизнинг маънавий кўзимизни очган, бизга тўғри йўлни кўрсатган шоирдир. Биз, ҳали ҳамон ўша йўлдан кетиб бормоқдамиз. Адабиётда нимаики топган бўлсак, Рауф ака кўрсатган йўлдан топганмиз. Нимаики топмаган бўлсак, Рауф ака кўрсатган йўлдан юрмаганимиз учун, топмаганмиз. Рауф акани унутганлар албатта яна маънавий кўр бўлишга маҳкумдирлар.
Рауф ака оламдан ўтгач адабиётимизда бутун бир давр алмашгандай, жуда бир катта адабиётнинг эшиги тақа – тақ ёпилиб, гиёҳ унмаган теп – текис қўриқ ерда қолиб кетгандай бўлди. Ҳар куни кўришиб турадиган шоирлар, на ойда, на йилда бир кўришади. Янги шеър ёзса, бирови – бировиникига югурадиган қадрдонлар, китоб чиқарса ҳам, роман ёзса ҳам бир – биридан бехабар. Шоир шоирни кўрса эснайдиган, тезроқ нари кетсайди, қаердан ҳам учратдим дегандай қўл учида кўришадиган бўлди. Буларнинг бари шеъриятга эҳтиромнинг йўқолиб бораётганидан. Шеъриятга эҳтиром кучли бўлса, шоирнинг – шоирга ҳурмати албатта юқори бўлади.
Энди бизни бу фалокатдан Рауф Парфи сингари шеъриятни севиш, Рауф Парфи сингари Ватанни севиш, Рауф Парфи сингари бу йўлда фидоийлик қилишгина қутқариб қолаолади. Адабиётнинг ёғини еб қутурганлар, бойиганлар, адабиётнинг бўйнига миниб, ҳар ёққа судраган, мансабдорлар, адабиётни сотиб, шарманда қилиб, эвазига унвон олганлар ҳисобига эмас, адабиётга жонини фидо қилганлар, ҳаёт йўлини бағишлаганлар, эвазига ҳеч нарса таъма қилмаганлар, адабиёт заҳматини чекиб ўлишни ўзига шараф деб билганлар ҳисобига адабиёт тирик ва абадийдир.
Рауф ака!  Сизнинг бу йўлда ёққан машъалангиз, токи Ер юзида ўзбек шеъриятининг ақлли битта муҳлиси бор экан, мафтункор ўзбек тилида сўзлашувчи бирор зот бор экан, албатта аланга сочиб туражак, муҳтарам устоз! Илоё жойингиз жаннатдан бўлсин, қабрингиз нурга тўлсин!
Муҳаммад ИСМОИЛ

Биз Twitterда