Сарвиноз Қурбонбоева – халқаро гроссмейстер!

Article
Халқаро шахмат федерацияси – ФИДЕ иқтидорли шахматчимиз Сарвиноз Қурбонбоевага халқаро гроссмейстер унвони берилганини эълон қилди. 
Сарвиноз 2008 йили Эронда ва 2009 йили Ҳиндистонда ўтган Осиё чемпионатларида кумуш ва бронза медалларга сазовор бўлди. 2010 йилда С.Қурбонбоева спортда ва ўқишда эришган катта муваффақиятлари учун Зулфия номидаги Давлат мукофоти ҳамда “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан тақдирланган. 

2011 йили Малайзияда ўтказилган халқаро турнирда биринчи ўринни эгаллади. 2012 йили Тошкентда 20 ёшгача қизлар ўртасидаги Осиё чемпионатида кумуш медаль, 2013 йили Бирлашган Араб Амирликларининг Шаржа шаҳрида 20 ёшгача бўлган шахматчилар ўртасидаги Осиё чемпионати доирасида ўтказилган блиц-турнирда бронза медални қўлга киритди. Кўплаб йирик халқаро турнирларда совринли ўринларни эгаллади. 2014 йили халқаро спорт устаси меъёрини бажарди. 2016 йили Ўзбекистон хотин-қизлар терма жамоаси сафида Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида ўтказилган “Осиё миллатлар кубоги – 2016” халқаро турнирида муваффақиятли қатнашиб, кумуш медалга сазовор бўлди. 
Сарвиноз Қурбонбоева учун 2017 йил ҳам омадли бўлмоқда. Халқаро шахмат федерацияси ўзбек қизига халқаро гроссмейстер унвонини берди. 
– Бу унвон мамлакатимизда ёшларни баркамол этиб тарбиялаш, истеъдод ва қобилият эгаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган доимий эътибор ва ғамхўрликнинг халқаро спорт ҳамжамияти томонидан кенг эътирофи, деб биламан, – дейди Сарвиноз Қурбонбоева. – Биз, ўзбек ёшлари ҳар қандай соҳада энг юқори чўққиларни забт этишга қодирмиз. Бунинг учун имконият ва шароит бисёр. Халқаро гроссмейстер унвони мени келгусида нуфузли мусобақаларда янада юқори натижаларга эришишга илҳомлантиради. 

Биз Twitterда