Раҳмат сизга, қадрли ўзбекистонлик дўстлар!

Article
Ўзбекистон қор кўчкиларидан жабр кўрган тожик халқига 7 март куни инсонпарварлик ёрдами юборгани ҳақида ёзган эдик. «Жаҳон» ахборот агентлиги хабарига кўра, ёрдам юклари Душанбега етиб келганидан сўнг, икки давлат расмийлари иштирокида журналистлар учун брифинг ташкил этилган.
Унда сўзга чиққан Тожикистон Фавқулодда вазиятлар бўйича қўмитаси раиси Рустам Назарзоданинг таъкидлашича, Тожикистон раҳбарияти мамлакатнинг табиий офатдан зарар кўрган ҳудудларига ёрдам беришни сўраб қатор давлатлар ва халқаро ташкилотларга мурожаат қилган. Ўзбекистон мазкур илтимосга биринчилардан бўлиб жавоб бериб, ўз қўшнисига ёрдам қўлини чўзди.  
"Тожикистон ҳукумати номидан ўз вақтида кўрсатилган ёрдам учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорчилик билдираман. Инсонпарварлик ёрдамининг Тожикистонга ўз вақтида етиб келишини таъминлаган Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва бошқа идораларининг аъло даражадаги фаолияти эътиборга молик. Раҳмат сизга, қадрли ўзбекистонлик дўстлар!" - дейди Назарзода.

Биз Twitterда